Беларуслик "Илон Маск" ва Лукашенко
Белоруссиянинг ўз Илон Маски пайдо бўлган, кўринади.
Мана бу полковник Лукашенкога деярли ҳеч қандай маблағсиз Илон маскнинг Старлинк аналогини яратганни ҳақида хабар берди.
Видеога қараганда, алоқа воситасида Маскнинг технологияси билан ҳеч қандай умумийлик йўқ, лекин бу "Батька" учун навбатдаги қўғирчоқ ўйинга ўхшайди.
"Маск миллиардлаб доллар эвазига қилган нарсани сен деярли текинга яратдингми? Демак, бизга Маскнинг кераги йўқ?”, дея хулоса қилади Лукашенко.
Россия армияси Украина ҳудудига 36 та “Шаҳед” билан ҳужум қилди
Россия армияси сешанбага ўтар кечаси Украина ҳудудига 36 та зарбдор “Шаҳед” дронлари билан ҳужум қилди, дейилади Украина Ҳаво кучларининг эрталабки хабарномасида. Айтилишича, дронлар аннексия қилинган Қримдаги Чауда бурнидан учирилган.
Украина дронлардан 27 таси Одесса, Николаев ва Херсон вилоятлари осмонида уриб туширилганини маълум қилмоқда.
Тахминан бир пайтда Одесса вилояти ҳарбий маъмурияти бошлиғи Олег Кипер вилоят устида 23 та дрон уриб туширилганини, аммо бир нечтаси инфратузилма объектларига зарба беришга улгурганини билдирди. Ҳужумлар чоғида ҳечким жабрланмаган. Кипер аҳолини ҳаво тревогасига бефарқ бўлмасликка ва панагоҳларга яширинишга чақирган.
Украина Бош штабига кўра, ўтган суткада украин армияси душман позицияларига 10 та зарба берган. Россия эса душанба куни эълон қилган хабарномасида Чернигов вилоятидаги қурол омбори йўқ қилиниб, 11 йўналишда Украина ҳужумлари қайтарилганини иддао қилди.
Шунингдек, Херсон вилояти Россия қўшинлари томонидан мунтазам ўққа тутилаётгани айтилмоқда: Украина расмийларига кўра, бир сутка мобайнида вилоят ҳудудига 440 снаряд отилган. 10 октябрь тонггида Днепропетровск вилоятининг Никопол шаҳри ўққа тутилди.
Зеленский Россияни янги уруш ўчоғини яратишдан манфаатдорликда айблади
Украина президенти Владимир Зеленский Россия глобал ҳамжиҳатликни заифлаштириш учун Яқин Шарқда урушни авж олдиришдан манфаатдор эканини айтди.
"Биздаги мавжуд аниқ маълумотларга кўра, Россия Яқин Шарқда уруш қўзғатиб, глобал бирликни заифлаштирадиган, бўлинишларни келтириб чиқарадиган ва Европа эркинлигига раҳна соладиган янги уруш ўчоғини яратишдан манфаатдор. Биз рус пропагандачилари Исроилга ҳужумдан хурсанд бўлаётганини, Москванинг иттифоқчиси Эрон Исроилга ҳужум қилганларни очиқдан-очиқ қўллаб-қувватлаётганини кўриб турибмиз. Буларнинг барчаси ҳозирда дунёга тасаввур қилингандан ҳам каттароқ хавф туғдирмоқда. Олдинги жаҳон урушлари кўпинча маҳаллий тажовузлар билан бошланиб кетган. Биз бу таҳдидга қарши туриш учун зарур чора-тадбирларни тайёрлаяпмиз. Энг муҳими, максимал глобал бирлик зарурлигини тарғиб қиляпмиз”, деди Украина президенти.
Рамзан Қодиров Путинга Чеченистон Қахрамони олий унвонини топширди
Россия президенти Владимир Путин Чеченистоннинг олий мукофоти – Аҳмад Қодиров номидаги орден билан мукофотланди. Бу ҳақда Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров (марҳум Аҳмад Қодировнинг ўғли) маълум қилди.
Унинг ёзишича, Путинни Қодиров номидаги орден билан тақдирлаш тўғрисида фармон 2007 йилда имзоланган. Путинга мукофотни топширишга нима халал бергани очиқланмаган. Рамзан Қодировга кўра, “олий мукофотни беришга қулай фурсат ёхуд баҳона бўлмаган”. Ҳолбуки, аввалроқ Рамзан Қодиров ўзини, онасини, қизини, куёвини, жиянини ва бошқа қариндошлари ҳамда яқин мулозимларини ушбу орден билан мукофотлаган.
Кремл расмий сайти Путинга Қодиров номидаги орден топширилгани тўғрисида ҳануз хабар бермади. Расмий маълумотларга кўра, Қодиров Путин билан охирги марта 28 сентябрь куни шахсан учрашган. 7 октябрь – Путиннинг туғилган кунида у Россияда президент сайловини бекор қилишга ёки сайловда фақат битта – Путин номзодини қолдиришга чақирган эди.
Орден билан тақдирлаш ҳақидаги ушбу хабар Қуръонни ёқишда айбланаётган волгоградлик Никита Журавель устидан бўлаётган суд жараёни манзарасида эълон қилинмоқда. Журавелнинг ишини Чеченистонга топширишга Путин рухсат берган. Грозний шаҳридаги тергов ҳибсхонасида уни Қодировнинг 15 яшар ўғли Адам қаттиқ дўппослади. Ушбу воқеадан сўнг Адам Чеченистон Республикаси Қаҳрамони унвонини олди.