Эстония ҳукумати Россиянинг “музлатилган” активларини Украинага топширади
Эстония ҳукумати Россиянинг “музлатилган” активларидан Украинани тиклашда фойдаланишгадоир қонун лойиҳасини маъқуллади
Эндиликда қонун лойиҳасини Эстония парламенти кўриб чиқиши керак.
“Биз бундай қонун-қоидаларни ўрнатишда Европадаги бошқа мамлакатларга намуна ва ибрат бўлишимиз лозим. Россия уруш натижасида Украинага етказган бутун зарарни қоплаши шарт”, деди Эстония бош вазири Кая Каллас.
Ўз навбатида, Эстония ташқи ишлар вазири Маргус Цахкна ҳам Россия Украинага етказган зарар ўрни фақат бошқа мамлакатлар солиқ тўловчилари ҳисобидан қопланмаслиги кераклигини урғулади.
Бугунги кунда Эстонияда Россиянинг халқаро санкцияларга асосан музлатиб қўйилган қарийб 38 миллион евролик активлари мавжуд.
Россия Авдеевкани қуршовга олиш пайида
Украина Қуролли кучлари Бош штабининг шанба эрталабки ҳисоботида айтилишича, украина бўлинмалари кун давомида Авдеевка йўналишида душманнинг 20 га яқин ҳужумини қайтарган.
Қайд этилишича, сўнгги кунларда Россия армияси Авдеевка ҳудудида кўп сонли пиёда ва ҳаво кучларидан фойдаланган ҳолда ҳужумларни кучайтирган.
Умуман олганда, ҳисоботда айтилишича, Украина қўшинлари Украинанинг шарқи ва жанубида мудофаани ушлаб туришда давом этмоқда, бир вақтнинг ўзида Мелитопол ва Бахмут йўналишларида олдинга силжишга ҳаракат қилмоқда.
14 октабр куни Россия Мудофаа вазирлиги Қора денгиз устида Краснодар ўлкаси соҳиллари яқинида иккита дрон уриб туширилгани ҳақида хабар берди.
Аввалроқ Сочи ва унинг атрофидаги ҳудудлар аҳолиси портлашлар ҳақида гапириб, бир нечта видеоларни чоп этган эди.
Уларга кўра, Олимпия боғи яқинида ва ҳатто Сочи марказида портлаш овозлари эшитилган.
Россия қўшинлари Херсон вилоятининг Берислав шаҳрини яна ҳужумга тутди, бир аёл ҳалок бўлди.
Маҳаллий вилоят ҳарбий бошқармаси бошлиғи Александр Прокудиннинг айтишича, отишма 14 октабр куни эрталаб соат 6 ларда содир бўлган.
Хусусий уй вайрон бўлган, вайроналар остидан 60 ёшли маҳаллий фуқаро жасади топилган.
Украина қуролли кучлари Запорожье вилоятида муваффақиятга эришган.
Мелитопол мери Иван Федоровнинг айтишича, Украина Қуролли кучларининг 128-ҳужум бригадаси бўлинмалари танклар ёрдамида Россия бўлинмаларини Запорожье вилояти Копанов яқинидаги олдинга силжиш позицияларидан сиқиб чиқара олган.
НАТО бош котиби Йенс Столтенберг DW нашрига берган интервюсида Владимир Зеленскийнинг Яқин Шарқдаги можаро Ғарбни Украинадан чалғитиши мумкинлиги ҳақидаги сўзларига изоҳ берди:
Президент Зеленский НАТО штаб-квартирасида АҚШ бошчилигидаги Украина бўйича контакт гуруҳи доирасидаги йиғилишда иштирок этди. НАТО давлатлари эса, ҳа, биз дам олиш кунларида Исроилга қилинган террор ҳужумининг шафқатсизлигидан хавотирдамиз ва, албатта, ҳайратдамиз. Аммо бу бизнинг қобилиятимизни, тайёрлигимизни ва Украинани қўллаб-қувватлашни давом эттириш қароримизни бузмайди. Ва бу нафақат сўзда, балки амалда ҳам намоён бўлади. , деди Столтенберг.
Трамп тарафдори ва Украинага ёрдам кўрсатишга қарши сиёсатчи АҚШ Конгресси спикерлигига номзод
Трамп тарафдори ва Украинага ёрдам кўрсатишга қарши бўлган шахс АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери лавозимига номзод қилиб кўрсатилди.
Республикачи конгрессменлар АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери лавозимига бир неча бор Украинага ҳарбий ёрдамга қарши овоз берган Доналд Трамп тарафдори Жим Жордан номзодини илгари сурди.
АҚШ Конгрессининг қуйи палатаси 3 октабрдан бери спикерсиз қолмоқда,
Республикачилар партияси фракцияси бироз кўпчилик овоз билан Кевин МакКартини истеъфога чиқаришганди.
Спикерсиз Вакиллар палатаси боши берк кўчага кириб қолди, чунки Яқин Шарқда уруш авж олмоқда, Россия Украинага зарба беришда давом этмоқда. Ҳукумат Конгрессдан қўшимча маблағ олмасдан, 17 ноябрга қадар қисман молиясиз қолиши кутилмоқда.
Россия армияси Лиман ва Купянск йўналишларида фаол ҳужум бошлади
Бу ҳақда Украина ҚК Қуруқлик қўшинлари қўмондони генерал-полковник Александр Сирский маълум қилди.
“Сўнгги кунларда Купянск ва Лиман йўналишларида вазият хийла кескинлашди. Катта талафот кўрган душман икки ой ичида ўзини тиклаб, Луганск вилоятининг Макеевка туманида, сўнгра Купянск йўналишида қайтадан ҳужум бошлади. Оғир жанглар давом этмоқда”, деди генерал.
Сирский қўшимча қилишича, россияликлар ушбу ҳудудларда зирҳли техника кўмагида штурмчи гуруҳлар билан ҳар куни ўнлаб ҳужумлар уюштиришмоқда, миномёт ва артиллериядан сидирғасига ўт очишмоқда.
Украина армияси Қуруқлик қўшинлари қўмондони фикрича, Россия – мазкур ҳудудда мудофаада турган украин қўшинларини тор-мор этишни ва Купянскни қуршовга олиб, Оскол дарёси бўйидаги марраларга чиқишни мақсад қилган.