Полша шахматчиси россиялик рақиби билан қўл бериб кўришишдан бош тортди
Самарқандда бўлиб ўтган Тезкор шахмат бўйича жаҳон чемпионатида россиялик шахматчи Денис Хисматуллин шахмат тахтасида ўтирган полшалик 25 яшар спортчи Ян-Кшиштоф Дудага ўйин олдидан сўрашиш учун қўлини узатди, аммо поляк қўл бериб кўришишни рад этди ва Россия вакилига тегишни истамаслигини кўрсатди.
Денис Хисматуллин - собиқ украиналик шахматчи Сергей Карякиннинг мураббийи. Биргаликда улар бир неча бор "жанг зонаси" га бориб, сепаратистларга озиқ-овқат ва ўқ-дориларни етказиб беришган.
Украина шахмат федерацияси ҳам россиялик ва беларуслик спортчилар қайси байроқ остида мусобақада қатнашишидан қатъи назар, қўл бериб кўришишдан тийилишни тавсия қилганди.
2023 йилнинг 1 май куни Европа шахмат федерациясидан қувилган Россия Шахмат федерацияси Осиё шахмат федерациясига қабул қилинган эди.
Бунинг ортидан Россия шахмат федерацияси матбуот хизмати раҳбари Кирилл Зангалис Россияни фашистик Германия билан қиёслаб, шундай деганди:
“Умид қиламанки, бир кун келиб бизни ўраб турган барча ёмон нарсалар тугайди. Биз Иккинчи Жаҳон урушини бошдан кечирдик - ундан кейин Германия ҳам ўйнай бошлади. Ишончим комилки, Россия ҳам келажакда барча жаҳон мусобақаларида қатнашади”.
“Холод” нашри журналистларига кўра, 204 нафар россиялик спортчи Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини бошланганидан кейин спорт фуқаролигини ўзгартирган ёки ўзгартиришни режалаштирмоқда.
Украина Россиянинг Қримдаги қўмондонлик пунктини портлатганини айтмоқда
Украина 4 январ куни кечки пайт ишғол қилинган Қрим яриморолида Россиянинг Севастопол яқинидаги ҳарбий қўмондонлик пункти ва Евпатория шаҳри яқинидаги ҳарбий қисмга зарба берганини маълум қилди.
Украина Ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондони Микола Олешчук Телеграмда эълон қилинган хабарда учувчилар ва “операцияни мукаммал амалга оширган” барчага миннатдорчилик билдирди.
Украин қўмондони Севастопол яқинида портлаш натижасида тутун кўтарилаётгани акс этган тасвирларни ҳам эълон қилди.
Портлаш овози Севастопол ва Керч бўғози яқинида ҳам эшитилди.
Украина бир неча бор нишонга олган Қрим кўприги пайшанба кунги портлашлар ортидан ёпилгани хабар қилинмоқда.
Россия Мудофаа вазирлиги ўз кучлари Украина ҳужумини қайтарганини айтди, бироқ Евпаториядаги портлашлар юзасидан изоҳ бермади.
Вазирлик баёнотида Россиянинг ҳаво ҳужумидан мудофаа бўлинмалари Қрим ярим ороли узра жами 36 та Украина дронини уриб туширгани айтилади.
Қримнинг ишғолчи раҳбари Развожаевнинг айтишича, урилган ракеталарнинг бўлаклари қулаши оқибатида бир киши жароҳатланган.
Уруш шароитида иккала томоннинг даъволарини текшириш имконсиз, бироқ Озодлик мухбири Севастополда пайшанба соат 17: 15 атрофида 10 га яқин портлаш овози эшитилганини хабар қилди.
Киев 2014 йилда Россия босиб олган ва ноқонуний равишда аннексия қилган Қримни қайтариб олишга интилмоқда.
Украина уруш бошланганидан бери ярим оролга, жумладан, рус ҳарбий кемаларига, Россия Қора денгиз флоти қароргоҳи ва ярим оролни бир-бирига боғловчи кўприкка қатор ҳужумлар уюштирди.
Қримга ҳужум Россиянинг ракета ва учувчисиз учоқларининг Украинага зарбалари кучайганидан кейин амалга оширилди.
29 декабр -2 январь кунги Россиянинг гипертовушли ва бошқа ракета ҳужумлари оқибатида Украинада 40 дан ортиқ одам ҳалок бўлди ва ўнлаб одамлар яраланди. Украина 30 декабр куни Россия жанубидаги вилоятларига ҳужумлар билан жавоб қайтарди. Белгород вилояти расмийлари ҳужумларда 25 киши ҳалок бўлганини билдирди.
Белгородда ҳам яна портлашлар
4 январ оқшомида Россиянинг Белгород шаҳри яна ҳужумга тутилди. Ижтимоий тармоқларда шу куни ракета ҳужуми оқибатлари акс этган сурат ва видеолар ҳам тарқалди. Белгород вилояти губернатори Вячеслав Гладков телеграммада Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими “10 та ҳаво нишонини” уриб туширганини ёзди. Россия Мудофаа вазирлиги бу “Олҳа” снарядлари эканлигини даъво қилмоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, Белгородга ҳужумларда қурбонлар бор.
Айниқса, эълон қилинган фотосуратлар ва видеоларда кўп қаватли уй ёнидаги автотураргоҳга ракета ёки снаряд парчалари тушганини, синган ойналар ва шикастланган машиналарни кўриш мумкин.
Белгород вилояти губернатори Вячеслав Гладковнинг айтишича, 30 декабридан бери давом этатган ҳужумларда яраланган 74 киши “Москва ва Белгород вилоятидаги шифохоналарда, 20 киши реанимацияда.
Украинанинг 30 декабр куни чегарадаги Белгород шаҳрига ракета ҳужуми натижасида 25 киши, жумладан, беш нафар бола ҳалок бўлган, 100 дан ортиқ киши жароҳатлангани хабар қилинган эди.
Россиянинг Белгород шаҳрида 4 январ кунги ҳужумлар ортидан мактабларда қишки таътил узайтирилган.
АҚШ: Шимолий Корея Россияга баллистик ракеталар етказиб берган
АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши матбуот котиби Жон Кирби Оқ уйда ўтказилган матбуот анжуманида Шимолий Корея Россияга баллистик ракеталар етказиб бергани ҳақидаги маълумотни очиқлади .
Россия кучлари 30 декабр куни Украинага шу ракеталардан камида биттасини отган ва у Запорижя вилоятидаги очиқ майдонга тушган, деди Кирби.
Россия, шунингдек, 2 январ куни тунги ҳужум доирасида Шимолий Кореянинг бир нечта баллистик ракеталарини Украинага учирди, дея қўшимча қилди у.
Кирби, шунингдек, Россия Эрондан яқин масофага учувчи баллистик ракеталарни олиш имконларини қидираётганини айтди. Келишув якунланмаган, аммо Қўшма Штатлар музокаралар "фаол ривожланаётганидан" хавотирда.
"Бизнинг маълумотларимиз шуни кўрсатадики, Корея Халқ Демократик Республикаси яқинда Россияга бир нечта баллистик ракеталар тақдим этган. 2023 йил 30 декабрда Россия кучлари Украина ҳудудига Шимолий Кореянинг ушбу баллистик ракеталаридан камида биттасини учирди. У Запорожя вилоятидаги очиқ майдонга тушган. Ва 2 январ куни Россия Украина ҳудудига Шимолий Кореянинг бир нечта баллистик ракеталарини учирди”, деди Кирби.
Американинг The Wall Street газетаси номи ошкор этилмаган америкалик расмийларга таяниб, Россия Эрон билан қисқа масофага учувчи баллистик ракеталарни сотиб олиш бўйича фаол музокараларни давом эттираётгани ва келишув тузишга яқин бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар берди.
Нашр суҳбатдошларининг фикрича, агар Эрон билан музокаралар келишув имзоланиши билан якунланса, баллистик ракеталар Россияга шу йилнинг баҳорида етиб келиши мумкин. Бироқ ҳозирча Америка расмийлари бу келишув аллақачон келишилганига ишонмаяпти.
Газета манбаларига кўра, 2023 йил декабр ўрталарида Россия делегацияси Эрондаги ўқув марказига ташриф буюриб, у ерда баллистик ракеталар ва тегишли жиҳозлар намуналарини кўздан кечирган.
Россия ракета ва дрон ҳужумларини кучайтирар экан, Украина ўзининг Ғарб иттифоқчиларини ҳаво ҳужумидан мудофаа қуроллари билан таъминлашни давом эттиришга ундамоқда.
Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба 3 январ куни Украина зарур бўлган халқаро ёрдамни олишда давом этишига ишонч билдирди.
"Украина ҳар доим унга берилган ресурслар билан курашади. Ва. . . Украинага берилган нарса хайрия эмас. Бу НАТОни ҳимоя қилиш ва Америка халқининг фаровонлигини ҳимоя қилиш учун қилинган сармоядир", деди Кулеба.
АҚШ Президенти Жо Байден Украинага 61 миллиард долларлик ёрдамни ўз ичига олган миллий хавфсизлик харажатлари тўғрисидаги қонун лойиҳасини таклиф қилди, бироқ у республикачи қонунчилар томонидан блокланди.
“Агар Президент Байден ҳақиқатан ҳам миллий хавфсизликни мустаҳкамлашга қаратилган қўшимча харажатлар тўғрисидаги қонун лойиҳасини истаётган бўлса, буни Американинг миллий хавфсизлигини ҳимоя қилишдан бошлагани маъқул”, деди Вакиллар палатаси спикери Майк Жонсон 3 январ куни. “Биз чегарани ёпиб, биринчи навбатда хавфсизликни таъминлашни истаймиз", дея қўшимча қилди Жонсон.
Байден иммиграция сиёсати ва чегараларни ҳимоя қилиш бўйича муросага келишга тайёрлигини билдирди, чунки у қайта сайланиш учун ўз кампаниясини кучайтиришга тайёргарлик кўрмоқда.
Путин урушга ёлланган хорижликларга бир ойда фуқаролик бериш кўзда тутилган фармонни имзолади
Владимир Путин “махсус ҳарбий амалиёт” даврида армияда ёки "ҳарбий тузилмаларда" хизмат қилиш учун шартнома тузган хорижликларга Россия фуқаролигини бериш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Ҳужжатга кўра, Россия фуқаролигини нафақат шартномани имзолаган хорижликлар, балки уларнинг оила аъзолари: шартнома асосида ишлайдиган ишчининг турмуш ўртоғи, фарзандлари ва ота-оналари ҳам олишлари мумкин.
Россия фуқаролиги фақат камида бир йил муддатга шартнома тузган хорижликларга берилади, дейилади фармонда.
Россия Федерацияси Қуролли Кучларидан "махсус амалиёт" даврида соғлиғи сабабли, ёш чегарасига этганида, шартнома муддати тугагандан сўнг, шунингдек ҳарбий ҳолатнинг тугатилиши сабабли истеъфога чиққан чет элликлар Россия фуқаролигини олиш учун ариза беришлари мумкин.
2023 йилнинг май ойида Путин томонидан имзоланган Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузган ва Украина ҳудудида жанг қилаётган хорижликларга Россия фуқаролигини беришнинг соддалаштирилган тартиби тўғрисидаги фармондан фарқли ўлароқ, янги ҳужжатда Россия Федерацияси фуқаролиги бўйича мудофаа вазирлигининг Россия фуқаролиги бўйича Россия фуқаролигини олишнинг соддалаштирилган тартибини кўриб чиқиш муддати қисқартирилган.