Линклар

Шошилинч хабар
19 май 2024, Тошкент вақти: 04:26

Тошкентдаги "ҳужра"да болаларни калтаклаган мударрис ўқитувчилик қилиш ҳуқуқини сақлаб қолди


Ўзбекистон Олий суди биноси. Иллюстратив сурат
Ўзбекистон Олий суди биноси. Иллюстратив сурат

Тошкент шаҳар судининг апелляция маҳкамаси ноқонуний диний таълим бериш жараёнида болаларни мунтазам калтаклаган шахсни ўқитувчилик ҳуқуқидан маҳрум этиш ҳақидаги прокурор талабини рад этган.

Озодлик ихтиёридаги ажрим ҳужжатига кўра, апелляция иши жорий йил 14 ноябрь куни судья З.Камолов раислигида кўриб чиқилган.

Суд ҳукмига кўра, 1995 йилда Қашқадарёда туғилган, “Alloma School” НТМда ўқитувчи бўлиб ишлаган шахс “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунга зид равишда, диний таълим беришга лицензияга эга бўлмагани ҳолда Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур тумани Ибн Сино-1 мавзесидаги ижара хонадонда ноқонуний “ҳужра” ташкил этган. 2023 йил 1 июлдан бир ой учун 200 минг сўм ҳақ эвазига 2010-2012 йилларда туғилган, вояга етмаган болаларга диний таълим берган. Тергов жараёнида аниқланишича, “мударрис” болаларни шнур ва хипчин билан уриб келган.

Жорий йил 15 июль куни болалардан бири калтаклардан қутулиш учун электр узайтиргич кабели воситасида “ҳужра”дан қочмоқчи бўлган ва бешинчи қаватдан тушиб кетган. Суд ҳужжатида айтилишича, ҳодиса чоғида бола кўплаб жароҳатлар олган, тана аъзолари чиққан ва синган.

Зўравон “муаллим” дастлаб Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 241-моддасига мувофиқ 15 суткага қамалган.

Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судининг 2023 йил 28 сентябрдаги ҳукмига кўра эса, у Жиноят кодексининг 145-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, икки йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. Шу кундан эътиборан унга “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси қўлланган.

Ҳолат юзасидан протест келтирган Шайхонтоҳур тумани прокурори ўринбосари судланувчига муайян муддат таълим тизимида фаолият юритиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тариқасида қўшимча жазо тайинлашни сўраган.

Пировардида апелляция инстанцияси судланувчи жиноятни бевосита таълим бериш имконидан фойдаланиб содир этганини тан олгани ҳолда, унга нисбатан “озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинлангани, муқаддам судланмагани, оиласининг ягона боқувчиси экани, ўқитувчиликдан бошқа даромад манбаи мавжуд эмаслиги”ни инобатга олиб, уни таълим тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилмаган.

“Апелляция суди инсонпарварлик нуқтаи назаридан протестни рад этибди. Ҳар доимгидек бизда болаларга эмас, муштумзўрларга инсонпарварлик кўрсатилади. Бу ўринда асосий масала ўқишнинг диний руҳда эканида ҳам эмас. Ахир, ўша кимса болаларни таҳқирлаган, уларга куч ишлатган. Калтак жонидан ўтиб кетган бола 5-қаватдан ўзини ташлаган. Аммо қизиқ жиҳати, шундай вазиятда ҳам унинг болалар билан ишлашига тақиқ қўйилмабди. Изоҳга тил ожиз!” дейди зўравонликка қарши курашиб келаётган маҳаллий фаоллардан бири Озодликка.

Ажрим ҳужжатида норози тарафлар Олий судга кассация тартибида шикоят ёки протест билдиришга ҳақли экани эслатилган.

XS
SM
MD
LG