Украина Қуролли Кучлари: Россия армияси бир неча йўналишда ҳужумга ўтган
Украина Қуролли кучлари бош штаби маълумотига кўра, Россия бир неча йўналишда ҳужумга ўтган, энг қақшатгич жанглар яна Авдеевка, Мариинка ва Купянск яқинида кечмоқда.
Россия қўшинлари Купянск, Кременная, Бахмут, Авдеевка, Маринка, Золотая Нива, Приютное, Червоний, Вербовой, Работино ва Кринок ҳудудларида олдинга силжишмоқда. Бу ҳақда Украина Қуролли кучлари Бош штабининг эрталабки ҳисоботида маълум қилинган, унда руслар Авдиевкани қуршаб олишга уринишда давом этаётгани таъкидланган.
Шунингдек, хабарда айтилишича, 27 январга ўтар кечаси ва эрталаб Россия армияси Украинага тўртта “Шаҳед-136” камикадзе учувчисиз учоқлари (тахминларга кўра, уларнинг барчаси уриб туширилган) ва “Искандер-М” ракетаси билан Славянскга ҳужум қилган. У ерда қурбонлар ва вайронагарчиликлар ҳақида ҳозирча маълумотлар йўқ. Россия армияси ҳам Мирноград, Новоградовка ва Антоновкага С-300 зенит ракеталари билан саккизта ҳужум уюштирди.
BBC ва Медиазона Украинадаги урушда ўлган 43 минг рус аскари шахсини тасдиқлади
ОАВ: Украинадаги урушда Россиядан камида 43 минг ҳарбий ўлган
Россия Украинада тўлақонли босқин бошлаганидан бери фронтда камида 43 014 нафар россиялик ҳарбий ҳалок бўлган, улардан 5 107 нафари – сафарбар қилинганлар, 8 062 нафари эса маҳкумлардир. Би-би-си рус хизмати ва “Медиазона” барчасининг шахсини аниқлади.
Журналистлар очиқ манбалардаги маълумотларни ўрганиб, ўлими тасдиқланган сафарбар қилинган аскарлардан 80 фоизи (4 130 нафари) 2023 йилда ҳалок бўлганини қайд этганлар.
Шунингдек, суриштирувда айтилишича, Россия Украинага тўлақонли босқин бошлаганидан бери ва 2024 йил 19 январ ҳолатига фронтда камида 3 079 нафар россиялик зобит ўлган, улардан 800 нафари майор ва ундан юқори унвонларда бўлган.
Журналистлар томонидан тасдиқланган ўлимлар сони бўйича Россия ҳудудлари орасида Краснодар ўлкаси (1 672 та ўлим), Свердловск вилояти (1 474 та ўлим), Бошқирдистон (1 381 та ўлим) ва Челябинск вилояти (1 210 та ўлим) етакчилик қилмоқда. Ушбу даврда Москвадан – 500 ва Санкт-Петербургдан 492 киши ҳалок бўлгани қайд этилган.
Путин Иккинчи Жаҳон урушига аталган ёдгорлик мажмуасини очди
Россия президенти Владимир Путин Ленинград қамалининг 80 йиллигига атаб қурилган ёдгорлик мажмуасини очиб берар экан, Европани «русобия» да айблади ва Болтиқбўйи давлатларидаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ ҳолатни танқид қилди.
Кремль Иккинчи Жаҳон урушидан рус жамиятини бирлаштириш учун асосий восита сифатида фойдаланиб келади. Путин 1991 йилда Совет иттифоқи парчаланганидан кейин маънавий қадриятлар ҳам йўқотилганини бир неча бор таъкидлаган.
Путин ўз нутқида "фашистларнинг мақсади мамлакатимизнинг энг бой табиий ресурсларини қўлга киритиш ва тинч аҳолининг аксарият қисмини жисмонан йўқ қилиш бўлган эди" дея гапирган:
"Реваншистлар ва неонацистлар Гитлер услуби ва мафкураси билан қуролланди. Болтиқбўйи давлатларида ўн минглаб одамлар ғайриинсонийликда айбланиб, энг асосий ҳуқуқларидан маҳрум қилинди ва таъқибга учради. Киев режими Гитлер тарафдорларини қўлламоқда. Европанинг бир қатор давлатларида русофобия давлат сиёсати сифатида тарғиб қилинмоқда".
Россия Украинага бостириб кирганидан бери рус расмийлари урушни гўёки нацистларга қарши кураш деб кўрсатишга уриниб келмоқда.
Украина эса буни империячилик уруши учун сохта баҳона сифатида қоралаган.
Кремль Украинадаги махсус ҳарбий операциясини Россия аҳолиси орасида тарғиб қилишда Иккинчи Жаҳон урушидан фойдаланиб келади.
Зеленский Америка ҳарбий ёрдамининг кечикаётгани ҳақида
Владимир Зеленский ўзининг шанба кунги видеомурожаатида АҚШ Конгрессидаги демократлар ва республикачилар ўртасидаги сиёсий келишмовчиликлар туфайли кечиктирилган АҚШ ҳарбий ёрдамини "жуда зарур" деб атади.
Шу билан бирга, Украина президенти "сўнгги ойда мудофаа пакетларида ижобий динамика" борлиги ҳақида гапирди.
"Албатта, осмонда назоратга эришиш ва ердаги имкониятларни, айниқса артиллерияни кучайтириш учун бизга кўпроқ ёрдам керак. Лекин, биз учун қанчалик қийин бўлмасин, бизда артиллерия, ракеталар таъминоти ва ҳаво ҳужумидан мудофаа учун ўқ-дори захиралари бор. Мен аскарларимизни ва украиналикларнинг ҳаётини қўллаб-қувватлаётган ҳар бир давлатга раҳмат айтаман”, — деди Зеленский.
Бахмут яқинида мудофаа чизиғини ушлаб турган украиналик аскарлар душман ҳужумини муваффақиятли қайтариш учун уларга кўпроқ ўқ-дори ва қурол-яроғ зарурлигини айтмоқда.
Украин кучлари мустаҳкам ҳимояланган Россия мудофаа чизиғини ёриб ўта олмаганидан кейин фронтнинг кўплаб ҳудудларида мудофаа позициясини эгаллади.
Украина Бош штаби ўтган 24 соат ичида 82 та жанг бўлганини маълум қилди.
Ҳисоботда айтилишича, украина ҳарбийлари Бахмут шаҳри яқинида русларнинг саккизта ҳужумини қайтарган.
80 алоҳида Галисия ҳужум бригадаси аскарлари Британияда ишлаб чиқарилган Л119 артиллерияларидан фойдаланмоқда. Улар рус қўшинлари асосан тунда кичик гуруҳларда олдинга силжишга ҳаракат қилаётганини билдирди.