Журналистлар қарийб 35 минг рус аскари ўлимини тасдиқлашди
“Би-би-си” рус хизмати ва “Медиазона” журналистлари, волонтёрлар гуруҳи ёрдамида Украинадаги урушда ҳалок бўлган 34 857 нафар россиялик аскарнинг ўлимини тасдиқлашди. Сўнгги икки ҳафтада рўйхатга 953 та янги исм қўшилди.
Энг кўп талафот сафарбар қилинганлар ҳиссасига тўғри келади. Очиқ манбаларни ўрганган журналистлар сафарбарлик бўйича урушга жўнатилганлар ўлими муносабати билан чоп этилган 4056 та таъзияномани топганлар. Уларнинг мингдан ортиғи 2023 йилнинг июнь ойидан кейин, яъни Украина қарши ҳужуми бошланганидан сўнг ҳалок бўлган.
Уруш даврида 6410 нафар маҳкум ва 3532 нафар кўнгилли ўлгани айтилади.
“Юқорида келтирилган рақамлар – сафарбарлик бўйича хизматга олинган аскарлар ўлимига доир энг консерватив баҳо, чунки биз ўлими очиқ манбаларда тасдиқланган ва аскарнинг мақомини аниқлаш мумкин бўлган ҳолатларнигина ҳисобга олдик”, дейилади журналистлар баёнотида.
Аввалроқ “Медуза” ва “Медиазона” нашрлари ўтказган қўшма суриштирувда, Украинага тўлақонли босқиннинг 15 ойи мобайнида 47 минг россиялик ҳарбий ҳалок бўлгани айтилган эди. Украина Бош штаби Россия тарафидан аскарлар йўқотишини 290 минг кишига баҳоламоқда.
Қуронбоев Россиядан мигрант болаларга боғча ва мактаб очишга кўмаклашишни сўради
Ўзбекистон президентининг маслаҳатчиси Қаҳрамон Қуронбоев Давлат Думаси вице-спикери Владислав Даванков билан учрашуви чоғида ундан Россияда ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг фарзандлари учун хусусий боғча ва мактаблар очишга кўмаклашишни сўради. Қуронбоевга кўра, ушбу ўқув муассасалари ватандошлар маблағлари ҳисобига қурилиши ва Россия таълим дастури бўйича фаолият олиб бориши лозим.
Қаҳрамон Қуронбоев ушбу илтимосини Россияда меҳнат қилаётган Ўзбекистон фуқаролари ўз фарзандларини боғча ва мактабларга жойлаштиришда муаммоларга дуч келишаётгани билан изоҳлаган. Президент маслаҳатчиси, шунингдек, Россия ҳукуматига Россияга келаётган ёш Ўзбекистон фуқаролари учун миграция тартиб-таомилларини соддалаштиришни таклиф қилган.
FinExpertiza 2023 бошларида эълон қилган маълумотга кўра, 2022 йилда Ўзбекистондан Россияга меҳнат миграцияси 35 фоизга (қарийб 380 минг кишига) ортган. Жаҳон банки эса 2023 йилнинг биринчи чорагида Россияга Ўзбекистондан 600 минг киши келганини қайд этган.
16 август куни Россия президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва инсон ҳуқуқлари кенгаши раиси Валерий Фадеев мигрантларнинг болаларини, агар улар рус тилини билмасалар, умумтаълим мактабларига олмасликни маслаҳат берган эди. Унинг фикрича, мигрантларнинг фарзандларига махсус марказларда тил ўргатиш лозим.
8 октябр куни Россияда мигрантларнинг тиббиёт муассасаларида, дорихоналарда, мактабларда, такси ва юк ташиш хизматида ишлашини тақиқловчи қонун лойиҳаси Давлат Думаси муҳокамасига киритилди.
Бастрикин урушга боришдан бош тортган мигрантларни Россия фуқаролигидан маҳрум қилмоқчи
Россия тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин Россия паспортига эга мигрантларни, агар улар Украинага қарши урушда қатнашишдан бош тортсалар, фуқароликдан маҳрум этишни таклиф қилди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати маълум қилмоқда.
“Уларни махсус ҳарбий амалиётга жалб қилиш керак деб ўйлайман. Россия фуқароси бўлатуриб ҳарбий мажбуриятини бажаришни истамайдиганлар эса фуқароликдан маҳрум этилиши лозим”, деди Александр Бастрикин, Россия тергов қўмитаси раҳбари.
Россиянинг деярли барча минтақаларида эса “мигрант ови” рейдлари давом этмоқда
Бу рейдлар давомида Россия ватандошлиги борлиги аниқланган марказий осиёлик муҳожирлар уруш контрактини имзолашга мажбурланмоқда.
Бозор, овқатланиш масканлари ва кўча куйда ушланган ва ҳужжати жойида бўлмаган кўплаб муҳожирлар жаримага тортилмоқда, яна бир қисми Россиядан бадарға қилинмоқда. Бу кадрлар эса Бошқирдистондаги рейдлар пайтида олинган.