Линклар

Шошилинч хабар
16 март 2026, Тошкент вақти: 22:10

24 март Россияда мотам куни деб эълон қилинди. Cайлов ва уруш хроникаси

Урушнинг 760-куни

Кроcус Cити Холлдаги теракт қурбонлари сони 137 кишига етди.

Украина президенти Владимир Зеленский Путин Красногорскдаги терактда “айбни бошқа бировга ағдариш йўлини қидирмоқда”, деди.

АҚШ президенти Жо Байден бир кун аввал Конгресс томонидан маъқулланган 1,2 триллион долларлик федерал харажатлар тўғрисидаги қонун лойиҳасини имзолади.

Россия Донецк вилоятида жойлашган Украинада Ивановское, Россияда Красное деб атаб келинган қишлоғини ўз назоратига олганини маълум қилди.

Шанбадан якшанбага ўтар кечаси Россия қўшинлари Украинанинг Львов вилоятини ўққа тутди.

Авдеевканинг ғарбий томонида жанглар тўхтамаётир.

Украина Қуролли кучлари Севастополдаги “Ямал” ва “Азов” йирик десант кемаларига зарба берганини даъво қилмоқда.

Украина ҳудудининг шиддатли ўққа тутилиши туфайли Польша армияси тунда ўз самолётларини ҳавога кўтарди.

19:00 3.1.2024

Владимир Зеленский: Путин сизларни бутун ЕИ, НАТО, эркинлик ва демократиянгизга қўшиб еб ташлайди

Россия аннексия қилган Қримни иҳоталаш ва Қора денгизда Россия флотини мағлуб этиш 2024 йилда Украина қуролли кучларининг асосий приоритетлари бўлади. Украина президенти Владимир Зеленский The Economist журналига берган интервьюсида шундай баёнот берган.

Зеленскийга кўра, Украина аллақачон Қора денгиз флотининг бир қанча кемаларини йўқ қилиш билан яриморолда ғалабаларга эришмоқда. Бироқ Киевнинг муваффақияти Ғарб мамлакатлари кўмагига тўғридан-тўғри боғлиқ. Шу боис президент The Economist билан суҳбатда, Қрим кўпригини яксон қилиб яриморолни Россиядан узиб қўйиш учун Украинага “Таурус” қанотли ракеталари беришни сўраган.

Айни чоғда Зеленский бултур ёзда Украина армияси ҳужуми олдидан ахборот сизиб чиқиши Россияга мудофаага яхши тайёрланишда қўл келганини айтиб, аниқ режалардан сўз очмаган.

The Economist президент Украина шарқидаги Россия оккупация қилган ҳудудларни Киев қўл остига қайтариш муддатларини белгиламаганига эътибор қаратган. Зеленскийга кўра, биринчи галдаги вазифалар Харков, Днепр, Запорожье, Херсон ва Николаевни мудофаа қилиш бўлади.

Украина раҳбари АҚШнинг ҳарбий ёрдамига умид боғлаётганини урғулаган. Шу билан бирга Украина Ғарбнинг кўмаги етарли бўлмаслигини ҳисобга олиб ўз қурол ишлаб чиқариш қувватларини оширмоғи лозим, дея таъкидлаган президент. У АҚШ ҳукуматидан Украинага артиллерия тизимларидан тортиб Ҳаво Ҳужумидан Мудофаа ракеталарига қадар – барча турдаги қуролларни ишлаб чиқариш учун лицензия беришни сўраганини маълум қилган.

Зеленский Европа Украинани қўллаб-қувватлаш билан ўзини Россия агрессиясидан ҳимоя қилаётганини яна бир карра эслатган. Украина енгилгудек бўлса, Путин Ғарб билан уруш қилишга жазм этади, дея уқтирган Украина етакчиси.

“Путин қўрқувни йиртқич ҳайвон каби ҳис этади, чунки унинг ўзи бир ҳайвон. У қон исини сезади, ўз кучини яхши ҳис қилади. Ўшанда у сизларни бутун ЕИ, НАТО, эркинлик ва демократиянгизга қўшиб еб ташлайди”, деди Зеленский.

19:02 3.1.2024

Россия Украинага ракета ва авиация зарбаларини оширмоқда

Сўнгги 24 соат ичида Россия қўшинлари Украина қўшинлари ва аҳоли пунктлари позицияларига 89 та ракета ва 72 та авиация зарбаси берди, шунингдек реактив тизимлардан 48 та ўқ узди.

Бу ҳақда Украина Қуролли кучлари бош штаби маълум қилди.

19:03 3.1.2024

Россиянинг Белгород шаҳри яна ўққа тутилди

Россия расмийлари Белгород шаҳри кеча ҳам ўққа тутилгани ва бир киши ҳалок бўлганини билдирди.

Бир нафар фуқаро машинаси ёнига келиб тушган ракета зарбасидан ҳалок бўлди, яна беш киши жароҳат олди, деб хабар берди вилоят губернатори Вячеслав Гладков.

Гладков ўтган 24 соат ичида Украина шаҳарга дронлар ёрдамида камида 50 та ҳужум уюштирганини маълум қилди.

Белгородга шанба куни қилинган ҳужумда йигирмадан ортиқ одам ҳалок бўлган эди.

Россия ҳужумда Украинани айблади ва бир қанча ҳужумлар билан жавоб қайтарди

19:05 3.1.2024

Қримда Украина тарафдори бўлган махфий ташкилот фаолият юритмоқда

Қримда Украина тарафдори бўлган “Сариқ тасма” махфий ташкилоти фаоллари шиорлар ёзилган 100 дан ортиқ рус пулларини тарқатишди.

"Дўконда қайтим олаётганда, оккупантлар "Қрим - бу Украина", "Украина 2024 йилда ғалаба қозонади", "Украинанинг майдони 603 700 км²" деган ёзувларни кўради. Биз 100 дан ортиқ ана шундай банкнотларни тарқатдик”, дейилади “Сариқ тасма” ташкилоти баёнотида.

“Сариқ тасма” ташкилоти Украинанинг босиб олинган ҳудудларидаги украиналикларнинг қаршилик ҳаракатидир. Ҳаракат ташкилотчиларининг айтишича, яширин фаоллар сони бир неча мингдан ошади ва доимий равишда ўсиб бормоқда. Уларнинг фикрича, Қримдаги жамоа, айниқса Россия босиб олган Симферопол, Ялта, Евпатория ва Феодосия шаҳарларида фаол.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG