Линклар

Шошилинч хабар
05 октябр 2024, Тошкент вақти: 10:55

Инсулин бизнеси. Ўзбекистон иккинчи заводни қурмоқчи. Биринчиси ишга тушгани йўқ


Президент Шавкат Мирзиёев Андижонда қурилган инсулин заводи очилиш маросимида, 2018 йил
Президент Шавкат Мирзиёев Андижонда қурилган инсулин заводи очилиш маросимида, 2018 йил

Ўзбекистон ҳукумати мамлакатда яна бир йирик инсулин заводини ишга тушириш режасини эълон қилди. Завод Россия сармоясига қурилади.

Инсулин - 1-турдаги қандли диабетга чалинган беморларни ҳаётда сақлаб туриш учун кундалик равишда бериладиган инъекцион препаратдир.

Апрель охирида Тошкентда ўтган “Иннопром. Марказий Осиё” кўргазмасида Ўзбекистоннинг "ZUMA-PHARMA" масъулияти чекланган жамияти билан Россиянинг “Герофарма” ширкати ўртасида инсулин ишлаб чиқарадиган заводни ишга тушириш бўйича келишувга эришилгани маълум қилинган.

Расмий маълумотга кўра, ҳозир завод қурилишига тайёргарлик бормоқда. Аммо, қачон ва қаерда қурилиши, қанча миқдорда маҳсулот чиқариши ҳамда препарат беморларга қачон етиб бориши ҳақида ҳануз маълумот йўқ.

Агар бу завод қурилса, расман Ўзбекистонда инсулин чиқарадиган иккинчи завод бўлади. 2018 йилда Андижонда қурилган “Марказий Осиёда инсулин чиқарувчи ягона завод” ҳануз ишга тушгани йўқ.

Лойиҳа атрофида йирик коррупция иддаолари ҳам илгари сурилган.


Ҳаёт-мамот орасидаги она

Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳрида истиқомат қиладиган 55 яшар Махсума Иброҳимова 3 йилдан буён инсулинга қарам ҳаёт кечирмоқда.

Қизининг айтишича, онаси 1-тур қандли диабетдан азоб чекади ва 3 йилдан бери ҳаёт-мамоти давлат томонидан бепул бериладиган инсулинга боғлиқ бўлиб қолган.

Бу оилага кўра, баъзан инсулин таъминотида узилиш бўлиб туради.

“Нурафшон шаҳар тиббиёт бирлашмаси томонидан бир ойда бир марта инсулин тарқатилади, бир ойга етадиган қилиб. 3 йил ичида 2 марта узилиш бўлди, ўтган йили куз ва ёз ойларида. Иккисида ҳам онам оғирлашиб, шифохонага тушиб қолдилар. 2 кундан жонлантириш бўлими, кейин 8 кундан шифохонада ётиб чиқдилар. Ҳозир аҳволи жудаям оғирлашиб қолган, инсулин ҳам фойда қилмаяпти. Бу йилдан Лантус деган янаям кучли инсулинга ўтказишди, лекин уни ўзимиз сотиб олишимиз керак экан”, дейди Махсума Иброҳимовани парвариш қилаётган қизи. У исми очиқланишини истамади.

Давлат таъминотида узилиш бўлганда беморлар, 3-5 кунга етадиган дозадаги инъекцияни ўртача 80 минг сўмдан, шприцни эса донасини 200 сўмдан харид қиладилар. Нурафшонлик суҳбатдошнинг айтишича, эркин савдода инсулин препарати бор, аммо айрим пайтларда хусусий дорихоналардан ҳам ғойиб бўлиб қолади.

Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, Ўзбекистонда қандли диабет билан касалланганлар сони 245 минг нафардан ортиқ бўлиб, шундан 2300 нафардан ортиғи болалар ва 879 нафари ўсмирлар ҳисобланади. Ўзбекистонда инсулин дори воситаси, давлат дастури асосида беморларга бепул тарқатилади.

Инсулин чиқарадиган завод қурилиши ҳақидаги хабар, Махсума Ибрагимова каби беморлари бор оилаларга, инсулин таъминотида узилиш тўхтайди, деган умидни бермоқда.

Москвада эришилган келишув

Тошкент вилояти ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, Россиянинг “Герофарм” ширкати билан инсулин ишлаб чиқариш лойиҳаси Тошкент вилоятида жойлашган "ZUMA-PHARMA" ширкати билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

Россия ширкатининг Ўзбекистонда инсулин ишлаб чиқариши ҳақидаги хабар шу йилнинг февраль ойида пайдо бўлган.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Россиянинг «Герофарм» биотехнология компанияси Ўзбекистонда заводни ишга тушириш бўйича битимга 1 февраль куни Москвада эришилган.

25 - 27 апрель кунлари Тошкентдаги “Ўзэкспомарказ” кўргазмалар залида ўтган “Иннопром. Марказий Осиё” саноат кўргазмаси пайтида томонлар ўртасида келишув имзолангани айтилди.

Аммо ҳанузгача заводнинг қаерда ва қачон очилиши, қанча маҳсулот ишлаб чиқариши ҳақида бирор маълумот йўқ.

Жумладан, Тошкент вилояти ҳокимлигининг ўзини таништирмаган расмийси, Олмалиқ туманидаги бир заводни инсулин ишлаб чиқаришга мослаш режаси борлигидан хабардорлиги, бироқ аниқ маълумотга эга эмаслигини билдирди.

Расмий баёнотларда тилга олинган "ZUMA-PHARMA" масъулияти чекланган жамияти - Ўзбекистон фармацевтика бозорида 2011 йилдан бери ишлаётган “UZGERMED PHARM” ширкатининг шўъба корхонасидир.

"ZUMA-PHARMA" масъулияти чекланган жамияти ҳақида orginfo.uz сайтида келтирилган маълумот
"ZUMA-PHARMA" масъулияти чекланган жамияти ҳақида orginfo.uz сайтида келтирилган маълумот

“Биз ампулада турли хил дори воситалари чиқарамиз. Масалан гепарин ва шунга ўхшаган. Кейинги пайтларда кўпроқ ковид дориларини чиқардик. Зумафарма бизнинг дочерной ширкат", деди “UZGERMED PHARM” ширкатининг ўзини таништирмаган вакили.

“UZGERMED PHARM” ширкати директори ўринбосари Ғайрат Ибрагимов эса: “Барча саволларингизни Телеграмдан ёзиб юборинг, жавоб бераман” деб ваъда қилди. Озодлик мухбири саволларни юборди, мулозим саволларни кўрди, ҳали жавоб бермади.

Шунингдек, "ZUMA-PHARMA" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Мансурбек Аҳмедов ҳам расмий равишда хат юборилган тақдирда барча саволларга жавоб беришини билдирди. Озодлик жавоб олиши билан эълон қилади.

Россиянинг айнан шу ширкат билан келишув имзолаган “Герофарм” компанияси эса биотехнологик дориларни ишлаб чиқаради ва расмий маълумотларга кўра, бу ширкат чиқарадиган инсулинга Ўзбекистон ва Марказий Осиё мамлакатлари бозорида талаб катта.

Очилган, аммо ишга тушмаган завод

Ўзбекистонда йирик инсулин заводи очилиши ҳақидаги маълумотлар фармацевтика бозори вакиллари ва жамоатчиликда жиддий саволларни туғдирмоқда.

Боиси Тошкент вилоятида очилиши айтилаётган завод, агар ишга тушса, Ўзбекистондаги иккинчи инсулин заводи бўлади.

Биринчи завод 2018 йилда катта дабдаба билан Андижон вилоятида очилган. Ўз вақтида ҳукумат бу заводни “Марказий Осиёда инсулин ишлаб чиқарадиган ягона завод” деб тақдим қилган.

Андижон вилоятининг Андижон туманида қурилган «Zamin Bio Health» МЧЖ заводини президент Шавкат Мирзиёев ҳам бориб кўрган.

Унда йилига 10 миллион флакон дори ишлаб чиқарилиши, 3-4 АҚШ долларидан четдан харид қилинаётган инсулиннинг нархи ўртача 2,5 АҚШ долларига тушиши айтилганди.

Аммо, бу завод ишга тушмади.

Озодликка маълумот берган андижонлик фармацевтга кўра, аслида бу завод тантанали очилиш маросимидан сўнг бир кун ҳам ишламаган.

“Инсулин заводи “Трастбанк”нинг 23 ярим миллиард сўмлик имтиёзли кредит маблағлари ҳисобидан барпо этилган. Лекин инсулин заводини йўлга қўйиш учун энг зарурий хомашё базаси ҳақида ҳеч қандай иш қилинмади ва бир тийин ҳам сарфланмади. Четдан тайёр инсулинни олиб келиб, қадоқлаб сотиш учун эса жуда катта валюта талаб қилинади. Маҳсулотнинг таннархи осмонга чиқиб кетади. Бошланишида завод очилиши учун олиб келинган инсулин эса қадоқланиб, давлатга қиммат нархда сотилди. Билишимча, ўшаниям пулини олишолмади. Аслида бу бизнес тепасида турганлар собиқ ССВ вазирининг қариндошлари эди. Вазир коррупциядаги катта айбловлар билан ишдан кетди, завод ҳам ўлди. Бу заводга ажратилган маблағ нима бўлди, ваъдалар нима бўлди - ҳеч қандай жавоб йўқ”, деб иддао қилди исми сир қолиши шарти билан Озодликка маълумот берган андижонлик фармацевт.

Озодлик бу иддаога ойдинлик киритувчи саволларни Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби Фурқат Санаевга йўллади, саволларга жавоб кутмоқда.

Ишлаб чиқаришмас, қадоқлаш бизнеси

Халққа катта ваъдалар билан тақдим қилинган биринчи завод тақдири ҳақида лом-мим демаётган ҳукуматнинг, эндиликда иккинчи заводни қуриш ваъдалари экспертлар томонидан шубҳа билан қарши олинмоқда.

Жумладан, Канаданинг Альберта шаҳрида ишлаётган асли ўзбекистонлик микробиолог Обид Мамадалиев, бу ўринда Ўзбекистонда инсулинни ишлаб чиқариш эмас, балки қадоқлаш бизнеси ҳақида гап бораётганини алоҳида урғулайди.

“Ўзбекистонда дори препаратларни ишлаб чиқариш саноати йўқ, фақат қадоқлаш бизнеси бор. Мен шахсан ўзим бунақа заводларда бўлганман ва бу бизнес қандай ишлашини биламан. Андижонда ҳам қадоқлашмоқчи эди. Нафақат дорининг ўзи, балки қадоқланадиган қути ёки флаконларигача чет элдан келади. Бунинг сабаблари кўп. Биринчидан, хомашё олиб келдик, деб қўшимча қиймат солиғидан қутулишади. Кейин, маҳаллий маҳсулот чиқарамиз, деб яна бир дунё имтиёзлардан фойдаланишади. Учинчидан, давлатга қиммат нархда сотиб, яна пул ишлашади”, дейди муқаддам божхона тизимида ҳам ишлаган Мамадалиев.

У шунингдек, бугунги кунда Россия фармацевтика ширкатларининг Ўзбекистонга фавқулодда қизиқиши сабабларини ҳам эътибордан қочирмаслик керак, деб урғулайди.

“Россиянинг ўзи эҳтиёж учун инсулиннинг 50 фоизга яқинини хориждан олади, биринчидан. Иккинчидан, ҳозир санкцияга тушгани боис, инсулин ишлаб чиқаришда зарур айрим компонентларни Ғарбдан олишда муаммо бор. Назаримда, Ўзбекистонда очиладиган завод, Ўзбекистон эҳтиёжлари учун эмас, аксинча Россияни инсулин билан таъминлаш учун очиляпти. Яъни, Ўзбекистон четдан зарур компонентларни бемалол олади ва инсулинни чиқариб, биринчи галда Россия элитасини ҳаёт учун зарур сифатли дори билан таъминлайди. Бу лойиҳаларнинг тепасида Россиядаги таниқли олигархимиз Алишер Усмонов турганидан ҳам буни англаш мумкин”, дея тахмин қилади микробиолог.

Озодлик бу тахминларга ойдинлик киритувчи саволларни Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби Фурқат Санаевга йўллади, саволларга жавоб кутмоқда.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги раҳбари Сардор Қориев, ҳозирда Россия ширкатлари билан, инсулин ва кимё терапия учун зарур препаратларни ишлаб чиқариш бўйича 2 та лойиҳа имзоланганини маълум қилган.

Умумий қиймати 65 миллион АҚШ долларига тенг бўлган бу лойиҳалар 25 - 27 апрел кунлари Тошкентдаги “Ўзэкспомарказ” кўргазмалар залида ўтган “Иннопром. Марказий Осиё” саноат кўргазмаси пайтида имзоланган.

Бу кўргазма Россиянинг “Иннопром” платформаси томонидан ташкил қилинди ҳамда экспертлар томонидан, Украинага босқини боис Ғарб санкциялари остида қолган Россия ширкатларининг Ўзбекистонга кўчиши учун бир кўприк вазифасини ўтади, деб баҳоланди.

“Айланма йўлдаги омбор”. Яккаланган Россия иқтисодий санкцияларни Ўзбекистон орқали айланиб ўтмоқчи
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:21 0:00
XS
SM
MD
LG