Украина Россиянинг Қора денгиз флоти раҳбари ўлдирилганини тасдиқлади
22 сентябр куни эрталаб Украина армияси аннексия қилинган Севастополдаги Россия Қора денгиз флоти штаб-квартирасига ракета ҳужумини уюштирганди. Украина Қуролли кучларининг махсус операциялар кучлари аннексия қилинган Севастополдаги Россия Қора денгиз флоти қўмондони йўқ қилинганини эълон қилди.
"Қора денгиз флоти штаб-квартираси зарбага учрагач, 34 офицер ҳалок бўлди, улар орасида Россия Қора денгиз флоти қўмондони ҳам бор. Яна 105 нафар россиялик яраланган. Бош қароргоҳ биноси тиклаб бўлмайдиган ҳолатда", дейилади расмий хабарди.
Украина идораси хабарида қўмондоннинг исми тилга олинмаган. Бироқ, маълумки, флот қўмондони вазифасини бажарувчи адмирал Виктор Соколов бу лавозимга 2022 йил августида тайинланган.
Норасмий малумотларга кўра, ҳужум Британиянинг “Storm Shadow” ракеталари ёрдамида амалга оширилган.
Хабарда шунингдек, 13 сентябрда Севастопол кемасозлик заводига ракета ҳужуми натижаларига изоҳ берилди. Ўшанда йирик “Минск” десант кемаси ва Россия ҳарбий-денгиз кучларининг “Ростов-Дон” сув ости кемаси жиддий зарар кўрганди.
Россия томони бу хабарларга изоҳ бермади
Россияга қайтаётган тобутлар
Интернет тармоғида пайдо бўлган бу кадрларда эса Россия авиацияси Украинада урушда нобуд бўлган рус аскарларини тобутларда уйларига қайтармоқда.
Россия Измаил тумани порт инфратузилмасига ракета зарбаларини берди
Тунда рус қўшинлари Руминия билан чегарадош Измаил тумани порт инфратузилмасига ракета зарбалари берди. Ҳужум натижасида назорат-ўтказиш пункти биноси, омборлар, 30 га яқин юк машинаси зарар кўрган, олтита юк машинаси ёниб кетган.
Украина ББC хизматининг Давлат чегара хизмати кейинчалик Руминия билан чегарадаги Орловка паром назорат-ўтказиш пункти бомбардимон натижасида вайрон бўлгани, унинг иши тўхтатилгани ҳақида хабар берди. Чегарани кесиб ўтиш учун Рени автомобил назорат пунктидан фойдаланиш тавсия этилади.
Интернетга жойланган бу видеода Украинадаги портлашларни Руминия чегарасидан кўриш мумкин эди. Руминия чегара полицияси сешанба куни берган баёнотида, Украина томонига қилинган ҳужумлар туфайли Тулcеа округи Исакчи шаҳридаги Дунайдан ўтиш жойи орқали ҳаракат ёпилганини билдирди.
Абрамс танклари Украинага етиб келди
Украина президенти Владимир Зеленский Абрамс танкларининг илк партияси Украинага етиб келгани ва тез орада фронтга жойлаштирилишини тасдиқлади.
«Бугун Мудофаа вазири Рустем Умеров муҳим ҳисобот эълон қилди. Америкадан биринчи Абрамс танклари Украинага етиб келди. Биз танкларни босқинчиларга қарши ҳаракатларимизни кучайтириш ҳозирлаяпмиз. Бу муҳим мустаҳкамловчи омил бўлади. Қолаверса, Ф-16 самолётлари ва узоқ масофали ракеталар сингари ўзимизга керак бўлган бошқа қуролларни олиш устида ҳам ишлаяпдамиз. Учувчилар ва инфратузилмани тайёрлаш давом этмоқда. Украина ҳудудларини озод қилиш учун қўлимиздан келган барча ишни қиламиз. Худди шу нарса ҳаво мудофаасига ҳам тегишли. Мамлакатимизнинг бутун ҳудудини қамраб олиш учун бизга ҳозиргидан кўра кўпроқ мудофаа тизимлари керак», деди Владимир Зеленский.