Линклар

Шошилинч хабар
30 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:32

Эроннинг Исроилга ҳужуми Россия учун манфаатли(ми)?


Россия президенти Владимир Путин ва Эрон президенти Иброҳим Раиси.
Россия президенти Владимир Путин ва Эрон президенти Иброҳим Раиси.

Эроннинг Исроилга йирик ракета ва дрон ҳужумидан сўнг бир муддат сукут сақлаган Россия ниҳоят муносабат билдирди: Россия ташқи ишлар вазирлиги ўз баёнотида «минтақадаги сўнгги хавфли кескинлашув»дан Москва қаттиқ «хавотир»да эканини билдирди.

Москванинг бу «хавотири»ни тушунса бўлади, чунки Яқин Шарқдаги кенг кўламли уруш Путин ҳукумати манфаатларига тўғри келмайди, демоқда таҳлилчилар.

«Яқин Шарқда вазиятнинг мавҳум тус олаётгани ҳозирча Путин учун энг ижобий воқелик», дейди, Вашингтонда жойлашган Стратегик Европа марказининг Европа, Россия ва Евросиё дастури бўйича таҳлилчиси Ҳанна Нотте.

Биринчидан, сўнгги ҳодиса дунё эътиборини Украинадаги урушдан узоқлаштиради. Ҳозир Киев фронтда жиддий муаммоларга дуч келмоқда, бу эса келгуси ҳафта ва ойларда янада ёмонлашиши мумкин. Камига, Россия Украина энергетика инфратузилмасини аёвсиз вайрон қилмоқда.

Октябрь ойида Исроилнинг ҲАМАСга қарши уруш бошлаши Ғарбнинг Украина мудофаасини қўллаб-қувватлаш саъй-ҳаракатларини заифлаштириб юборди.

Эроннинг Исроилга ҳужуми Кремль учун манфаат жиҳатидан ҳам кенг, ҳам ўзига хос характерга эга. Россия Украинага босқинни бошлаганидан бери икки йилдан ортиқ вақт давомида урушни тобора кенгроқ қарама-қаршиликнинг бир қисми сифатида кўрсатишга уриниб келди. Яъни, Россия ўзини ва бутун дунёни Ғарбдан, хусусан, Америка Қўшма Штатларидан ҳимоя қилмоқда, деган тасаввурни уйғотишга ҳаракат қилиб келмоқда.

«Россия, Эрон, Шимолий Корея ва Хитойда Ғарб заифлашган деган фикр бор. Американинг муносабати ва сиёсати энди иттифоқчиларининг хавфсизлигини кафолатлай олмайди», дейди Киевдаги Яқин Шарқ тадқиқотлари маркази директори Игор Семиволос "Current Time” нашрига берган интервьюсида

Эроннинг ҳужуми Россия ва Хитой сингари маслакдош давлатларга бир қутбли дунёга қарши чиқиш имкониятини беради. Бу ҳақида Путин, Cи Цзиньпин ва Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий кўп гапирган”.

“Яқин Шарқдаги беқарорлик «Ғарб эътибори ва ресурсларини Украина ва НАТОнинг Шарқий қанотидан Яқин Шарққа йўналтиради. АҚШнинг минтақавий иттифоқчилари ўртасида ишончсизлик туғдириб, Ғарб минтақада тинчликни таъминлай олмайди, деган кенгроқ, глобал тушунчани шакллантиради» дейди Нотте.

«Хулоса қилиб айтганда Ғарб ва глобал дунё учун Украинадаги уруш қолган урушлар қатори бир можаро, холос, деган тасаввурни шакллантириб қўяди. Бу эса Кремль учун айни муддао».

Конгрессда нима гап?

Эроннинг Исроилга ҳужуми АҚШнинг Украинага узоқ вақтдан бери кечиктириб келаётган ёрдами ҳақидаги мавҳумликни бироз аритгандек.

АҚШ президенти Жо Байден Украина ва Исроилга ҳарбий ёрдам учун 60 миллиард долларлик ёрдам пакетини таклиф қилганидан қарийб олти ой ўтиб, Вакиллар палатасининг амалдаги спикери, республикачи Майк Жонсон яқин кунлар ёки ҳафталарда Украинага ёрдам масаласида олдинга силжиш бўлишига ишора қилди.

15 апрель куни Майк Жонсон Сенат Исроил, Украина, Тайван ва бошқа иттифоқчиларга ёрдам кўрсатиш бўйича алоҳида қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва яна бир қонун лойиҳасини киритиш орқали республикачиларни тинчлантиришни режалаштираётганини айтди.

Қўшма Штатлардаги ёрдам борасидаги тортишувлар қандай тугашидан қатъи назар, Путин Эроннинг Исроилга ҳужумини Москванинг Яқин Шарқдаги таъсирини ошириш учун бир имконият сифатида кўриши мумкин.

Россиянинг Украинага қарши уруши Кремлнинг Эрон билан алоқаларини кучайтирди. Россия Украинада Эрон дронларидан кенг фойдаланмоқда.

Эрон дрон ишлаб чиқариш технологиясини ҳам Россия билан баҳам кўрди, бироқ Путин йиллар давомида Эроннинг минтақавий рақиблари Исроил ва Саудия Арабистони каби Форс кўрфази мамлакатларига ҳам интиляпти.

Буни Москванинг Яқин Шарқдаги таъсирини кучайтириш ва АҚШ нуфузини тушириш ҳаракатларининг бир қисми сифатида кўриш мумкин.

Россия Эрон билан тобора яқинлашар экан, Яқин Шарқ давлатлари Москвани Эронни жиловлаш ва тинчлантиришда муҳим восита ўлароқ кўра бошлайди.

Бу Путин Россияси учун классик ёндашув: аввал у ёки бу даражада муаммоларни яратишга ёрдам беради, кейин эса ўша муаммоларни Кремлга фойда келтирадиган тарзда ҳал қилишга уринади. Россия ва минтақа бўйича таҳлилчилар Москва Исроил ва Эрон ўртасида кенг кўламли уруш бўлишини хоҳламаслигини айтишади.

"Бундай сценарий Россия учун катта хавф туғдиради. Бу ҳолат Россиянинг Суриядаги ҳарбий ҳозирлигини мураккаблаштириш билан бирга, Эронга бўладиган эҳтимолий оғир зарба Москванинг Украинадаги имкониятларини жиддий заифлаштириши мумкин.

Қолаверса, «тўлақонли уруш Россиянинг минтақадаги мувозанатни сақлаш ҳаракатини деярли тўхтатиб қўяди. Бу Россияни бир томонни танлашга мажбур қилади».

Москва Эрон билан қанчалик яқинлашмасин, у билан «ҳамиша» бирга бўлишни истамайди”, дея хулоса қилди Ҳанна Нотте.

Форум

XS
SM
MD
LG