Россия Бахмут ва Авдеевский йўналишларида ҳужумларини давом эттирмоқда
Урушни ўрганиш бўйича Америка институти (ISW) ўзининг сўнгги шарҳида рус қўшинлари Бахмут ва Авдеевский йўналишларида ҳужумларини давом эттираётганини маълум қилди.
Россиялик ҳарбий блогер 3-январ куни рус қўшинлари Бахмутнинг шимолий қанотида олдинга силжишаётгани ҳақида хабар берди. ISW Россия қўшинлари ҳудудга олдинга ўтишга муваффақ бўлганлигини тасдиқловчи геолокация маълумотлари ҳали йўқлигини айтди. Украина қуруқликдаги қўшинлари қўмондони Александр Сирский Богдановка атрофида аёвсиз жанглар ва рус қўшинларининг Часовий Ярга ҳужум уринишлари ҳақида хабар берди. Қаттиқ жанглар Бахмутнинг жанубий қанотида, Клешчеевка ва Андреевка ҳудудларида ҳам давом этмоқда.
ISW шунингдек, рус қўшинлари Авдеевка томон олдинга силжишга муваффақ бўлганини хабар қилди. Россиялик блогерлар ҳам рус қўшинлари Степнойе томон олдинга ўтганини даъво қилмоқда.
Озодлик уруш шароитида томонлар бераётган маълумотларни мустақил манбалардан тезкор тасдиқлаш имконига эга эмас.
Россиянинг Киевга ракеталар зарбаси натижасида ҳалок бўлганлар сони 32 кишига етди
Бу ҳақда Киев шаҳри ҳарбий маъмурияти (КШҲМ) маълум қилмоқда.
Пайшанба, тўртинчи январ куни Украина ИИВ ББ терговчи-криминалистлари икки жасаднинг шахсини аниқлашган. Украина пойтахтига йўлланган ракета зарбалари натижасида яраланганлар 30 кишини ташкил қилди.
29 декабрда Россия ҳарбийлари Украина ҳудуди бўйлаб зарбалар йўллади. Украина ҳукуматига кўра, бу Россиянинг тўлақонли босқин бошланганидан бери энг йирик ҳужуми бўлган. Украина ҚК бош қўмондони Валерий Залужний Россия армияси мамлакат ҳудудига 158 та ракета дронлар йўллаганини билдирди. Биринчи январ Киевда мотам куни деб эълон қилинди.
Украина пойтахтида метро бекатларидан бирининг биноси шикастланди, шунингдек Шевченко туманидаги омборхонанинг бир қисми қулаб, тагида одамлар қолиб кетди. 30 декабр куни маҳаллий маъмурият харобалар тагидан кўплаб жасадлар чиқариб олинганини билдирди.
Иккинчи январ тонггида Россия Киевга яна бир бор ракеталар билан кенг кўламли ҳужум уюштирди. Зарбалар натижасида пойтахтнинг бир неча туманида бинолар вайрон бўлиб, ёнғин чиққани қайд этилди: шаҳар мэри Виталий Кличкога кўра, тинч аҳолидан 2 киши қурбон бўлган, 54 киши турли даражада жароҳат олган.
Украина Миллий қаршилик маркази: Россия Ўзбекистон орқали ҳарбий дронлар учун компонентлар сотиб олмоқчи
Украина ҳукумати ҳузуридаги Миллий қаршилик маркази маълумотига кўра, россияликлар Ўзбекистонда сохта ширкатлар ташкил қилишни режалашмоқда, улар санкцияларни четлаб ўтган ҳолда дронлар учун электроника қурилмалари сотиб олиш билан шуғулланади.
Марказ 2023 йил 26 декабрда МДҲ мамлакатлари етакчиларининг учрашуви доирасида Россия диктатори Владимир Путин ҳамкорлик шартларини Ўзбекистоннинг олий ҳарбий-сиёсий раҳбарияти билан муҳокама қилганини эслатган.
Хусусан, Марказ урғулашича, Ўзбекистон ҳудудида Россия ҳукумати томонидан молияланадиган қатор сохта ширкатларни ташкил этиш бўйича дастлабки келишувга эришилган. Бу ширкатлар аслида Россиянинг халқаро санкцияларни четлаб ўтиши учун тузилмоқда.
“Расман транспорт соҳасида ҳамкорлик қилиниши ҳақида хабар берилди. Бироқ, Қаршилик маркази маълумотига кўра, аслида Россия халқаро санкцияларни четлаб ўтишига хизмат қиладиган сохта ширкатлар ҳамда чет элдан келтириладиган электрон қисмлардан дронлар йиғувчи корхоналар ташкил қилинади. Келгусида ушбу ширкатлар буюм ва бутловчи қисмларни Россия мудофаа корхоналарига, жумладан “Қозон “Электроприбор” заводи”, “Элекон” заводи, “Стелла-К” ва бошқа корхоналарга экспорт қилиши кўзда тутилган”, дейилади Миллий қаршилик маркази баёнотида.
Шунингдек, Россия Ўзбекистондан совет давридан қолган ўқ-дори захираларини ҳам харид қилмоқчи.
Белгородлик шаҳар ўққа тутилганини тасвирга олгани учун узр сўради
Белгородлик эркак шаҳар ўққа тутилганини ва ҲҲМ тизимлари ишлашини телефонда тасвирга олгани учун узр сўраб видеоролик ёзди. Видеода уни “СМЕРШ” деган ёзувли ҳарбийча уст-бош кийган ва камерага орқа ўгириб олган одамлар қуршаб турибди. У исмини Денис Бобан деб таништириб, ўйламай иш қилганига иқрорлигини ва айбига яраша жазо ўташга тайёрлигини айтади.
Бобанга кўра, у тасвирни 2 январ куни олган.
Белгород мэри Валентин Демидов ўша куни кечқурун аҳолини шаҳар ўққа тутилганини ва ҲҲМ тизими ишини суратга олмасликка ва ижтимоий тармоқларда тарқатмасликка чақирди.
Маҳаллий “Фонарь” телеграм-канали маълумотига кўра, Бобанни “кучишлатар ходимлар топишган”. Бироқ Россия кучишлатар тузилмаларида “СМЕРШ” номли бўлинма мавжуд эмас. “Смерть шпионам” (“Жосусларга ўлим”) бирикмаси қисқартмаси бўлган бу сўз Иккинчи жаҳон уруши йилларида СССР аксилразведка бўлинмаларидан бирининг номи бўлган.
Белгород шаҳри ва вилояти сўнгги пайтларда кўп ўққа тутилди.