Россия қўшинлари Запорожье вилоятининг 22 аҳоли масканини ўққа тутди
Вилоят ҳарбий маъмурияти раҳбари Юрий Малашкога кўра, ялпи ўт очиш ракета тизимлари ҳамда зарбдор дронлар билан жами 169 та зарба йўлланган.
Бундан ташқари, вилоятнинг фронтга яқин шаҳар ва қишлоқлари артиллериядан 126 марта ўққа тутилган.
“Турар жой бинолари вайрон бўлганига оид олтита хабар олдик. Аммо тинч аҳоли жабрланмаган”, дея қайд этган Малашко.
Ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Россия қўшинлари Украина жануби ва шарқига йўллаган 28 та зарбдор дрондан 21 тасини йўқ қилди, дея маълум қилмоқда Украина ҚК Ҳаво кучлари қўмондонлиги.
Айтилишича, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими Запорожье, Николаев, Одесса, Днепропетровск, Кировоград, Виннница ва Черкасск вилоятлари доирасида ишлаган. Ҳаводан бўлган ҳужумларни қайтаришга зенит ракета бўлинмалари ҳамда тезкор ўт очиш гуруҳлари жалб қилинган.
Россия Рождество кечаси ҳам Украинага ракета зарбаларини берди
Саккизинчи январ тонггида Россия армияси Украина бўйлаб ракета зарбалари берди: Харков, Кривой Рог, Новомосковск, Хмелницкий ва Запорожье шаҳарларида портлашлар бўлгани ҳақида хабарлар бор. Мамлакатнинг аксар вилоятларида, жумладан Киевда ҳам ҳаво тревогаси эълон қилинди.
Эрта тонгдаги Россиянинг шиддатли ракета ҳужумлари натижасида шарқдаги фронт чизиғига яқин ҳудудлар ҳамда мамлакатнинг марказий ва ғарбий қисмлари катта зарар кўрди, бир киши ҳалок бўлди ва камида 30 киши яраланди.
Эрталаб Украина мониторинг каналлари Россиянинг Ту-95 ва Ту-22 русумли 16 та стратегик бомбаловчи учоқлари ўт очиш марраларига томон учгани ҳақида хабар қилди, кейинроқ эса учоқлар ракеталар отгани маълум бўлди.
Украина Ҳаво кучларига кўра, Украинадаги нишонларга қарата битта ёки бир нечта “Кинжал” юқори тезликда учувчи ракетаси учирилган. “Суспiльне” нашри Днепропетровск вилоятининг Кривой Рог шаҳрида портлашлар бўлганини хабар қилди.
Маҳаллий телеграм-каналлар хабар қилишича, ракеталардан бири шаҳардаги “Солнечная галерея” савдо марказига тушган, бинонинг катта қисми вайрон бўлган. Шунингдек, 20 дан ортиқ хусусий уйга шикаст етган.
Россия ва Украина ҳарбий раҳбарияти баёнотлари
Урушнинг навбатдаги кунида Россия Мудофаа вазирлиги рус қўшинлари Украинанинг Купянск, Красний Лиман, Донецк ва бошқа йўналишлардаги ҳужумларини қайтариб, украин қўшинларининг куч ва воситаларига зарба берганини маълум қилди.
Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Украинанинг иккита Су-25 ва битта Су-27 қирувчи самолётини уриб туширди, 14 та ракета, олтита Р-360 Нептун кемага қарши қанотли ракеталарини тутиб олди ҳамда 38 та дронни йўқ қилди, дея маълумот берди Россия мудофаа вазирлиги.
Украина Қуролли кучлари Бош штабининг хабар беришича, сўнгги 24 соат ичида фронт чизиғида 35 та жанг бўлиб ўтган. Украина армияси Купянск, Бахмут ва Авдивка йўналишларида Россиянинг қатор ҳужумларини қайтарган.
Украина ҳарбий-ҳаво кучлари, ракета ва артиллерия бўлинмалари рус ҳарбий хизматчилари ва техникаси жойлашган позицияларга, қўмондонлик пунктлари ва ўқ-дори омборларига зарба берди, дейилади бош штаб кундалик баёнотида.
Озодлик уруш шароитида томонлар бераётган маълумотларни мустақил манбалардан тезкор текшириш имконига эга эмас.
Москвада тожикистонлик блогер қўлга олинди
Россияда тожикистонлик блогерга нисбатан РФ ЖКнинг 282-моддаси (“Нафрат ёки адоват қўзғатиш, шунингдек инсон қадр-қимматини ерга уриш”) моддаси бўйича жиноят иши очилди. Бу ҳақда Россия Тергов қўмитаси матбуот хизмати маълум қилди.
Блогер Москвада қўлга олинган.
Тергов талқинига кўра, гумонланувчи “рус миллатига мансуб бир гуруҳ шахсларга нисбатан ёмон муносабатда бўлгани туфайли” “славянча кўринишли қизларнинг инсоний қадр-қимматини таҳқирлаш” белгилари мавжуд видеоролик суратга олган ва интернетга жойлаган.
“Осторожно, новости” ва Shot телеграм-каналлари хабар қилишича, гап блогер Салмон Жумабой ҳақида бормоқда. 2023 йил декабрда Интернетда унинг гўёки “яқинда барча рус қизлари бизники бўлади” ва “Наташка билан кайф-сафо қилдим” деган гаплари бор ролик тарқалган эди. Блогернинг ўзи видеодаги овоз уники эмаслигини, ўз фаолияти мобайнида ҳеч кимга ёмонлик тиламаганини ва миллий айирмачиликка чақирмаганини айтмоқда.
Блогер Москвада ҳибсга олинган. Айби исботланган тақдирда у 6 йилгача муддатга қамалиши мумкин.