"Қозоғистон ҳукумати Россияга қарши санкциялар муносабати билан Россияга ҳеч қандай товар экспортини тақиқлагани йўқ"
Оммавий ахборот воситаларида Россияга 106 турдаги товарларни сотиш тақиқлангани ҳақида тарқалган маълумотни Қозоғистон Республикаси Савдо ва интеграция вазирлиги нотўғри талқин этилган деб расман эълон қилди.
Савдо вазирлиги хабарида, жумладан шундай дейилади:
“Қозоғистон ва Россия ўртасидаги савдо муносабатларини тартибга солиш Евроосиё иқтисодий иттифоқи тўғрисидаги шартнома қоидаларига тўлиқ мос келади. Россияга қарши санкциялар муносабати билан Россия Федерациясига бирон-бир товарни экспорт қилишга ҳеч қандай тақиқ қўйилмаган. Шу билан бирга, экспорт назорати остида бўлган "икки мақсадли" деб аталадиган товарлар савдоси Қозоғистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига мувофиқ амалга оширилишини таъкидлаймиз.”
Татаристонлик депутат Қодировнинг ўғли тақдирлангани масаласини савол остига қўйди
Татаристон Давлат кенгаши депутати, “Единая Россия” партияси аъзоси Азат Хамаев ҳудудий қонунчилик органи йиғилишида Чеченистон раҳбарининг ўғли Адам Қодиров 19 ёшли Никита Журавелни калтаклагани учун тақдирлангани масаласини кўтарди. “7х7” нашри унинг нутқидан парча келтирган. Бироқ кейин Хамаев ўз таъбирича “ҳиссиёт билан айтган сўзлари” учун узр сўраб чиқди.
“Мен ўзимга ўзим берадиган биринчи савол: биз бугун қанақа ҳуқуқий майдонда яшаяпмиз? РФ субъекти раҳбари ўз ўғлига бир одамни дўппослагани учун қаҳрамон унвонини бермоқда. Ва янада ошириб, уни ҳатто барча мусулмонларнинг қаҳрамони, деб атаяпти. Бу қанақаҳуқуқий майдон бўлди, ким жавоб беради?”, деди Хамаев.
Давлат кенгашида ўша куни ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга доир қонун лойиҳаси муҳокама қилинган, депутатлардан ҳеч бири унинг сўзларига изоҳ берган эмас.
Кейинроқ Хамаев ўз сўзлари учун узр сўради.
“Республика Давлат кенгаши йиғилишида билдирган фикрим мутлақо шахсий бўлиб, ҳамкасбларим тарафидан қўллаб қувватланмади. Икки биродар халқнинг ўзаро алоқаларига зарар етказиши мумкин бўлган ушбу ҳиссиётли сўзларим учун узр сўрайман”, деди депутат Хамаев.
Татаристон раҳбари Рустам Минниханов Хамаевнинг сўзлари республика мусулмонлари позициясига ҳеч бир тариқа дахлдор эмаслигини ва “Татаристонда қардош чечен халқига ҳамиша ҳурмат билан қаралган”ини айтди.
Азат Хамаев чиқиш қилган йиғилиш видеоёзуви кейинроқ ҳудудий парламентнинг “ВКонтакте”, Rutube ва “Одноклассники”даги барча расмий саҳифаларидан ўчирилди.
Адам Қодиров Грознийдаги тергов ҳибсхонасида Қуръонни ёқишда айбланаётган Никита Журавелни калтаклагани ортидан машҳур бўлиб кетди. Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ўғли Адам ростдан ҳам Журавелни урганини тан олиб, унинг бу ишини маъқуллади, шунингдек ўғли Журавелни дўппослаётгани видеосини эълон қилди.
Baza ёзишича, полиция воқеа юзасидан жиноят иши қўзғатишни рад этган. Кўп ўтмай кичик Қодировга Чеченистон қаҳрамони унвони берилди.
"Леопард"лар Украина фронтида
2023 йилнинг ёзида украиналик ҳарбийлар узоқ кутилган немисларнинг “Леопард” танкларини қабул қилиб олдилар ва бу танклар бир неча ойдан бери фронтда. Украина Қуролли Кучлари аскарлари "йиртқичларни" мақтайди ва рус ҳарбийлари бу танкларнинг юқори қуввати ва катта аниқликдаги зирҳли тешувчи снарядларидан қўрқишини айтишади.
Украина вилоятлари яна ракета ва "Шаҳед" ҳужумлари остида
Россия қўшинларининг Херсон вилоятини янги ўққа тутиши натижасида камида бир киши ҳалок бўлди, яна бир киши яраланди. Бу ҳақда вилоят ҳарбий бошқармаси бошлиғи Александр Прокудин маълум қилди.
Марҳум Берислав шаҳрида яшовчи 80 ёшли қария. Маҳаллий ҳокимият маълумотларига кўра, соʻнгги 24 соат ичида Херсон вилоятидаги аҳоли пунктлари 57 марта артиллерия ва миномётлардан ўққа тутилган. Турар-жой бинолари вайрон бўлди, ёнғинлар бошланди.
20 октябр оқшомида Днепропетровск вилояти Кривой Рог шаҳри икки марта Россия зарбаларига учради. Бу ҳақда шаҳар маъмурияти раҳбари Александр Вилкул маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, иккинчи ҳужум Шаҳед дронларининг рейди билан бирга амалга оширилган.