Лисичанск ўққа тутилиши оқибатида ўлганлар сони 28 кишига етди
Луганск вилоятининг Россия оккупация қилган Лисичанск шаҳрида “Адриатик” ресторани жойлашган бино ўққа тутилиши натижасида ўлганлар ва ярадорлар бор.
Бу ҳақда вилоятнинг Россия тайинлаган маъмурлари ва Россия идоралари маълум қилди.
Якшанба куни эрталаб харобалар тагидан бир ёш бола дохил 28 кишининг жасади чиқариб олинган. Шунингдек, камида 10 киши яралангани айтилмоқда. Вайрона остида яна одамлар бўлиши мумкин, қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда.
Айирмачи “ЛХР” вакиллари ҳужумда украин ҳарбийларини айблаётир.
Россия томонидан “ЛХР” раҳбари этиб тайинланган Леонид Пасечник Украина ҚКни фуқаровий объектга қасддан зарба беришда айблади.
ТАСС тергов қайдларига таяниб, зарба HIMARS қурилмасидан йўлланган бўлиши мумкинлиги ҳақида ёзмоқда, Россия ТИВ баёнотида эса бинога “Ғарбда ишлаб чиқарилган қурол”дан ўт очилгани айтилади. Украина томони воқеа юзасидан изоҳ бергани йўқ.
Россия ФВВ ёйинлаган видеода вайрон бўлган икки қаватли бинони, мажақланган автомобиллар, ўт ўчирувчилар ва харобалар устида ишлаётган техникаларни кўриш мумкин.
Вазирлик маълумотига кўра, вайроналар остидан бир неча киши тирик ҳолда топилган. Бир неча ярадор Россия назоратидаги Луганск шаҳри касалхоналарига етказилган.
4 феврал “ЛХР”да мотам куни деб эълон қилинди.
Лисичанск Россия томонидан 2022 йил ёзда босиб олинган ва ўшандан бери унинг назоратида қолмоқда. У ерда кўча жанглари бўлмаган, шу боис шаҳарда, Бахмутдан фарқли ўлароқ, тинч аҳоли яшаяпти. Лисичанск фронт чизиғидан тахминан 10-15 километр ичкарида жойлашган.
Украинанинг Россия оккупация қилган ҳудудлари, айниқса фронт чизиғи яқинидаги аҳоли масканлари ўққа тутилиши натижасида тинч фуқаролар қурбон бўлиши тез-тез кузатилмоқда.
21 январ куни Донецк шаҳрига ҳужум оқибатида қарийб 30 киши ўлган эди. Россия томони ҳужумда Украинани айблади. Украина Қуролли кучлари ўша куни бу ҳудуд ўққа тутилмагани ҳақида баёнот берди, Украина ОАВларида эса ҳужумни Россия ҳарбийларининг ўзлари уюштирган, деган тахмин пайдо бўлди.
Россия Херсон шаҳрини бомбардимон қилди
Херсон вилояти раҳбари Александр Прокудин Россия Украинанинг Херсон шаҳрига ракета зарбаси бергани, ҳужум оқибатида икки киши яралангани ва бир қанча биноларга зарар етгани ҳақида маълум қилди.
73 ёшли аёл ва 17 ёшли ўсмир яраланиб шифохонага ётқизилган.
Рейтерс видеодаги жойлашувни тасдиқлашга муваффақ бўлди, бироқ видео санасини мустақил равишда тасдиқлай олмади.
Россия Мудофаа вазирлиги ўтган ҳафта мобайнида рус қўшинлари Украина қўмондонлик марказлари, ҳарбий объектларига ҳамда ўқ дори ва ёқилғи базаларига 37 марта дрон ва бошқа қуроллар билан зарба берганини маълум қилди. Мудофаа вазирлигига кўра, рус ҳарбийлари Ғарбда ишлаб чиқарилган ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини ҳам йўқ қилган.
Украина Қуролли кучлари Бош штаби сўнгги сутка ичида фронтда 45 та жанг бўлиб ўтганини маълум қилди.
Бош штаб ҳисоботига кўра, Украина ҳарбий-ҳаво кучлари, ракета ва артиллерия бўлинмалари рус ҳарбийлари ва қурол-яроғлари жойлашган ўндан ортиқ позицияларга ҳужум қилиб, битта рус артиллериясини йўқ қилган.
Москвада рус ҳарбийларининг оилалари уюштирган норозилик намойишини ёритган журналистлар ҳибсга олинди
Рус аскарларининг оилалари ўз эрларини Украинадан қайтаришни талаб қилиб Москва марказида митинг уюштирди. Намойишда полиция 20 га яқин журналистни бир неча соатга ҳибсга олган.
"Бизнинг эркаклар на маънан, на жисмонан ҳарбий сафарбарликка тайёр эмас эди. Улар ҳарбий мутахассислар эмас, балки фуқаролик ишида ишлашган. Эрларимизни уйга қайтариш кераклигини талаб қиляпмиз”, деди норозилик акцияси иштирокчиси Мария Андреева.
Россия полицияси журналистларни бир неча соат ушлаб туриб кейин ҳеч қўйиб юборган.
"Мен ҳалок бўлган аскарлар хотирасига гул олиб келмоқчи эдим. Сафарбар қилинганлар уйга қайтишини хоҳлайман. Биз кўп болали оиламиз, эрим Украинада фронтда. У бизга керак", деди норозилик акцияси иштирокчиси Олга.
Рус аёллари Владимир Путиннинг 2022 йил сентябрдаги фармонидан кейин сафарбар қилинган эрлари, ўғиллари ва яқинларининг фронтдан қайтишини талаб қилмоқда.
Москва прокуратураси митинг рухсатсиз ўтказилганини маълум қилиб, рухсат этилмаган оммавий тадбирларга тарғиб қилиш ва иштирок этиш жавобгарликка сабаб бўлиши ҳақида огоҳлантирди.
Украина разведкаси Энгелсда Россия учувчисига суиқасд қилганини маълум қилди
Украина Разведка бош бошқармаси (РББ) Энгелс шаҳрида Ту-95 бомбаловчи учоғи пилоти Олег Стегачёвга суиқасд қилганини билдирди.
Украина разведкаси хабарномасига кўра, у Украина фуқаровий объектларига ракета зарбалари йўллашда ва украин фуқароларини ўлдиришда бевосита иштирок этган.
Айтилишича, Стегачёв ўқотар қуролдан ярадор қилинган. Унинг тирик ёки ўликлиги ҳозирча мавҳум.
РББ маълумотига кўра, Стегачёв 1983 йил 23 июнда туғилган ва “Энгелс” авиазабасида (06987 ҳ/қ) хизмат қилган.
Учувчи “Миротворец” базасига киритилган. 2023 йилнинг кузида Molfar OSINT-лойиҳаси Стегачёвни Украина фуқаровий объектларига Х-101/Х-555/Х-55 ракеталари билан ҳужум қилувчи Ту-95МС “Воркута” бомбаловчи учоғи пилотларидан бири сифатида тилга олган эди.
Иккинчи феврал оқшомида Энгелсда яшовчилар Петровская кўчасида ўқ узилганини ва бир киши яраланганини маълум қилишган эди.
Учинчи феврал куни бу ҳақда “Саратов 24” телеканали хабар қилди. Интернетга сиздирилган маълумотларга кўра, Стегачёв Энгелс шаҳрининг Петровская кўчасидаги уйлардан бирида рўйхатда турган.
Украина РББ келтирган туғилиш санаси ҳам бир хил. Бундан ташқари, украин разведкаси қора рангли Toyota Land Cruiser автомобили суратини ҳам эълон қилди, бу машина 2023 йилги маълумотларда Стегачёв тегишли деб қайд этилган.