Россиянинг Украинага янги ракета ва дрон ҳужумлари
3 октябрга ўтар кечаси Россия қўшинлари Украинага “Шаҳед” учоқлари ва “Искандер-К” қанотли ракетаси билан ҳужум қилди, деб хабар берди Украина Ҳарбий-ҳаво кучлари.
Украина ҳарбийларига кўра, Россия дрон ва ракетани аннексия қилинган Қрим ҳудудидан учирган. Ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Шаҳед типидаги 29 та дрон ва битта “Искандер-К” қанотли ракетасини йўқ қилганини хабар қилди.
Днепрда вайроналарнинг қулаши натижасида хусусий корхона, гараж ва автомобил ёниб кетди, ёнғин ўчирилди. Павлоградда дрон саноат корхонасига бориб урилган ва у ерга бошқа дрон қолдиқлари учиб кетган
Токмакка Украина ҚК ҳужуми
Украина ҳарбий дрони 3 октябр, сешанба куни Запорожье вилоятидаги Токмак шаҳридан жанубда рус техникаси ёнаётгани акс этган видеони эълон қилди.
Журналистлар видео Россия томонидан босиб олинган Токмак шаҳридан 20 км жануби-шарқда жойлашган Свитле аҳоли пункти яқинида олинганини аниқлади.
Токмакнинг қўлга олиниши муҳим воқеа бўлади, чунки Украина қўшинлари Азов денгизига чиқишга ва Қрим таъминотини Россиядан ажратиб олишга имкон яратади.
Айни дамда Россия қўшинлари Токмак мудофаасини мустаҳкамламоқда ва Запороже вилоятидаги Бердянск йўналишида янги истеҳкомлар чизиғини қурмоқда.
Арманистон парламенти Халқаро жиноий суднинг (ХЖС) Рим статутини ратификация қилди.
Ратификация лойиҳаси 1998 йил 17 июлда имзоланган, аммо 2004 йилда Арманистон Конституциявий суди низомни Конституцияга зид деб эълон қилганди. 16 йилдан сўнг, 2020 йилда Арманистон ҳукумати Тоғли Қорабоғдаги урушдан кейин ратификация лойиҳасини муҳокама қилишга қайтди. 2021 йил 10 майдан бошлаб ХЖС юрисдикциясини тан олиш таклиф қилинмоқда.
Ушбу ратификация Россия билан муносабатларнинг таранглашиши ва Арманистоннинг Ғарб мамлакатлари, хусусан Украина билан яқинлашиши манзарасида содир бўлмоқда.
Арманистоннинг халқаро ҳуқуқий масалалар бўйича вакили Егише Киракосян ратификация қилиш зарурати 2022 йил сентябр ойида Озарбайжоннинг Арманистонга қарши кенг кўламли тажовузкорлиги, шунингдек, “Арманистон ҳудудида содир этилган бир қатор қўпол ҳарбий жиноятлар” билан боғлиқлигини айтди.
Рим статутининг шартларига кўра, Арманистон Путинни мамлакатга ташриф буюрган тақдирда ҳибсга олиши мумкин. Бироқ, аввалроқ Киракосян ҳибсга олиш масаласи "мантиқсиз", чунки "мамлакатлар раҳбарлари иммунитетга эга", деб айтган эди. Сентябр ойи бошида Россия Ташқи ишлар вазирлиги Арманистон элчисини чақириб, Арманистонга “нодўстона қадамлари” туфайли “қаттиқ огоҳлантириш” берганди.
Германия Украинага навбатдаги ҳарбий ёрдам пакетини эълон қилди
Бу ҳақда Германия ҳукумати сайтида хабар берилди.
Унга 14 та Bandvagn 206 зирҳланган транспортери, Biber кўприги ётқизиш машинаси, 2 та WiSENT 1 MC муҳандислик машинаси, тягачлари ва тиркама, 21 та чегара қўриқлаш машинаси, Леопард танклари учун радиостанциялар, 99 та сунъий йулдош алоқа терминаллари, Vektor дронлари учун эҳтиёт қисмлар, бинокллар, гранатомётлар учун ўқ-дорилар, тиббий техника киритилди.
Вазирлар Маҳкамасининг аниқлик киритишича, янги пакетнинг бир қисми Бундесвер омборларидан амалга оширилади, қолгани Федерал ҳукуматнинг ҳамкорлари томонидан етказиб берилади.