Линклар

Шошилинч хабар
10 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:28

Алламжоновга қарши суиқасд гумондорларидан бири ушланди - БП


Комил Алламжонов.
Комил Алламжонов.

Ўзбекистон президенти администрацияси Ахборот сиёсати департаментининг собиқ раҳбари Комил Алламжоновга қарши уюштирилган суиқасд гумондорларидан бири қўлга олинди.

“Ўтказилган тергов ва тезкор қидирув тадбирлари давомида ушбу жиноятни содир этган шахсларнинг бир нафари аниқланиб, гумонланувчи тариқасида ушланди. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда”, дейилади Бош прокуратура 27 октябрь куни тарқатган расмий хабарда.

Бош прокуратура 26 октябрь куни Қибрай туманида юз берган ҳодиса юзасидан Жиноят кодексининг 25, 97-моддаси (Қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилган эди.

“26 октябрь куни соат 01:40 ларда фуқаро С.С.нинг
бошқарувидаги “Range Rover” русумли автомашина Қибрай тумани, Ифор кўчаси бўйлаб ҳаракатланган вақтида 2 нафар номаълум шахслар мазкур автомашинага ўқотар қуролидан бир неча маротаба ўқ узиб, номаълум томонга яширинишган", дейилади баёнотда.

Ҳодиса юзасидан Жиноят кодексининг 25, 97 (қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) ҳамда 248 (ўқотар қурол ва ўқ-дорилар, портловчи моддаларнинг қонунга хилоф муомаласи) моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Бош прокуратура, Ҳарбий ва Транспорт прокуратуралари, ИИВ ҳамда Божхона қўмитаси ходимларидан иборат тергов-тезкор гуруҳи тузилган.
Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаларимизга кўра, муваффақиятсиз суиқасд уриниши пойтахт ва Тошкент вилоятида йирик хавфсизлик амалиётига сабаб бўлган.

Озодлик суҳбатлашган экспертлар парламент сайлови арафасидаги қотиллик уринишини сиёсий суиқасд деб аташган.

Алламжоновнинг ўзи ҳозиргача суиқасд ҳодисасини шарҳлагани йўқ.

27 октябрь куни Комил Алламжонов парламент сайловида овоз бергани акс этган суратни Телеграм-каналига жойлади ва “Ўз танловимни қилдим” дея пост қолдирди.

40 яшар Комил Алламжонов шу йилнинг 30 сентябрида Президент администрацияси раҳбарининг ўринбосари ва Ахборот сиёсати департаменти раҳбари лавозимидан истеъфо берган эди.
Унинг ўзи фаолиятини бизнесда давом эттиришини айтган, аммо истеъфоси тафсилотлари ҳамда кейинги режаларини очиқламаган.
Алламжоновнинг кутилмаган истеъфоси президент Мирзиёев маъмуриятидаги “ички курашлар” билан боғлиқ бўлиши мумкинлиги тахмин қилинганди.

XS
SM
MD
LG