Линклар

Шошилинч хабар
04 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:59

“Янги Ўзбекистон” чанги -“Тошкентда фавқулодда ҳолат эълон қилиш керак!”


Экология вазирлиги ва Ўзгидромет раҳбари баёнотидан Тошкент ҳавосининг ифлосланишига ҳукумат айбдор деган хулоса келиб чиқади.
Экология вазирлиги ва Ўзгидромет раҳбари баёнотидан Тошкент ҳавосининг ифлосланишига ҳукумат айбдор деган хулоса келиб чиқади.

Ўзбекистон пойтахти ҳавосининг ифлослиги бўйича Чернобилни ҳам ортда қолдирди.

Чернобил бу 1986 йилнинг апрелида атом электр станциясидаги авария туфайли минглаб одам нобуд бўлган, яшаш учун мутлақо яроқсиз бўлиб қолган Украинадаги шаҳар.

Тошкентлик блогер Никита Макаренко 12 январь куни Чернобил ҳавосининг сифати кўрсаткичларини эълон қилди.

“Чернобилда ҳаво Тошкентга қараганда тозароқ”, - дейди тошкентлик блогер Никита Макаренко.

Ҳаво сифатини кузатувчи IQAir индексига биноан, 12 декабрь куннинг биринчи ярмида Тошкентда ҳавонинг ифлосланиши 170 - 212 орасида, яъни “хавфли” даражани ташкил қилди.

“Мен бир нарсани тушунмаяпман. Бизнинг сиёсатчиларимиз, олигархларимиз ҳам шу заҳарли ҳаводан бошқалар қатори нафас олаётганликларини, улар ҳам аста-секин ўлаётганликларини наҳотки тушунмасалар?”, деб ёзди Никита Макаренко Телеграм саҳифасида.

IQAir индексига кўра, Тошкент ҳавосидаги инсон ўпкасини бўғиб қўйишга қодир чанг миқдори 62 мкг/м3 ни ташкил қилмоқда.

Бу Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларидан қарийб 18 марта кўпдир. Ҳавода заҳарли зарраларнинг рухсат этилган меъёрдан ошиб кетиши одамларни, айниқса ёш болаларни саратон, астма, қон айланиши билан боғлиқ каби тузалмас дардларга мубтало қилиши тайин.

Ифлос ҳаво дунёдаги ҳар олтинчи ўлимнинг сабаби экани маълум.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари, блогерлар пойтахт ҳавосининг нафас олиб бўлмайдиган даражада ифлосланишида сўнгги йилларда дарахтларнинг оммавий кесиб ташланиши ва Тошкент экотизимига зарар етказаётган пала-партиш қурилишларни айблашади.

49 минг дарахт ноқонуний кесилган

Шаҳарсозлик бош режалари тасдиқланмасдан, қурилиш ишлари бетартиб амалга оширилмоқда.

Мораторий эълон қилинганига қарамай Тошкентда 49 минг дарахт ноқонуний кесилган.

“Тошкентда дарахтлар ва буталарнинг кесилишига эълон қилинган мораторий даврида 49 мингга яқин дарахтлар ноқонуний кесилган”, дейилади вазирликнинг 12 январь кунги баёнотида.

Вазирликка кўра, Тошкент шаҳрида бир неча маротаба қурилиш ишларини амалга оширмаслик бўйича мораторий эълон қилинган бўлса-да, қурилишлар ҳанузгача давом этмоқда.

Экология вазирлиги Тошкент шаҳрида ҳаво ифлосланишининг асосий омиллари сифатида ИЭСларда кўмир ва мазутдан фойдаланиш, қурилишлар ва сифатсиз ёнилғида юрувчи транспортлардан чиқаётган ташламалар ортганини ҳам келтирди.

“Автомобиллар сони 2021 йилда 3,14 млн донани ташкил этган бўлса, 2023 йилда уларнинг сони 4,6 млн донага етган. Бугунги кунда Тошкент шаҳрида бир кунда ўртача 730 мингта автотранспорт воситаси ҳаракатланса, қўшимча равишда ҳудудлардан 160 мингдан 300 минггача автотранспорт воситаси кириб келмоқда. Халқаро стандартларга тўғри келмайдиган АИ-80 маркали бензиндан фойдаланаётган техника воситалари эса атмосферага меъёридан ортиқ зарарли ташламалар чиқармоқда”, дейилади баёнотда.

Вазирлик Тошкент ҳавосига кўрсатилаётган салбий таъсирни камайтириш мақсадида бир қатор фавқулодда чораларни таклиф қилди.

  • “Евро-4” стандартидан паст экологик тоифадаги мотор ёқилғидан (АИ-80 русумли бензин) фойдаланишни тақиқлаш керак;
  • Шаҳарда тиғиз вақтларида юк машиналар ҳаракатини чеклаш лозим;
  • 2010 йилгача ишлаб чиқарилган барча автомобиллар ҳаракатланишини тўхтатиш зарур;
  • Давлат аҳамиятига эга бўлмаган қурилишларга мораторий эълон қилиш;
  • Кўмир ёқилғисидан воз кечиш керак.

Ифлос кўмир

Бундан олдин “Ўзгидромет” раҳбари Шерзодхўжа Ҳабибуллаев ҳам пойтахт ҳавоси ифлосланишида кўмир, сифатсиз бензин ва мазут истеъмолининг ҳаддан зиёд кўпайганини сабаб қилиб келтирди.

“Яъни ишлаб чиқариш ташкилотлари шаҳарга яқин бўлгани, қурилишлар кўпайиши, автотранспорт воситалари сони ошгани ва ҳоказолар. Масалан, яқинда Тошкентда қор ёққанда иситиш тизимлари газ қувватига қўшимча тарзда мазут ёқилгани ҳавога жиддий таъсир қилган. Айрим жойларда иситиш тизимини ушлаб туриш учун кўмир ҳам ёқилган. Газ етказиб бериш заправкалар учун қисқартирилганда, АИ-80 бензинга кўпроқ куч берилгани ҳам техноген таъсирни бирданига оширди”, - деган Шерзодхўжа Ҳабибуллаев.

Экология вазирлиги ва Ўзгидромет раҳбари баёнотидан Тошкент ҳавосининг ифлосланишига ҳукумат айбдор деган хулоса келиб чиқади.

Кўмир ҳақиқатан ҳам энг ифлос ёқилғи тури ҳисобланади.

Электр энергияси ишлаб чиқаришда кўмир газга қараганда ҳавога 72 фоиз кўпроқ ис гази чиқаради.

Дунёдаги кўплаб давлатлар бу ёқилғидан воз кечган.

Ўзбекистонда эса сўнгги йилларда табиий газни тежаш мақсадида кўплаб объектлар ҳукумат топшириғи асосида ёппасига кўмир билан иситиш тизимига ўтказилди.

Ҳукумат эса иссиқлик станциялари ва заводларни иситишда бу ёқилғи туридан воз кечишга шошмаётир.

Аксинча, газ тақчиллиги шароитида улкан иссиқлик станциялари, заводлар қатори мактаб, касалхона иситиш тизимларини ҳам ёппасига кўмирга ўтказилмоқда.

Ҳукумат бу йил қиш мавсумида Ўзбекистонда газни тежаш мақсадида 2229 та боғча, 2432 та халқ таълими ва 746 та тиббиёт муассасаси газдан кўмирга ўтказилгани, бундан ташқари, 1147 та иссиқхона ҳамда цемент, ғишт ва оҳак ишлаб чиқарувчи 250 та завод ҳам кўмирда ишлашга мослаштирилгани ҳақида ҳисобот берган.

Ўзбекистон ўтган йил ноябрь ойида Россия билан йилига тахминан 2,8 миллиард куб метр газ сотиб олиш бўйича шартнома имзолагани билдирилган. Лекин, вазият олдингидан ҳам ёмонлиги айтилмоқда.

Энергетика инқирози пойтахтгача етиб келди.

Метан газ шохобчалари ёпилиши ортидан АИ-80 бензини истеъмоли кўпайган ва мутахассислар фикрича, бу ҳам Тошкент ҳавосини ифлослантирган.

Фаоллар ҳукуматни ҳаво ифлосланиши билан боғлиқ офатга қарши ҳаракатсизликда айблашмоқда.

Ўзбекистонлик гидрометеоролог Эркин Абдулаҳадов фикрича, ҳавонинг ифлосланиши давлат миқёсидаги табиий офат аслида.

“Қани автомобиллар ҳаракатини чеклаш учун берилган ваъдалар. Миллионта вариант тақдим этилган эди. Қани пуллик парковкалар, қани автомобилга эгалик қилишнинг қимматлаштирилгани? Қани жамоат транспорти?”, дейди Никита Макаренко.

Айни пайтда “Ўзгидромет” расмийлари Тошкент аҳлига кўчага чиққанда ниқоб тақиш, уй ичида ҳаво тозаловчи қурилмаларни ишлатиш, деразаларни ёпиқ ушлаш ва ташқарида машқ қилмасликни тавсия этмоқда.

Жаҳон банкига кўра, Ўзбекистонда ҳаво ифлосланишидан ўлим холатлари ҳар юз минг кишига 81тани ташкил қилади.

Бу Хитой ёки Ҳиндистон каби мамлакатлар билан солиштирганда анча кам.

2017 йилда Ҳиндистон ва Хитойда ҳавонинг ифлосланиши 2,4 миллион киши ҳаётини олиб кетган.

Форум

XS
SM
MD
LG