Россия: “Рус кўнгиллилар корпуси ҳужумлар қайтарилди
Россия Мудофаа вазирлиги сешанба куни кечқурун “Рус кўнгиллилар корпуси”, “Россия озодлиги” легиони ҳамда “Сибир батальони”нинг Белгород ва Курск вилоятлари чегара ҳудудларига ҳужумлари натижаларига доир ўз баёнотини эълон қилди.
Вазирлик барча ҳужумлар қайтарилганини, душман талафоти 243 нафар аскарни ташкил этишини иддао қилмоқда.
Шунингдек, “Нехотеевка” чегара ўтиш жойининг Украинага тегишли қисмида ёниб турган танк видеоси ҳам ёйинланди.
Россия Мудофаа вазирлигига кўра, Украина тарафида урушаётган россияликларнинг кўнгилли отрядлари жангларда 5 та танк ва битта БТР йўқотган.
Куни кеча “Россия эркинлиги легиони” гуруҳи ўз жангчилари Россияга киргани акс этган тасвирларни эълон қилди.
Украина томонидан қўллаб-қувватланадиган бу жангчилар ўзларини Кремлга мухолиф россияликлар эканини айтади.
Легион матбуот котиби Алексей Барановский Рейтерс билан суҳбатда, легион кучларининг асосий қисми Курск вилоятида эканлигини айтди.
Унинг сўзларига кўра, ҳужум Россияни ўз заҳираларини сарфлашга мажбур қилиши, бу эса Россиянинг Украина шарқидаги ҳужум ҳаракатларини сусайтириши мумкин:
“Биз фарзандларимизга нормал ва маданиятли келажакни, санкцияларсиз, репрессияларсиз, танлаш имкони бўлмаган сайловларсиз келажакни беришни истаймиз. Энг муҳими, урушсиз. Россия президенти Владимир Путин ҳокимиятга 20 йилдан ортиқ вақтдан бери эгалик қилиб келмоқда”.
Путин: Ядро урушига техник жиҳатдан тайёрмиз
Владимир Путин Россия медиасидаги етакчи Путинпараст тарғиботчи сифатида танилган Дмитрий Киселёвга интервью берди.
Интервьюда Путин, агар АҚШ қўшинлари Украинада пайдо бўлса, Россия буни ўз ҳудудига интервенция сифатида қабул қилишини айтди.
РИА агентлиги ва «Россия-1» давлат телевидениесида берилган интервьюсида Путин яна, агар Қўшма Штатлар ядровий синовлар ўтказса, Россия ҳам шундай жавоб беришини таъкидлади.
Путин Россия ҳарбий-техник нуқтаи назардан ядровий урушга тайёр экани, аммо ҳозирча вазият бундай натижага «қараб кетмаяпти», деб ҳисоблашини қўшимча қилди.
Кисельёвнинг “Биз ҳақиқатан ҳам ядро урушига тайёрмизми?” деган саволига жавобан, “техник нуқтаи назардан, албатта, биз тайёрмиз”, деди:
“Техник нуқтаи назардан, албатта, биз тайёрмиз. Улар (ракеталар) доимий жанговар шай ҳолатда. Иккинчидан, бизнинг ядровий триада бошқа триадага қараганда замонавийроқ, буни ҳамма билади. Ҳозирда триада бизда ва америкаликларда бор. Биз эса улардан анча илгарилаб кетдик. Агар ядро ташувчилар ва жанговар каллаклар сони ҳақида гапирадиган бўлсак, деярли тенгмиз, лекин биздаги ядро элементи замонавийроқ. Буни барча мутахассислар билади. Аммо биз улар билан жанговар каллаклар сони бўйича ўзимизни таққосламаймиз. Лекин буни барча мутахассислар, ҳарбийлар яхши билади”.
Бундан ташқари, Россия президенти, Украина бўйича музокараларга ҳозирлик ҳақида: “Ҳа, тайёрмиз, лекин бангдори ичиб олган одамнинг кўнгил истакларига қараб қолган музокараларга эмас”, деди.
Чегарада 1000 кмдан узун туннел қуриляпти
Украин кучлари Россиянинг олдинга силжишини тўхтатиш учун фронт чизиғи бўйлаб юзлаб километрлик махсус жиҳозланган туннеллар қурмоқда.
Харков вилоятида барпо қилинган ва яхши жиҳозланган туннеллар тармоғи баҳорда русларнинг кучайиши мумкин бўлган ҳужумини олдини олишга қаратилган.
Украина 1000 кмдан ортиқ туннел қуришни мақсад қилган ва бу лойиҳага 466 миллион доллар ажратган.
«Бу туннель 122 ва 155 ммли артиллерия ўқларига ҳам бардош бера олади. Ичкаридагиларнинг ҳаракатини душман ҳаводан туриб кузата олмайди. Туннелнинг у бошидан кириб, бошқа томонидан бемалол чиқиш мумкин», дейди украин ҳарбийси.
Германия армия реформасига киришди
Süddeutsche Zeitung газетаси ёзишича, Мудофаа вазирлиги махсус лойиҳаси “янги замон талаблари” муносабати билан армияни реформа қилишни кўзлайди.
Россия таҳдиди ортаётган шароитда бундесвер Германия ва НАТО мудофааси учун “уруш олиб боришга қодир бўлиши керак”, дейилади лойиҳада.
Армиядаги асосий муаммолардан бири ҳарбийлар етишмаслигидир. Ҳозирда 181 минг аскар ва офицер хизматни ўтамоқда. Аввалроқ, 2031 йилгача ҳарбий хизматчилар сонини 203 минг нафарга етказиш режаланган эди, бироқ экспертлар бу муҳтамал ҳужумни қайтариш учун етарли эмас, деб ҳисоблашмоқда.
Мудофаа вазири Борис Писториус Швеция тажрибаси бўйича, барча йигит ва қизларни ҳарбий хизматга яроқлилик нуқтаи назаридан кўрикдан ўтказишни таклиф қилмоқда.