Линклар

Шошилинч хабар
27 феврал 2024, Тошкент вақти: 12:02

Ҳожибойдан Миршакарга. Ёш стэндапчилар сўз эркинлигини синаяпти


Ўзбекистонда танилган стэндапчи Миршакар Файзуллаевнинг чиқиши шу кунда ижтимоий тармоқларда қўлма-қўл бўляпти.

Стэндап комик ўз чиқишида бир давлатнинг иккинчисига босқинини қоралади, телевидение тарғиботи таъсирида қолган халқнинг буни маъқуллашини танқид қилди.

Миршакар каби ўнлаб ёш стэндапчиларнинг чиқишида Украина урушидан ташқари, Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий муаммолар, газ-электр тақчиллиги, ҳукуматдаги шасхларга афилланган элитар коррупция, монополияни гапираётган ёшлар авлодини кўриш мумкин.

Ёш ўзбек стэндапчилари сўз эркинлигини синаяпти
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:18:00 0:00

Миршакар Файзуллаев илк ўзбек стэндапчиларидан. У фақатгина маиший муаммоларни ҳажв қилиб кулдирмайди.

Унинг ҳажвларида ижтимоий, ҳатто ўзбек ҳажвчилигида урф бўлмаган ёки бир пайтлар Жулқунбой - Абдулла Қодирий билан бошланиб кейинчалик йўқ бўлиб кетган сиёсий сатира элементлари кўринади.

  • Стэндап - томошабин олдида саҳнадан туриб жонли ижро этиладиган комедия жанри. Ижрочини комик ёки кўпроқ стэндап артист, деб аташади.
  • Бу жанрда артист кичик ҳикоя, кузатишлар, ҳазилларини қисқа-лўнда бир неча жумлалар билан турли ҳаракат ва товушлар воситасида ифода қилади. Бундай ижро исталган жой - комедия клублари, фестиваллар, барлар, тунги клублар, театрлар ва оддий кичик давраларда ҳам ижро этилиши мумкин.
  • Стэндап комик сифатида тан олинган илк артистлар чиқиши 1840 йилларда АҚШдаги кичик очиқ театрларда бошлангани қайд этилган. Кейинчалик Британия ва бошқа ғарб давлатлари саҳналарига кўчган, айрим давлатларда комиклар саҳна костюми ва махсус гримларда ҳам чиқишни бошлашган.

Аслида стэндап комедия жанри - ўзбекча айтилса, саҳнада яккахон қизиқчилик чиқиши - ўзбек жамоатчилиги учун янги ҳодиса эмас, унинг номи янги, холос.

Бундай артистлар азалдан давлатнинг саҳналари, халқнинг эса тўй ва маросимларида бўлишган.

Қизиқчи, баъзан ўртакаш ёки тўйбошловчи, даврабоши - буларнинг ҳаммаси омма олдида яккахон чиқиш қиладиган, яъни сўзни ўйнатадиган усталари. Уларнинг чиқишларида сиёсий сатира элементлари учрайди.

Бундан ташқари, қадимда омма олдида жонли яккахон чиқиш қилган ва кундалик воқеалар, айниқса сиёсатни танқид қилган қўғирчоқбозларни ҳам қисман тилга олиш мумкин.

Қўғирчоқбозлар бугунга келиб фақат ўзбек болалар театрларида қолди.

Совет даврида эса Рустам Ҳамроқулов, Ҳожибой Тожибоев, Ўзбекистонда мустақиллик йилларига келиб Обид Асомов ва мана ҳозир Аваз Охун каби сўз усталари томошабинлар меҳрини қозонган. Аммо, уларда сиёсий сатира элементлари нисбатан кам.

Уларнинг чиқишларида кўпроқ маиший ва иқтисодий муаммолар устун - кўчада ҳамманинг оғзида юрган сўнгги шов-шувлар бош мавзу бўлди.

Президентлар ва уларнинг оиласи, Бош вазир ёки бошқа давлат амалдорлари, Ўзбекистон сиёсий элитаси ва уларнинг қилмишлари танқиди, мутойиба ёки очиқ сатираси бу сўз усталари чиқишларида кузатилмайди.

Аммо, давлат сиёсатига жуда нозик, қоғозга ўралган ишоратни таниқли қизиқчи - марҳум сўз устаси Ҳожибой Тожибоевда эшитиш мумкин.

Ҳозир Ҳожибойнинг йўлидан бораётган ва ҳатто, унга бирма-бир ўхшаш, деб олқишланаётган анаъанавий сўз устаси Аваз Охун ҳам анча мунча жиддий танқидларни тилга олади.

Бугунги замонавий дунёда энг машҳур сўз усталари - айнан стэндап комиклардир.

Европа ва АҚШда комедия жанрининг асосий қаҳрамонлари айнан улар. Уларнинг тобора кенг оммалашётганига бир сабаб - бугунги виртуал дунёда ҳамиша гавжум ижтимоий тармоқлар тақдим этаётган платформалардир. Ўзбекистонлик ёш стэндапчилар ҳам бу платформалардан унумли фойдаланишади.

Аммо, стэндапчиларнинг тез оммалашиши ва ном қозонишининг асл сабаби - сиёсий сатира элементининг кучлилигидир.

Ҳозир Россия ижод қилаётган, асли ўзбекистонлик стэндап комик Амбарцум Симонянц ўзбекистонлик ёш ижодкорларнинг келажагидан умидвор:

“Менимча, стэндап комедиянинг бошқа юмористик жанрлардан асосий фарқи - ўзи гапираётган масалаларга комикнинг шахсий муносабатидир. Бу гаплар - комикнинг ўзи мутойиба қилаётган масалаларга шахсий позицияси, туйғулари ифода қилади. Мен биринчидан бу жанр Ўзбекистонда ривожланиб бораётганидан мамнунман. Ўзбек халқида жуда машҳур юморчилик анаъанаси бор, бу борада Хўжа Насриддинни эслашнинг ўзи кифоя. Ўзбеклар закий ва донишманд. Шунинг учун стэндап ривожланади, деган фикрдаман ва тез орада биз янги номларни эшитамиз”.

Ғарбда бу жанр эгалари эркин. Яъни, ҳуқуқий жиҳатдан олинса, стэндап комикнинг чиқиши - унинг шахсий фикрини эркин ифода қилиш ёки эркин ижод қилиш ҳуқуқи сифатида малакаланади.

Шу кунда Ўзбекистонда стэндап комедия жарни билан профессионал шуғулланаётган 2 та студия бор. Бири рус тилидаги комикларни жалб қилган ва унда 10 га яқин ижодкор омадини синаяпти.

Яна бири эса ўзбек тилидаги клуб ва унда 20 га яқин ўзбек комик профессионал даражада стэндап жанри билан шуғулланмоқда.

Ҳозирча бу ижодкорлар гуруҳи ҳақида на “Ўзбекконцерт”, на Маданият вазирлиги ёки бирор давлат мулозими муносабат билдиргани Озодликка маълум эмас.

Аммо, ўзбекистонлик ижодкорлар ва интеллектуаллар Ўзбекистон ҳукуматининг эркин овозни бўғувчи ва чекловчи амалиёти бу ёшларнинг овозини бўғмаслигига астойдил умид қилмоқда.

Форум

XS
SM
MD
LG