Россия босқинини қоралаган шоир Лев Рубинштейн вафот этди
Россиянинг Украинага тўлақонли босқини қораланган шоир Лев Рубинштейн вафот этди. Бу ҳақда марҳумнинг қизи маълум қилди. “Бугун отам Лев Рубинштейн вафот этди”, деб ёзди у. Шоир 76 ёшда эди.
Саккизинчи январда шоирни Москва марказида автомобил уриб кетган, у оғир аҳволда Склифосовский номидаги касалхонага ётқизилиб, операция қилинган эди.
Рубинштейн реанимация бўлимида бўлган, унинг кўп суяклари сингани ва бош суяги-мия жароҳати мавжудлиги аниқланган.
Рубинштейнни уриб кетган 63 ёшли ҳайдовчига қарши жиноят иши очилган. Йўл ҳаракати қоидасини бузиш натижасида инсонга оғир шикаст етказгани учун у бир неча йилга қамалиши мумкин.
Лев Рубинштейн 1947 йилда туғилган. М.Шолохов номидаги Москва давлат гуманитар университетининг филология факультетида таҳсил олган.
Рубинштейн Москва концептуализми асосчиларидан бири саналади. 2012 йилда у “Диққат белгилари” китоби учун “Янги адабиёт” мукофотига сазовор бўлган эди.
Шоир илк асарларини Ғарбда нашр этдирган, Россияга унинг ижоди 1980-йиллар охирларида кириб келган.
Рубинштейн фаол жамоат арбоби эди. У Чеченистондаги урушга қарши чиққан, Pussy Riot хонандаларини ҳимоя қилган, Россиянинг Украинадаги айирмачиларни қўллаб-қувватлашини қоралаган.
2017 йилда у Рус ПЕН-Маркази таркибидан чиққан, ўз қарорини Марказ ижоди учун таъқиб этилаётган ёзувчиларни ҳимоя қилиш мажбуриятини бажармаётгани билан изоҳлаган.
2022 йил мартда у Россиянинг Украинага тўлақонли босқини қораланган очиқ хатга имзо чеккан.
Владивостокнинг судланган собиқ мэри Украинадаги урушга бориш учун қамоқхонадан чиқарилди
Порахўрликда айбланиб, 12 йилга қамалган Владивостокнинг собиқ мэри Олег Гуменюк колонияни тарк этди. Унинг адвокати Александр Китаевнинг айтишича, Гуменюк Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаган ва у Украинадаги урушга юборилади.
Китаевнинг аниқлик киритишича, мижози аввало ҳарбий тайёргарликдан ўтиши керак. У Гуменюкнинг ҳозир қаердалигини билмайди.
Адвокатга кўра, Гуменюк дастлаб ўтган йилнинг 22 декабрида ҳарбий қисмга келиши керак бўлган.
Гуменюк колонияда армия шартномасини имзолагани аввалроқ хабар қилинган эди. У ҳарбий қисмга борган, бироқ ўтган йилнинг 29-ноябрида у колонияга қайтарилган. Унинг қайтиши сабаби номаълум. Тахминларга кўра, ФСБ ходимлари унинг фронтга боришига рухсат бермаган бўлиши мумкин.
Маҳаллий оммавий ахборот воситалари Гуменюкнинг ҳарбий кийимда, қурол билан, бошқа ҳарбийлар қуршовида тургани тасвирланган суратни нашр этмоқда.
2023 йил бошида Гуменюк 38 миллион рубл миқдоридаги пора билан боғлиқ иш бўйича 16,5 йилга озодликдан маҳрум этилган эди. Кейинчалик жазо муддати 12 йилга қисқартирилди.
Бу судланган ёки судланувчи мансабдор шахснинг жиноий жавобгарликдан қочиш учун Украинага урушга бориши биринчи марта эмас.
Хакасия раҳбарининг собиқ ўринбосари, порахўрликда айбланган Сергей Новиков ва денгиз бўйидаги Болшой Камен шаҳрининг собиқ раҳбари Рустам Абушаев ҳам фронтга кетган.
Давосда Украинанинг “тинчлик формуласи” муҳокама этилди
Швейцариянинг Давос шаҳрида Европа, Осиё, Жанубий ва Шимолий Америкадаги 80 дан ортиқ давлат раҳбарларининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчилари ва дипломатлари Украинадаги урушни тўхтатиш шартларини муҳокама қилди. Бу Украина томонидан таклиф қилинаётган “тинчлик формуласи” бўйича ўтказилган тўртинчи халқаро анжуман бўлди.
Тадбирга Россия таклиф қилинмади. Бундан аввалги учта йиғин ҳам Россия иштирокисиз ўтказилганди. Анжуманда Украинани дастаклаётган Ғарб давлатлари ҳам, Россия босқини юзасидан бетараф позицияда бўлган давлатлар вакиллари ҳам қатнашди.
Давос анжуманида Киев номидан Украина президенти маъмурияти раҳбари Андрей Ермак иштирок этди. Ермак ўз телеграм каналида йиғилиш иштирокчиларига Россиянинг сўнгги ҳужумлари ва Киевнинг ўт отишни тўхтатиш бўйича режалари тўғрисида маълумот берганини ёзди.
“Ўт отишни тўхтатиш тўғрисидаги оддий шартнома Россиянинг Украинадаги агрессиясини тўхтатиб қола олмайди. У агрессорга куч тўплаш учун танаффус бўлади холос. Бу тинчлик сари ташланган қадам эмас. Россия тинчликни истамайди. Россия Украинада устуворлик қилишни хоҳлайди”, деб ёзди Ермак.
Швейцария ташқи ишлар вазири Игнацио Кассис Москва тинчлик жараёнига вақти келиб қўшилишга мажбур бўлишини таъкидлади. Swissinfo нашри унинг ”Россия ўз сўзини айтмагунича тинчлик бўлмайди”, деган гапини иқтибос сифатида келтирди. Айни пайтда вазир “Украинани дастаклаш учун барча имкониятларни ишга солиш зарур”лигини билдирди.
Бошқа давлатлар вакиллари Давосдаги анжуман юзасидан ўз фикрини билдирмади.
Ўтган йили Украина президенти Владимир Зеленский урушни тўхтатиш бўйича “тинчлик формуласи”ни таклиф қилган эди. Ўн банддан иборат мазкур ҳужжатда, жумладан, Россия кучларини Украина ҳудудидан олиб чиқиш, Украина ҳудудий яҳлитлигини тиклаш тинчлик сари ташланадиган асосий қадамлар экани айтилади.
Россия Украинага 517 болани қайтарди
Москва босиб олинган ҳудудлардан мажбуран Россияга олиб чиқиб кетилган болалардан 517 нафарини Украинага қайтарди. Бу ҳақда Украина омбудсмени Дмитрий Лубинец Давосда ўтган анжуманда маълум қилди.
Унга кўра, Россия томонидан 2828 нафар катта ёшдагилар ҳам қайтарилган, улардан 150 нафари тинч аҳоли.
“Бизнинг вазифамиз барчани қайтариш”,- деган Лубинец халқаро ҳамжамиятни мазкур масалага алоҳида эътибор қаратишга чақирди.
Киев расмийларининг билдиришича, 2023 йил охиригача Украинадан Россияга 19546 нафар бола мажбуран кўчирилган.
Ҳаагадаги Халқаро жиноят суди (ХЖС) 2023 йилнинг мартида Россия президенти Владимир Путинни ҳамда Россиянинг болалар ҳуқуқлари бўйича вакили Мария Львова-Беловани ҳибсга олишга ордер берганди. Бу иккиси ҳарбий жиноятларда, аниқроғи Украинанинг оккупация қилинган ҳудудларидан аҳолини, хусусан, болаларни мажбурий депортация қилиш ва кўчиришда гумонланмоқда.
Кремль босиб олинган ҳудудлардан аҳоли, жумладан, болалар мажбурий равишда депортация қилинганини рад этиб келмоқда. Россиянинг билдиришича, “болалар хавфсизлик нуқтаи назаридан” олиб чиқиб кетилган.