Линклар

Шошилинч хабар
16 март 2026, Тошкент вақти: 23:38

24 март Россияда мотам куни деб эълон қилинди. Cайлов ва уруш хроникаси

Урушнинг 760-куни

Кроcус Cити Холлдаги теракт қурбонлари сони 137 кишига етди.

Украина президенти Владимир Зеленский Путин Красногорскдаги терактда “айбни бошқа бировга ағдариш йўлини қидирмоқда”, деди.

АҚШ президенти Жо Байден бир кун аввал Конгресс томонидан маъқулланган 1,2 триллион долларлик федерал харажатлар тўғрисидаги қонун лойиҳасини имзолади.

Россия Донецк вилоятида жойлашган Украинада Ивановское, Россияда Красное деб атаб келинган қишлоғини ўз назоратига олганини маълум қилди.

Шанбадан якшанбага ўтар кечаси Россия қўшинлари Украинанинг Львов вилоятини ўққа тутди.

Авдеевканинг ғарбий томонида жанглар тўхтамаётир.

Украина Қуролли кучлари Севастополдаги “Ямал” ва “Азов” йирик десант кемаларига зарба берганини даъво қилмоқда.

Украина ҳудудининг шиддатли ўққа тутилиши туфайли Польша армияси тунда ўз самолётларини ҳавога кўтарди.

19:08 3.1.2024

Россиялик миллиардерлар бойлиги яна 50 млрд долларга ошди

2023 йилда энг бадавлат россиялик тадбиркорларнинг жами бойлигига 50 миллиард доллардан кўпроқ маблағ қўшилди.

РИА Новости агентлиги Bloomberg агентлиги тузган энг бадавлат одамлар рейтинги бўйича ҳисоб-китоб қилиб, шундай хулосага келган.

2022 йилда Bloomberg рейтингига кирган энг бадавлат россияликларнинг жами бойлиги 93,753 миллиардга камайган эди. Бунга уларга ва Россия иқтисодиётига қарши халқаро санкциялар сабаб бўлган.

Асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмонов 2023 йилда ҳам бойишда давом этган. The Guardian нашрига кўра, унинг жорий йилда бойлиги $1,88 млрдга ошиб умумий бойлиги — $20,3 млрдга етган. Нашрнинг маълумотларича, 2023 йилдаги иқтисодий ва сиёсий муаммоларга қарамай аксарият миллиардерларнинг бойлиги кўпайган.

19:10 3.1.2024

Россия Мудофаа вазирлиги рус ҳарбий самолёти Воронеж вилоятига бомба ташлаганига изоҳ берди

Вазирлик баёнотида айтилишича ҳарбий самолёт Петропавловка қишлоғи устидан учиб ўтаётганда тасодифан бомбаларни ташлаб юборган. Ҳеч ким жабрланмаган, фақат олтита уйга зарар етган дея маълум қилди мудофаа вазирлиги.

Вазирлик махсус комиссия тузилиб, авария сабаблари ва етказилган зарарни аниқлаш ишлари олиб борилаётганини билдирган.

Воронеж губернатори Александр Гусевнинг айтишича, маҳаллий аҳолининг бир қисми эвакуация қилинган.

Россия пропагандаси Воронеж вилоятидаги бу портлашни Украина Қуролли Кучлари зарбаси экани тўғрисида хабар бера бошлади. “Россия-1” телеканали бошловчиси Олга Скабеева Украинани “террор хуружи” содир этишда айблади, кейин эса Россия Мудофаа вазирлиги Киев ва Харковга урилган ракеталардан бири эканлигини тан олганидан кейин постни ўчириб ташлади.

Апрель ойида ҳам рус ҳарбий самолёти тасодифан Белгородга бомба ташлаб юборган ва кучли портлашга сабаб бўлган эди.

Ҳарбий экспертлар бу 500 килограммлик кучли бомба эканлигини айтган. Россия армияси GPS-нишонга олиш тизимига эга қанотли ракета бомбалардан кенг фойдаланиб келади, баъзи экспертларнинг таъкидлашича, русларнинг бу қуроллар носозликлардан холи эмас.

19:11 3.1.2024

Рамзан Қодиров жинояти учун қидирувда бўлган одамларнинг қариндош-уруғлари ўлдирилишини истисно этмади

У Чеченистон ИИВ ҳамда Росгвардияси ходимлари билан Янги йил олди йиғилишида шундай сўзларни айтган.

“Жамоат тартибини бузган ёки милиция ходимига, республикамизга келган меҳмонга қўл кўтарган ҳар кас билиб қўйсин. Агар биз уни топа олмасак, беҳудага қидириб юрмаймиз, биз унинг оиласидагиларни топамиз. Бизда ҳамиша шундай бўлган: оталаримиз, боболаримиз айбдорни топа олишмаса, унинг ака-укасидан, отасидан қасос олганлар. Биз қариндошлари учун улардан ўч оламиз. Улар одамни ўлдириб, “мен фалон қариндошимдан воз кечдим”, дейишади. Биз унинг қариндош-уруғларидан бирини отиб ташламагунча ундан воз кечолмайди”, дея огоҳлантирди Чеченистон раҳбари.

Кавказ.Реалии ёзишича, ИИВ ҳамда Росгвардия командирлари билан учрашувда Қодиров танқидчиларидан, “улар қаерда бўлишидан қатъи назаржазоланишини” айтди:

“Бизнинг нуқтаи назаримизга қўшилмайдиган барча республикадан кетсин. Биз кўпларни кечирдик, маҳбусларни озод этдик. Аммо Чеченистонда бирон фитна бошлашга чақирувчиларни аяб ўтирмаймиз. Қайси давлатда жон сақлаб юрган бўлса ҳам, террорчини топшириш ҳақида сўров юборамиз. Беришмаса, демак, ўзимиз билган тарзда ундан қутулишимиз керак бўлади. Улар биз ҳақимизда оғизларига келганини гапиришяпти, фильмлар суратга олишяпти – биз бунга қўл қовуштириб турмаслигимиз лозим”.

Бу Қодировнинг одамларни судсиз-терговсиз жазолашга доир илк чақириғи эмас. Октябр ойида у кучишлатар ходимларни итоатсиз кимсаларни “пешонасидан отиш”га чақирган эди.

Сентябрда Қодиров ўзининг вояга етмаган ўғли Адам Қуръонни ёққани учун ҳибсга олинган Никита Журавелни дўппослаётгани акс этган видеони эълон қилган эди. Чеченистон раҳбарининг ўғли бу қилмиши учун жазоланмаган, балки Республика қаҳрамони унвонига сазовор бўлган, шунингдек қўшни регионлар раҳбарларидан ҳам бир нечта мукофот олган. Кейинроқ эса Рамзан Қодиров “Адам Журавелни ўлдирганида яхши бўларди”, деб айтган.

19:22 4.1.2024

Россия ва Украина сўнгги олти ойда илк марта асирлар билан алишди

Россия Мудофаа вазирлиги ва Украина президенти офиси сўнгги олти ойда илк марта асирлар билан алишгани тўғрисида баёнот берди.

Москва Киев 248 рус ҳарбийсини қайтарганини тасдиқлади. Киев эса 230 кишини, жумладан, олти нафар ҳарбий бўлмаган фуқаросини қабул қилиб олганини билдирди.

Украина Ҳарбий разведкаси раҳбари қайтарилганлар орасида 2022 йилда Мариупол мудофаасида қатнашган шахслар борлигини билдирди.

“Ниҳоят, кўп вақт ўтгач, биз жуда қийин алмашинувни амалга оширдик. Бугун 230 нафар Украина ҳимоячиси ватанга қайтди. Улар орасида биринчи бўлиб асирга олинган шифокор, Змеиний ороли ва Чернобил АЭС ҳимоячилари, Азовстал аскарлари, чегарачилар, полиция ходимлари, Миллий гвардия аъзолари, Қуролли Кучлар зобитлари бор”, деди Кирилл Буданов, Украина Ҳарбий разведкаси раҳбари.

Россия Мудофаа вазирлиги асирлар билан алмашинув Бирлашган Араб Амирликлари воситасида амалга оширилганини маълум қилди.

Бундан аввал Москва ва Киев ўтган йилнинг 7 августида асирлар билан алмашган эди.

2022 йил ноябрида БМТнинг Украинада инсон ҳуқуқларига риоя қилинишини мониторинг этувчи миссияси раҳбари Матильда Богнер Россия ва Украина ҳарбий асирларни қийноқларга солгани ва қатл этгани тўғрисидаги далилларга эга эканини билдирган эди. Ўшанда Киев асирга олинган Россия ҳарбийларига нисбатан зўравонлик қилингани юзасидан жиноят ишлари қўзғатилганини маълум қилган.

Киев 2023 йил ноябрь ҳолатига кўра, Россияда 4337 киши асирликда сақланаётгани, улардан 3574 нафари ҳарбий ва 763 нафари тинч фуқаро эканини билдирган. Россия эса Украина 500 га яқин ҳарбийни асир олганини билдирган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG