Зеленский АҚШ сенатида видеоалоқа орқали чиқиш қилишдан бош тортди
Украина президенти Владимир Зеленский сўнгги дақиқада АҚШ сенаторлари билан ўтказиладиган онлайн-брифингни бекор қилди, деб хабар берди CNN.
Сенатдаги кўпчилик лидери Чак Шумер Зеленский махфий брифингда иштирок этишдан “сўнгги дақиқада юзага келган муаммо туфайли” бош тортганини билдирди.
Зеленскийнинг сенаторлар билан мулоқот қилишдан бош тортгани сабаблари айтилмади. Украина президенти бу мулоқотда урушнинг бориши тўғрисида ахборот бериши ва АҚШ яна бир ҳарбий ёрдам ажратиши зарурлиги ҳақида гапириши кутилаётганди.
АҚШ сенаторлари бир ойдан бери Украинага қўшимча ҳарбий ёрдам кўрсатиш масаласида муросага эриши олмаяпти.
Октябрда АҚШ президенти Жо Байден Конгрессга Украина ва Исроилга умумий қиймати 106 миллиард долларлик ёрдам кўрсатиш бўйича таклифни киритган эди. Бу ёрдамнинг 60 миллиарди Украинага берилиши режалаштирилган. Бу таклиф Конгрессда ҳалигача кўриб чиқилмади.
Қозоғистон суди Украинадаги Россия агрессияси жабрдийдаларига кўмак фондини ёпди
Атирау вилоят ихтисослашган туманлараро иқтисодий суди "Слава Україні" фондини ёпиш тўғрисида қарор чиқарди. Мазкур фонд Украинадаги Россия агрессияси жабрдийдаларига кўмак кўрсатар эди. Бу ҳақда Қозоғистон инсон ҳуқуқлари халқаро бюроси маълум қилди.
Фонд фаолиятини тўхтатиш тўғрисидаги қарор ноябрда чиқарилган, лекин бу ҳақда бугунга келиб маълум бўлган.
Атирау вилоят адлия департаменти "Слава Україні" фондини давлат рўйхатидан ўтказганидан сўнг 15 кун ўтиб, фондни ноқонуний деб топиш ва унинг фаолиятини тақиқлаш тўғрисида судга мурожаат қилган.
Адлия департаменти бунга фонд устави «Қозоғистон қонунчилиги меъёрларига зид келиши»ни сабаб қилиб кўрсатган.
Фонд раиси Турарбек Кусаиновнинг айтишича, "Слава Україні" қисқа вақт ичида Украинага 5 миллион тенге ($10 800) миқдорида гуманитар ёрдам жўнатишга муваффақ бўлган. Кусаиновнинг айтишича, фонд Россия талаби билан ёпилган.
Қозоғистонда Украинага гуманитар ёрдам кўрсатиш билан шуғулланувчи бир қатор фондлар ва волонтёрлик ташкилотлари фаолият олиб бормоқда.
Путин камида 2030 йилгача президентликда қолмоқчи
Владимир Путиннинг навбатдаги президентлик муддатига ўз номзодини қўйишини эълон қилгани кўпчиликни, жумладан киевликларни ажаблантирмади.
Лекин улар дунёнинг энг йирик ядровий давлати раҳбарининг яна камида олти йил Кремлда қолиши Украинада уруш ҳали бери тугамаслигидан хавотирда эканликларини айтишади.
Путин навбатдаги президентлик муддатига номзодини қўйишини Кремлда Украинада жанг қилган аскар билан тақдирлаш маросимидан сўнг телемулоқот чоғида маълум қилди.
1999 йилнинг сўнгги кунида Борис Ельциндан президентлик лавозимини қабул қилиб олган Путин, Иосиф Сталин давридан бери Россияни энг узоқ вақт бошқараётган ҳукумдорга айлнади.
Унинг президентлик даври Леонид Брежневнинг 1964-82 йиллардаги давридан ҳам ўзиб кетган.
Шундай қилиб Россия президенти Владимир Путин 2024 йилги сайловларда ҳисоб бўйича бешинчи муддатга номзодини қўймоқчи.
Бу собиқ КГБ жосусига камида 2030 йилгача ҳокимиятда қолиш имконини беради.
"Яширмайман, турли вақтларда ҳар хил ўйлар бўлган, аммо энди қарор қабул қилиш вақти келди. Тўғри айтдингиз, шундай пайтлар қарор қабул қилиш керак. Президентлик учун номзодимни қўяман", деди Путин.
Путин учун 2024 йил март ойида бўлиб ўтадиган сайловлар шунчаки расмиятчилик экани аён.
Рақобат йўқлигига қарамай, Кремл раҳбари энг жиддий муаммолар қаршисида қолган.
Украинадаги уруш 1962 йилги Кариб инқирозидан бери Ғарб билан юзага келган энг катта қарама-қаршиликни келтириб чиқарди.
Ғарб учун Путинни Украина ерларини эгаллаб олишга уринаётган диктатор ва уруш жиноятчисидир.
Путин июн ойида Россиянинг энг қудратли ҳусусий ҳарбий бўлими раҳбари Евгений Пригожиннинг муваффақиятсиз исёнига дуч келди.
Пригожин қўзғолондан икки ой ўтиб, учоқ ҳалокатида ўлди.
Айни пайтда ғарб санкциялари Россия иқтисодиётига сўнгги ўн йилликлар ичидаги энг катта ташқи зарба бўлди.
Зеленский: Украина ЕИга аъзо бўлиш бўйича музокараларни бошлашга тайёр
Украина парламенти мамлакатнинг Европа Иттифоқига аъзо бўлиш бўйича музокараларни бошлаш учун зарур бўлган учта қонун лойиҳасини маъқуллади, Жумладан, миллий озчиликлар ҳуқуқлари тўғрисидаги қонун лойиҳасини ҳам. Украинанинг Европа Иттифоқига киришига қарши бўлаётган Венгриянинг талаби шу эди.
"Украина барча мажбуриятларини бажаради. Айтганча, Украина Олий Радаси Европа комиссиясининг коррупцияга қарши кураш ва миллий озчиликлар соҳасидаги тавсияларига амал қилган холда зарурий қонунларни қабул қилди”, деди Зеленский.
Келаси ҳафтада Европа Иттифоқи саммитида Украина ва Молдованинг иттиқоққа аъзолиги бўйича музокараларни бошлаш масаласи кўриб чиқилади.
Европа Иттифоқи етакчилари бу ҳаракатни бир овоздан маъқуллашлари кутилади. Айни пайтда Венгрия Бош вазири Виктор Орбан Европа Иттифоқи музокараларни бошлашга қарши эканини айтган.