Линклар

Шошилинч хабар
13 июн 2024, Тошкент вақти: 21:30

Брюссел Украинага муқобил ёрдам пакетини тайёрламоқда


1 февралда бўладиган саммит чоғида Европа Иттифоқи давлатлари Украинага тўрт йилга мўлжалланган 50 миллиард евролик ёрдам дастурини тасдиқлай олмаса, муқобил ёрдам таклиф этилади.

Бу ҳақда Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен 1 январдан бери Европа Иттифоқига раислик қилаётган Белгия бош вазири Александр Де Кру иштирокидаги матбуот анжуманида маълум қилди.

“Асосий устувор йўналиш – Европа Иттифоқининг барча 27 мамлакати ўртасида келишувга эришиш, бироқ биз бошқа йўл билан фойдаланиш мумкин бўлган оператив ечимлар устида ҳам ишлаяпмиз”, - деди Еврокомиссия раҳбари.

Фон дер Лейеннинг аниқлик киритишича, янги йил арафасида ЕИ Украинага бир ярим миллиард евро ўтказган, бу 2023 йилга мўлжалланган 18 миллиард евролик ёрдам дастурининг сўнгги траншидир. Расмий муқобил пакет тафсилотларини эса Еврокомиссия раҳбари ошкор қилмади.

Ўз навбатида Белгия бош вазири Украинага 50 миллиард евролик ёрдам дастури бўйича муаммосиз келишиб олинишига умид билдирди. Декабр ойи ўрталарида Брюсселдаги саммитда бу маблағнинг ажратилиши Венгрия бош вазири Виктор Орбан томонидан блокланган эди.

Декабр ойи ўрталарида Financial Times газетаси манбаларига таяниб, Европа Иттифоқи расмийлари Киевга янги ёрдам пакети бўйича келишиб олиш учун Будапештни овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум қилиш имкониятини кўриб чиқаётгани ҳақида хабар берган эди.

Газетанинг ёзишича, бундай тартиб Европа Иттифоқи тўғрисидаги шартнома моддаларидан бири бўйича амалга оширилиши мумкин, бу эса мамлакатни Европа қонунчилигининг бузилиши муносабати билан овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум қилиш имконини беради. Бироқ бундай қарор Европа Иттифоқига аъзо бошқа давлат томонидан блокланиши мумкин.

1 июлдан бошлаб Венгрия Белгия ўрнига Европа Иттифоқи президенти лавозимини эгаллайди.

XS
SM
MD
LG