Линклар

Шошилинч хабар
11 октябр 2024, Тошкент вақти: 01:09

Қум бўрони ва дарахтлар қирони. Ҳукуматнинг аниқ режаси борми?


19 июнь куни Ўзбекистоннинг 3 вилояти ва пойтахтида чанг ҳамда қум бўронлари кузатилди. Ҳаво ҳарорати ҳам айрим ҳудудларда 42-44 даражага кўтарилди.

Энергетика вазирлигига кўра, Бухоро, Навоий ва Самарқанд вилоятларида қарийб 40 минг хонадон электр тармоғидан узилган.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда баҳор ва ёз ойларида кучли чанг-қум бўронлари кузатилмоқда.

Экспертларга кўра, ҳаво ҳароратининг глобал исиши оқибатида Ўзбекистонда чўллашиш ва қурғоқчилик фавқулодда кучайган.

Шундай паллада, мамлакатда яшил ҳудудларнинг йўқ қилиниб, дарахтларнинг кесилиши ва шаҳарларда бетон-асфальт қопланган майдонларнинг кўпайтирилиши аҳволни янада оғирлаштирмоқда.


Бухоро ва Навоий вилоятлари, шунингдек Самарқанд вилоятининг айрим ҳудудларида кучли қум бўрони 19 июнь кечки соатларда бошланди.


Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолардан кўринишича, аввалига кучли шамол бошланган ва қисқа фурсатда чанг, қум бўронларига уланиб кетган. Бир неча соат ичида бу қум бўрони Тошкент шаҳрига ҳам етиб келди.

Тармоқ фойдаланувчилари ташқарида нафас олиш қийинлашгани, айрим ҳудудларда жамоат транспорти қатнови узилганидан шикоят қилишди.

Энергетика вазирлиги берган баёнотга кўра, 19 июнь куни қум бўрони кўтарилган 3 вилоятда ҳудудларда хонадонлар хавфсизлик мақсадида электр таъминотидан узилган:

  • Бухоро вилоятининг Шофиркон, Пешкў ва Ғиждувон туманларида 6 мингта,
  • Навоий вилоятининг Нурота, Навбаҳор, Конимех ва Кармана туманларида 23 560 та,
  • Самарқанд вилоятининг Пахтачи ва Қўшработ туманларида ҳам 9 мингта хонадонга электр энергияси етказиб бериш вақтинча тўхтатилган.

Ўзбекистон гидрометеорология маркази матбуот котиби Муниса Асилхўжаеванинг Озодликка айтишича, чанг-тўзон кўтарилиши ҳақида аҳоли аввалдан огоҳлантирилган:

“Тошкент шаҳрида ҳавода чанг миқдори нормадан жуда катта ошмаган. Лекин, бошқа ҳудудларда ошгани бўйича ПМ 2,5 - ПМ 10 кўрсаткичларини ўлчайдиган автоматик станцияларимиз йўқ. Чанг бўронлари Навоий вилоятида қаттиқ бўлди”.

Халқаро меъёрларга кўра, ПМ10 - диаметри 10 микрондан кичик бўлган чанг зарралари (≤ ПМ10) , ПМ2,5 эса диаметри 2,5 микрондан кичик бўлган зарраларни (≤ ПМ2,5) англатади.

Ўзгидромет илк бор шов-шув бўлган 2021 йилнинг ноябрь ойидаги қум бўронларини шундай изоҳлаган эди:

“Шамол кучайишининг оқибатида тупроқнинг жуда қуруқ устки қатлами кўтарилади ва республиканинг бир қатор туманларида кўрувчанлик 500-1000 метргача пасайиб, чанг-қумли ғубор ҳолатини келтириб чиқарди. Атмосфера ҳавосидаги чанг миқдори белгиланган миқдорлардан 5 баробарга ошди”.

Ўшанда Ўзгидромет буни мамлакатда 150 йил ичида илк бор кузатилган ҳодиса, деб қайд этган.

2021 йилдан буён қум бўронлари Ўзбекистонда тез-тез кузатилмоқда. Баҳор ва ёз ойларида улкан чанг булутлари ёпирилаётган қишлоқлар, бўрондан йўллардаги тирбанд ва ноқулай қатновлар акс этган видеолар ижтимоий тармоқларни тўлдирмоқда.


Эколог ва иқлимшуносаларнинг хавотирларига кўра, кейинги бир неча йил ичида ҳатто пойтахт Тошкентнинг осмонини қоплаётган чанг булутларининг табиий ва антропоген омиллардан иборат комплекс сабаблари бор:

  • ҳаво ҳароратининг ошиши,
  • бунинг оқибатида чўллашишнинг тезлашиши,
  • қурғоқчиликнинг кучайиши
  • йирик аҳоли пунктларда яшил майдонларнинг йўқотилиши

Аввалроқ Озодликка гапирган иқлимшунос Эркин Абдулаҳатовга кўра, глобал миқёсда ҳаво ҳароратининг ортиши оқибатида Ўзбекистонда ёз ойлари ҳарорат ўртача 2 даражага кўтарилган.

Бундан ташқари, бу йил Ўзбекистон кучли қурғоқчиликни бошдан кечирмоқда ва мамлакатда йилига тақрибан Тошкент майдонидан икки баробар катта ҳудуд чўллашмоқда:

- "Ўзбекистон ўзи йилига 3-4 ой ёғингарчилик бўлмайдиган ҳудудда жойлашган. Ҳозир бунга май ва сентябрь ойлари ҳам қўшилиб, ёз ойларида қурғоқчилик кучаймоқда. Оқибатда, яшил майдонларга кўпроқ сув беришингиз керак бўлади, аммо сув шусиз ҳам муаммо. Бизнинг Ўзбекистон ҳудудида йилига 2 та Тошкент шаҳричалик ҳудуд чўллашиб бормоқда", дейди иқлимшунос.

Унинг тушунтиришича, ҳозирги чанг бўронларининг айнан Навоий ва Бухоро вилоятларида кучайиши сабаби бу ҳудудларда чўл экинларининг қисқариб кетганидир.

- Қишда ҳавонинг илиқлаши оқибатида чўл ландшафтидаги ўсимликларнинг эрта уйғонишига олиб келди ва тўсатдан март ва апрель ойларида шимолдан келадиган совуқ шамол натижасида, бу экинлар уруғ ташлашни камайтириб юборди. Бу чўллашиш дегани, яъни кейинги йил шу пайтда бу ҳудудларда яшил экинлар камайишини англатади. Бунинг натижасида, кейинги йилларда нафақат чўл ҳудудлари, балки тоғ яйловларида ҳам чанг-тўзонлар кузатиляпти. Олдинлари Қизилқум ҳудудлари, Навоий вилоятининг шимолий ҳудудларида катта чорва кластерлари бўларди. Ҳозир булар қолмаган, чунки ана шу ҳудудлар чўллашиб бўлди, дейди Эркин Абдулаҳатов.

2016 йилда БМТнинг Атроф-муҳит бўйича дастури эълон қилган ҳисоботда, антропоген омиллар глобал миқёсдаги чанг чиқиндиларининг тахминан 25 фоизини ташкил қилиши айтилган, натижада аҳоли яшаётган ҳудудларда экотизимлар фавқулодда катта хавф остида қолгани айтилган эди.

Ўзбекистонда эса кейинги йилларда йирик шаҳарлар марказларидаги яшил ҳудудлар кескин қисқартирилди, кўп йиллик дарахтлар аёвсиз кесилди. Парклар ва яшил маконлар ўрнини кўпқаватли бетон ва ойнабанд бинолар эгаллади.

Экспертларга кўра, бунинг оқибатида қуруқ ҳудудлардан учиб келаётган ва йилдан-йилга ҳажми ошаётган чанг шамолларини ихота қилувчи яшил тўсиқлар йўқолиб кетди.

Ўзбекистон Фанлар академиясининг Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти катта илмий ходими, биология фанлари номзоди Бахтиёр Абдуғафуровга кўра, сўнгги пайтларда айрим ҳудудларда кислород тақчиллиги кузатилмоқда.

Абдуғафуров кузатувларига кўра, аслида Ўзбекистонда кейинги пайтларда аҳолининг аксар қисми шикоят қилаётган бош оғриғининг сабаби - яшилликнинг камайиши, қурғоқчиликнинг ошиши оқибатида ҳавода кислородга нисбатан карбонат ангидрид нисбатининг ортиб бораётганида.

Биолог Абдуғафуровнинг Телеграм каналида ёзишича, ҳозирда зудлик билан Ўзбекистонда дарахт экишни кўпайтириш зарур:

“Кислород/карбонат ангидрид нисбати номутаносиб тарзда ўзгариши тўхтамаса, ҳар қандай жой яшашга ноқулай ҳудудга айланади. Яшил маконнинг аҳамиятини содда қилиб шундай тушунтириш мумкин.Ҳозир машиналар ҳаракати, ишлаб чиқариш ва ҳоказо омиллар жадаллашиб бораётган, яшил қоплам камайиб бораётган бир вақтда яқин келажакда кислород танқислиги кун тартибига тушади. Бундан ҳеч ким омон қолмайди. Яшаш оғирлашади. Ҳатто кучлилар ҳам соғлом вужудини қурбон қилиб яшашга мажбур бўлади”.

Жаҳон метеорология ташкилотига кўра, қум ва чанг бўронлари ўсимлик қоплами кам бўлган қурғоқчил ва ярим қурғоқчил ҳудудларда содир бўлади.

Чанг зарралари ҳам турли йирикликда бўлади ва ҳажмига кўра, ҳаво таркибида бир неча соатдан 10 кунга қадар қолиши мумкин.

Ҳавода чанг миқдорининг ортиши одамларнинг соғлиғига жиддий хавф солади: инсон танасида нафас йўллари зарарланиб, бронхит, эмфизема, юрак-қон томир касалликларига чалиниши мумкин.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига кўра, диаметри 10 микрондан кичик бўлган ПМ10 зарралар ўпкага чуқур кириб, қолиб кетиши мумкин. Диаметри 2,5 микрондан кичик бўлган ПМ2,5 зарралар эса ўпкадаги аэрогематик тўсиқдан ўтиб, қон айланиш тизимига тушиши мумкин.

Шифокорларга кўра, чанг заррачаларини мунтазам ютган одамда юрак-қон томир касалликлари ва ўпка саратонига чалиниш эҳтимоли ортиши мумкин.

Форум

XS
SM
MD
LG