Линклар

Шошилинч хабар
30 май 2024, Тошкент вақти: 10:34

Атоқли кино ва театр арбоби Турғун Азизов вафот этди


 Турғун Азизов ўнлаб фильм ва спектаклларда етакчи ролларни ижро этган.
Турғун Азизов ўнлаб фильм ва спектаклларда етакчи ролларни ижро этган.

Ўзбек киноси ва театрининг кўзга кўринган намояндаларидан, актёр ва режиссёр Турғун Азизов 22 январь куни 90 ёшида вафот этди.

Бу ҳақда Киноарбоблар ижодий уюшмаси матбуот хизмати хабар берди.

"Ўзбек кино ҳамда театр санъатининг чинакам афсонаси, бетакрор роллари орқали халқимиз қалбидан чуқур жой эгаллаган актёр ва режиссёр, Ўзбекистон халқ артисти, Давлат мукофоти совриндори Турғун Азизов бугун, 90 ёшида бу ёруғ оламни тарк этди", — дейилади хабарда.

Турғун Азизов 1934 йил 30 ноябрда Тошкент шаҳрида туғилган. 1956 йилда собиқ Ўзбекистон Давлат театр ва рассомчилик институтини тамомлаб, Миллий академик драма театрига ишга қабул қилинган.

1958 йилда суратга олинган "Мафтунингман" фильмидаги Бакир Назаров роли билан томошабинлар эътиборини қозонган Турғун Азизов кейинроқ ўнлаб фильм ва спектаклларда етакчи ролларни ижро этди.

Жумладан, Шекспирнинг "Қирол Лир"ида Эдмунд, "Отелло" трагедиясида Отелло, Шайхзоданинг "Мирзо Улуғбек" трагедиясида Улуғбек ролларини маҳорат билан ижро этган.

33 ёшида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, 40 ёшида Ўзбекистон халқ артисти унвонини олган Турғун Азизов 1980 йилдан бошлаб умрининг охиригача Ўзбекистон маданият институтида талабаларга санъат сирларини ўргатиб келаётганди.

У режиссёр сифатида "Мирзо Улуғбек", "Алишер Навоий", "Меҳробдан чаён", "Чимилдиқ", "Машраб" каби спектаклларни саҳналаштирган.

Турғун Азизов Ҳамза номидаги Ўзбекистон ССР Давлат мукофоти лауреати (1977), Меҳнат шуҳрати ордени (2001) ва «Фидокорона хизматлари учун» (2003 йил) орденлари билан тақдирланган.

XS
SM
MD
LG