Линклар

Шошилинч хабар
13 октябр 2024, Тошкент вақти: 18:33

"Ўлим сиропи": Ўзбекистон расмийлари ЖСТ огоҳлантирган дорига қарши нега чора кўрмади?


Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган “Док-1 Макс” таблеткаси ва сиропининг ножўя таъсири билан боғланган ўлим ҳолатлари текширилаётганини маълум қилди.

ССВ баёноти Самарқандда 15 нафар боланинг айни доридан вафот этганига доир тармоқларда тарқалган хабар ортидан янгради.

Шу йилнинг 5 октябрь куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган йўтал сиропларидан болалар ўлими ҳолатлари қайд этилгани ҳақида огоҳлантирган эди.

Жамоатчилик фаоллари бу дорилардан ўлганларнинг ҳақиқий сони ўзбек расмийлари бераётган рақамлардан анча юқори бўлиши мумкинлигини тахмин қилишмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, Самарқанддаги дорихоналардан харид қилинган Ҳиндистонинг Marion Biotech Pvt. ООО компаниясига тегишли "Док-1 Макс" таблетка лимон ва асал таъмли клетчатка дори воситалар ўрнатилган тартибда экспертизадан ўтказилмоқда.

“Беморлар аҳволини ўрганиш ва ҳолат сабабларини аниқлаш мақсадида тезкор мутахассислар гуруҳи тузилди. Унинг таркибига Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳамда Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш Давлат марказининг малакали мутахассислари киритилди”, дейилади 22 декабрь куни тарқатилган расмий хабарда.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳам “Док-1 Макс” таблетка ва сироп дори воситалари билан боғлиқ вазиятни назоратга олганини билдирди.

Шунингдек, вазирлик "Док-1 Макс" дори воситаларининг Ўзбекистон ҳудудидаги савдоси 2022 йил 22 декабрдан вақтинча тўхтатилгани ва унинг реализацияси билан шуғулланаётган ташкилотлар огоҳлантирилганини эълон қилди.

Marion Biotech Pvt. Ltd компанияси Ўзбекистондаги расмий дистрибютори ва "Док-1 Макс" дори воситалари реализацияси билан шуғулланувчи “Quramax Medikal Namangan filiali” вакиллари Озодлик сўровига сотув тўхтатилганини тасдиқлашди.

- Фармацевтика қўмитасидан бизнинг бош офисимизга вақтинчалик сотмай туриш бўйича талабнома берилган. Карантинга олиб қўйилган маҳсулотлар. “Текширув натижалари чиққунча сотувга чиқмай турсин”, дейилди. "Док-1 Макс" дори воситалари Ҳиндистонда ишлаб чиқарилади, биз фақат сотамиз уни. Қолган саволлар бўйича бош офисимиз жавоб беради, деди фармацевтика компаниясининг ўзини таништирмаган ходими.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилоятида сўнгги икки ой ичида Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган “Док-1 Макс” ҳапдориси ва сиропини ичган 20 дан зиёд болада дориларнинг ножўя таъсири кузатилгани, бунинг ортидан ҳатто 15 нафар бола нобуд бўлганига оид маълумот пайдо бўлган эди.

Самарқанд вилоят болалар кўптармоқли тиббиёт маркази бош врачи М. Азизовнинг бу борада вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Д. Жуманиёзовга 15 декабрь куни ёзган хатида айтилишича, жорий йилнинг охирги 2 ойида “Док-1 Макс” ичирилган 21 нафар бемор болада “буйрак зарарланиши ва етишмовчилиги белгилари намоён бўлган”, уларда асосан анурия кузатилган.

“Булардан 17 тасида касаллик ниҳоятда оғир кечди, ҳатто бир неча гемодиализ сеансларини ўтказишга тўғри келди. 15 нафарида ўлим ҳолати кузатилди”, дейилган бош врач М. Азизов мактубида мазкур препаратни болаларда қўллашни тақиқлаш бўйича буйруқ чиқариш сўралган.

Идора расмийси ўз хатида охирги ойларда Самарқанд вилоятида айниқса болалар орасида нафас йўллари вирус касалликлари анча кўпайгани ва Соқлиқни сақлаш вазирлигининг бирламчи бўғин шифокорлари Док 1 Макс препаратини “жуда кўп” қўллаётганини эътироф қилган.

Smartgov Consulting компанияси ижрочи директори ва блогер Азиза Умарова ўзининг Фейсбук саҳифасида шу йилнинг октябр ойида Гамбияда 70 бола, Индонезияда эса яна 100 бола Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган сиропларни ичганидан сўнг ўлгани ҳақида ёзди.

- Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бу ўлимлар ортидан дарҳол барча мамлакатларни сиропдан ëппасига ўлиш ҳақида огоҳлантирган ва бу препарат таркибида ‘изн берилмаган дозада ’ диэтиленгликол ва этиленгликол борлигини кўрсатган эди. Ташкилот баëнотига кўра, бу сиропларда буйракка ўта оғир шикаст етказувчи потенциал хатар бор, дея тақиқ остига тушган ҳинд дорилари рўйхатини келтирган, деб ёзди Азиза Умарова.

Жамоатчилик фаоли бу дорилардан ўлганларнинг реал сони расмийлар бераётган рақамлардан анча юқори бўлиши мумкинлигини тахмин қилди.

Азиза Умарова муаммо дори ишлаб чиқараётган компаниялар, контрафакт дори дармонлар кўплиги ва Ўзбекистонда уларни рецептсиз истаган аптекада сотиб олиш мумкинлигига боғлади.

Тошкентлик блогер Никита Макаренко расмий идоралар йўталга қарши ҳинд сироплари, жумладан Dok 1 Max” нинг хавфлилиги тўғрисидаги маълумот ўзбекистонликларга етказилмаганига эътибор қаратди.

“Бизнинг Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигимиз ҳам, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам Ўзбекистон халқини огоҳлантиришни зарур деб билмади. Ваҳоланки 5 октябр куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг расмий баёнотида Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган йўтал сиропларидан болалар ўлими ҳолатлари қайд этилгани ҳақида хабар берилган эди.

ЖССТ 5 октябр куни барча мамлакатларни бундай дориларни аниқлашга ва улардан фойдаланишни тўхтатишга чақирган эди. Нега Ўзбекистонда соҳага масъулларнинг ҳеч бири бу ҳақда бонг урмади? - деб ёзади Никита Макаренко.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Озодлик саволларига жавоб бермади.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилотининг ҳинд йўтал сиропларидан фойдаланишни тўхтатиш тўғрисидаги огоҳлантириши юзасидан бирон чора кўргани ёки кўрмагани ҳақидаги савол ҳозирча очиқ қолмоқда.

Озодлик суҳбатлашган ўзбекистонлик фармаколог Раҳима Очилова муаммо Ўзбекистон фармакология бозорида сақланиб қолаётган бетартибликда, дейди.

- "Доктор МАКС" Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайди. Бу ерда ўз ихтироси асосида дори-дармон ишлаб чиқарадиган компаниялар йўқ. Препаратлар фақат четдан олиб келинади. Ҳиндистон дориларига ўзи ишонч йўқ – улар уйида ҳам ишлаб чиқараверади. Ўзини ҳурмат қилган фармакологлар айниқса Ҳиндистондан келадиган дориларга эҳтиёт бўлиб қарашади. Чунки контрафактлар ҳам кўп. Ўзим ҳам истеъмол қилмайман. Биз Ўзбекистонда, масалан, Чехиядан, қолаверса, ўша Россиядан келадиган дориларни яхши қабул қиламиз, ишонамиз уларга. Охирги йилларда бозоримизда Ҳиндистон компаниялари кўпайиб кетган, деди республикада фармакология соҳасида жиддий муаммолар мавжудлиги ва бозор тартибга солишини кераклиги вақти аллақачон етиб келганини таъкидлаган Раҳима Очилова.

Қирғизистон ҳукумати эса 23 декабрдан бошлаб “Доc-1 Мах” препаратини сотишни тақиқлади. Тақиқ Ўзбекистонда болалар ўртасида оммавий ўлим ҳолатлари қайд этилгани билан боғлиқ ҳолда киритилгани айтилмоқда.

Мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, 2022 йил 23 декабрдан бошлаб Қирғизистон Республикаси ҳудудида савдони вақтинча тўхтатишга қарор қилинди. Шунингдек, намуналар лаборатория таҳлиллари учун Марказий назорат-таҳлил лабораториясига (ЦКАЛ) жўнатилди”, — дейилади Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати Дори воситалари ва тиббиёт буюмлари департаментига таяниб Vesti.kg нашри хабарида.

Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти Гамбияда Ҳиндистоннинг Maiden Pharmaceuticals фармацевтика компанияси томонидан ишлаб чиқарилган тўртта йўтал сиропини қабул қилган камида 66 бола ҳалок бўлганидан кейин шу йилнинг октябр ойи бошларида ўзининг глобал миқёсда огоҳлантиришларини эълон қилганди.

Врачлар айнан Ҳиндистондан келтирилаётган йўтал сиропларидан нобуд бўлиш ҳолатлари ишгари ҳам кузатилганини қайд этган. Хусусан, 2013 йилда Покистонда 10та бола йўтал сиропларидан вафот этгани маълум.

Гамбиядаги ҳолатларда ҳам болачалар буйрак зарарланиши ва етишмовчилиги белгиларидан нобуд бўлгани қайд этилган.

Бу масала юзасидан Ҳиндистоннинг ўзида Дори-дармон воситалари стандартлари устидан назорат бўйича Марказий ташкилот томонидан тергов ишлари бошлангани хабар қилинган.

Форум

XS
SM
MD
LG