Линклар

Шошилинч хабар
10 октябр 2024, Тошкент вақти: 14:57

Тошкентда ўткир юқумли касалликлар кўпайди. ССВ "даврий кўтарилиш" ҳақида гапирмоқда


 Тошкентдаги COVID-19 беморлари учун махсус қурилган Зангиота-1 шифохонасида ўринлар сонини 300 тадан 500 тага оширишга қарор қилинган.
Тошкентдаги COVID-19 беморлари учун махсус қурилган Зангиота-1 шифохонасида ўринлар сонини 300 тадан 500 тага оширишга қарор қилинган.

Тошкент шаҳрида ёш болалар орасида ўткир респиратор касалликлар кўпайгани, пойтахт касалхоналари ҳароратнинг кўтарилиши, йўтал белгилари билан мурожаат қилган беморларга тўлиб кетгани ҳақида хабарлар келмоқда.

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш расмийлари болалар орасида ЎРВИ кўпайиши ортидан шифохоналарга юкламалар ортганини тан олди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизматининг билдиришича, 23 ноябрь куни Тошкентда ЎРВИ билан боғлиқ вазият бўйича вазирликда шошилинч мажлис ўтказилган.

Мажлисда уч йил аввал COVID-19 беморлари учун махсус қурилган Тошкентдаги Зангиота-1 шифохонасида касалликка чалинган болалар учун ажратилган ўринлар сонини 300 тадан 500 тага ошириш ҳақида қарор олинган.

Шунингдек, сўнгги кунларда аҳолидан ҳароратнинг кўтарилиши, йўтал белгилари билан чақирувлар сони ортгани сабабли “103” хизматига эрталаб соат 06:00 дан 14:00 гача пойтахт шифохоналарида захирада бўлган 40 та автомашина қўшимча ажратилган.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги билдирувида ЎРВИга чалиниш ҳолати даврий мавсумдан кўплиги айтилган, лекин касалланганлар сони келтирилмаган.

Ўткир респиратор касалликлар – ҳаво-томчи орқали юқиб, нафас йўлларининг турли қисмлари яллиғланиши ва интоксикация синдроми билан кечадиган вирусли хасталиклар гуруҳидир.

Вазирлик сайтида келтирилишича, ЎРВИ болаларда юқумли касалликлар умумий сонининг 90 фоизини ташкил этиб, уларнинг барчаси мавсумий характерга эга. Яъни, бу хасталиклар йилнинг бошқа даврларига нисбатан айнан куз-қиш мавсумида кўп учрайди. Бу гуруҳга бир неча касалликлар, хусусан, вирусли – грипп, парагрипп, аденовирус, ротавирус, энтеровирус, шунингдек, бактериал– пневмококк, менингококк, стафилококк кабилар киради.

COVID-19 беморлари учун махсус қурилган Тошкентдаги Зангиота-1 шифохонаси.
COVID-19 беморлари учун махсус қурилган Тошкентдаги Зангиота-1 шифохонаси.

Тошкентда коронавирус ваҳимаси

Ўткир респиратор касалликлар клиник белгилари коронавирус билан ўхшашлиги сабаб аҳоли орасида миллионлаб одамлар ёстиғини қуритган уч йил аввалги вирус яна қайтгани ҳақида миш-мишлар тарқалишига сабаб бўлмоқда.

“Кичкина болалар орасида COVID тарқалган, яхшигина. Ҳудди ўша симптом, COVID бу. Ҳозир укамни яқин ўртоғини фариштадай қизи, 3 ёшли қизи Зангиота касалхонасида комада ётибди. Ўттизинчида боғчага борган, ниманидир "подцепит" қилиб келган . Ҳозир Зангиотада докторлар ҳеч нарса қилолмаяпти. Ҳуллас, COVID тарқаган. Эҳтиёт бўлинглар. Менинг ўғлим ҳам бўлди, зўрға оёққа тиклаб олдик”, - дейди пойтахтликлардан бири Телеграм- каналида тарқалган аудиоёзувда.

Тошкентдаги баъзи мактабларда болалардан ниқоб тақиш ва масофаланиш сўралмоқда.

“Маска, уч метр масофа сақлансин, болалар муздай нарса ичмасин деб қаттиқ огохлантириляпти. Ҳозир Юнусободдаги детский больница тўлиб кетган, кўпчилигида пневмония дейиляпти. Оғир ётганлари ҳам бор экан. COVID бошқача кўринишда қайтиб келди дейишяпти. Болаларда кўп бўляпти экан”, - дейди тошкентлик муаллим.

Озодлик суҳбатлашган Ўзбекистон Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати расмийлари COVID қайтгани ҳақидаги гап-сўзлар ўринсиз эканини таъкидлашди.

“Бутун дунёда бўляпти бу, ўткир респиратор касалликлар кўпайган, ноябрь ойида шунақа бўлиб олади. COVID эмас бу, беморларнинг барчасидан коронавирусга ҳам таҳлиллар олиняпти”, - деди Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг исми очиқланмаслигини сўраган ходими.

Хитойдаги номаълум пневмония ўчоғи

Ўзбекистонда ЎРВИ кўпайгани ҳақидаги хабар Хитойда эпидемиологик ҳолат борасида хавотир кучайган паллада ўртага чиқмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Хитойдан мамлакат шимолида болалар орасида тарқала бошлаган ва келиб чиқиши номаълум пневмония ўчоғи ҳақида барча мавжуд маълумотларни сўради.

Сўнгги кунларда Хитойдаги оммавий ахборот воситалари шифохоналар тўлиб кетгани ҳақида хабар беришди. Мамлакат шимолидаги кўпгина мактабларда дарслар бекор қилинган, чунки нафақат ўқувчилар, балки ўқитувчилар ҳам пневмония билан касалланган.

Хитой ҳукумати жорий мавсумда тумов ва нафас йўли яллиғланиши касаллиги ҳолатлари кўпайгани ва бу анти-ковид чораларининг бекор қилингани билан боғлиқ эканини айтган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига кўра, октябрь ойидан буён Хитой шимолида "гриппга ўхшаш касалликлар" ўтган уч йилдаги шу даврга нисбатан ошган.

"Ушбу ўсишларнинг баъзилари мавсумда тарихан кузатилганидан эртароқ, аммо бошқа мамлакатларда бўлгани каби, COVID-19 чекловлари олиб ташланганини ҳисобга олсак, кутилмаган хол эмас", дейилади баёнотда.

ЖССТ "вазиятни яқиндан кузатиб бориши ва Хитой расмий идоралари билан яқин алоқада эканлигини" айтмоқда ва аҳолидан инфекциянинг тарқалиш хавфини камайтириш учун чоралар кўришга, ниқоб тақишга чақирмоқда.

Ўзбекистонда уч йил аввал тарқалган коронавирусдан, расмий рақамларга кўра, 622 киши вафот этган.

Аммо мутахассислар ҳақиқий рақамлар ўзбек расмийлари келтирган рақамлардан бир неча баравар кўп бўлиши мумкинлигини айтишган.

Форум

XS
SM
MD
LG