Арманистон қочқинларни қабул қилади
Тоғли Қорабоғни тарк этишни истовчи оилалар Россия тинчликпарвар кучлари ҳамроҳлигида Арманистонга жўнатилади.
Озарбайжоннинг ҳарбий ҳаракатлари натижасида бошпанасиз қолган ва Тоғли Қорабоғни тарк этишни истовчи оилалар Россия тинчликпарвар кучлари ҳамроҳлигида Арманистонга жўнатилади, дея маълум қилмоқда Тоғли Қорабоғдаги армани маъмурияти вакиллари.
Тез орада маъмурият аҳолининг Арманистонга кўчириладиган бошқа гуруҳларига доир маълумотларни ҳам эълон қилмоқчи.
Бугун 23 та тез тиббий ёрдам машинаси мутахассислар ва Қизил хоч ташкилоти ходимлари кузатувида Тоғли Қорабоғдан оғир яраланган 23 кишини Арманистонга олиб кетади.
Озарбайжон армиясининг 19-20 сентябрдаги ҳарбий амалиёти натижасида 8 мингдан ортиқ киши ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлди.
Аввалроқ Арманистон бош вазири Никол Пашинян Қорабоғ арманиларини эвакуация қилиш масаласи унинг ҳукумати учун “А” ёки ҳатто “В” режа ҳам эмаслигини, нари борса “С” режа бўлишини айтган эди. Бош вазирга кўра, Арманистон Тоғли Қорабоғни армани аҳолисиз қолдириш сиёсатини юритмоқчи эмас. Айни чоғда у Тоғли Қорабоғ аҳолисининг Арманистонга кўчириб келишини истамаслиги ҳақидаги иддаоларга раддия берди.
Арман мухолифати норозилик акциясини бошлади
Арманистон мухолифати 25 сентябрь соат 8 дан бошлаб мамлакатда бўйсунмаслик акциялари бошланиши тўғрисида эълон қилди.
“Биз шаҳарни фалаж аҳволга келтирамиз. Бутун Арманистон уч кун фалажликда бўлади”, - деб айтди Ереванда олти кундан бери давом этаётган митингда Миллий қўмита аъзоси Вазген Манукян.
Мухолифат Тоғли Қорабоғ тўлиқ Озарбайжон назорати остига ўтганидан бери бош вазир Никол Пашинян истеъфосини талаб қилиб, митинглар ўтказмоқда.
Владимир Зеленский: Украина АҚШ билан биргаликда қурол ишлаб чиқаришга келишиб олди
Владимир Зеленский кечаги видеомурожаатида Украина АҚШ билан биргаликда қурол ишлаб чиқаришга келишиб олганини айтди.
"АҚШ билан биргаликда қурол-яроғ, жумладан ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини ишлаб чиқариш бўйича тарихий келишувга эришдик. Бу яқин-яқин вақтгача мутлақ имконсиз эди. Лекин энди бу ҳақиқатга айланади. Биз буни ҳақиқатга айлантирамиз", деди Украина президенти.
Зеленский келишув Украина ўзини ҳимоя қилиши учун муҳим бўлган ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини ишлаб чиқаришни ўз ичига олганини қўшимча қилди.
Зеленский шунингдек, Украина кучларини уч ойлик қарши ҳужум иккала йўналишда ҳам муваффақиятли кетаётгани учун мақтади.
Кеча тунда Россия Одессага дрон ва ракеталар билан ҳужум қилди
Вилоят раҳбари Олег Кипер Одесса порти яқинида бир киши жароҳатланган ва инфратузилмага зарар етганини билдирди.
Украиналик депутат Олексий Гончаренко ҳужум оқибатида порт инфратузилмаси, ғалла омборига ва меҳмонхона сифатида фойдаланилаётган бинога зарар етганини айтди. Одессанинг “Кемпински Одесса” отели ҳам ракета зарбаларидан вайрон бўлгани акс этган суратлар тарқалди.
Украина Фавқулодда вазиятлар хизмати ўт ўчирувчилар ёнғинни бартараф этаётгани акс этган видеони эълон қилди.