Россия Мудофаа вазирлиги ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари аннексия қилинган Қрим устида Украинанинг тўртта ракетасини уриб туширганини айтмоқда.
Вазирлик маълумотига кўра, ҳужум 6 январга ўтар кечаси ярим тунда содир бўлган.
Шу билан бирга, Қрим кўпригида ҳаракат тахминан бир соатга тўхтатилган. Вазирлик ракета зарбалари тафсилотларини очиқламади.
Украинапараст телеграм каналлари эса Евпатория ҳудудида ва Россиянинг Саки ҳарбий аэродроми жойлашган Новофедоривка ҳудудида ўнлаб портлашлар ҳақида ёзмоқда.
6 январ куни эрталаб Украина Қуролли кучлари Ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондони Николай Олешчук Телеграмда Украина ҳарбийлари Саки аэродромидаги қўмондонлик пунктига зарба берганини ёзди.
Россия томони бу маълумотга ҳозирча изоҳ бермади.
Россия Мудофаа вазирлиги охирги марта аннексия қилинган ярим оролга ҳужумлар ҳақида 5 январ куни хабар берган эди.
4 январ куни вазирлик ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари ўнта самолёт бошқариладиган ракетани уриб туширгани ҳақида хабар берди. Бир неча ўнлаб дронларнинг йўқ қилинганини билдирди.
Украина Қуролли кучлари Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондони Николай Олешчук украиналик учувчиларга операция учун миннатдорчилик билдирди. Киевнинг даъво қилишича, Украина Қуролли кучлари Севастопол яқинидаги рус қўшинларининг қўмондонлик пунктига зарба беришга муваффақ бўлган.