Линклар

Шошилинч хабар
27 май 2024, Тошкент вақти: 14:40

Европа суди Алишер Усмоновнинг санкциялардан чиқариш ҳақидаги даъво аризасини рад этди


Алишер Усмонов президент Путин бидан "хос алоқалар"га эгалигини рад этган.
Алишер Усмонов президент Путин бидан "хос алоқалар"га эгалигини рад этган.

Европа Иттифоқининг олий суд инстанцияси – Европа суди миллиардер Алишер Усмоновнинг уни санкциялар рўйхатидан чиқаришни сўраб киритган даъво аризасини рад этди.

Бу ҳақда Reuters ва Bloomberg агентликлари хабар берди.

Усмонов ЕИ санкциялар рўйхатига 2022 йил мартида, Россиянинг Украинага кенг кўламли ҳарбий босқинидан кўп ўтмай киритилганди.

Иттифоқ ўз қарорини Усмонов Россия президенти Владимир Путин билан "хос алоқалар"га эгалиги ва "Украинани беқарорлаштиришни фаол қўллаб - қувватлагани" билан асослаган.

Усмонов бу даъволарни рад этган. У Путин билан махсус алоқалари ва Россия раҳбарияти қабул қиладиган сиёсий қарорларга қайсидир шаклда таъсир кўрсата олишини инкор қилган. Усмонов санкциялар рўйхатига киритилишига ўзининг катта бойлиги сабаб бўлганини таъкидлаган.

Олдинроқ Гамбург суди Американинг Forbes нашрига Алишер Усмоновнинг Путин билан алоқаларига доир ахборот тарқатишни тақиқлаганди. Суд нашр эълон қилган қатор маълумотларни "туҳмат" деб баҳолаган.

Шунингдек, аввалроқ Усмонов ўзига нисбатан "олигарх" атамаси қўлланиши юзасидан ҳам судга мурожаат қилгани важидан Европа Иттифоқи ҳужжатларида "олигарх" сўзи "етакчи бизнесмен" деб ўзгартирилгани хабар қилинган.

Асли ўзбекистонлик Усмонов дунёнинг энг бой одамларидан бири саналади. У ва бир неча яқинлари ЕИ, АҚШ ва бошқа Ғарб давлатлари, шунингдек, Украинанинг санкциялар рўйхатига киритилган. Усмонов бу чекловлар устидан судларга ариза киритган.

Forbes нашри 2022 йилда Усмоновнинг бойлиги 14,4 миллиард доллар эканини ёзган, санкциялардан сўнг унинг бойлиги 11,5 миллиард деб баҳоланган.

XS
SM
MD
LG