Ватанга қайтишларидан олдин улар халқаро ташкилотлар кўмагида ташкил этилган лагерларда яшашган.
Ўз юртида жамиятга қайта мослашиш жараёнида қандай қийинчиликлар мавжуд ва бу муаммо қандай ҳал этилмоқда? Қирғизистон ва Ўзбекистон тажрибасини таҳлил қиламиз.
"Адашганимни ўша ерда тушунганман"
“У ерда ҳаёт йўқ эди. Қўрқув, ғам-алам ва очликни кўрдим”, - деб хотирлайди қирғизистонлик 39 ёшли Гулипа (исми ўзгартирилган).
У ўғли билан 2023 йилда Қирғизистон ҳукумати ташкил этган авиақатнов орқали ватанига қайтган. Айтишича, у жангарилар ғоясига ишонган турмуш ўртоғини эргашиб, Суриядаги хавфли ҳудудга кетиб қолган.
“Агар ҳукумат мени қайтариб олиб келмаганда, у ерда тақдирим қандай бўларди, билмайман. Суриядаги кунларимни эслагим келмайди. У ерда ҳаёт йўқ эди. Қўрқув, ғам-алам ва очликни кўрдим. Қирғизистонга келганимдан кейин ҳам узоқ вақт ишона олмай юрдим. Кўзимни юмсам, ўша ердаги кунларим кўз олдимга келар, ўша овозлар қулоғимда янгилаётгандек туюларди”, – дейди Гулипа.
Расмий маълумотларга кўра, 2021–2025-йиллар оралиғида Қирғизистон ҳукумати Сурия ва Ироқдан 551 фуқаросини олиб келди. Бу борадаги “Мээрим” ва “Айкўл” деб номланган махсус миссия олти маротаба амалга оширилди.
Ўтган ўн йилликда Марказий Осиё мамлакатларининг минглаб фуқароси Яқин Шарқда қуролли можаро бўлаётган ҳудудларга - аввалига Сурияга, кейин эса Ироққа бориб, ўзини “Исломий давлат” деб атаган террорчи гуруҳининг сафига қўшилишган.
Айримлари тарғиботчиларнинг ваъдаларига ишониб, “кофирларга” қарши курашиш ғояси билан борган бўлса, бошқалари “ҳақиқий ислом” қонунлари асосида яшайдиган жамият барпо этилади деган ваъдаларга ишониб йўлга чиққан. Яна бир қисми эса дўстлари ёки қариндошларига ишониб, уларга эргашиб кетганини айтган. Кўплаб эркаклар рафиқаларини ва болаларини ҳам олиб кетган. Кейинчалик у аёлларнинг аксарияти ўз ҳукуматларидан ёрдам сўраб мурожаат йўллашган.
Халқаро кучлар “Исломий давлат” гуруҳи тузган тузумни йўқ қилиб, ташкилот раҳбари Абу Бакр ал-Бағдодий ва гуруҳ жангариларини ўлдиргандан кейин Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон ўз фуқароларини - асосан аёллар ва болаларни - ватанига қайтарган.
Гулипа эрининг таклифи билан Сурияга кетганида у ерда қандай тақдир кутaётганини билмаганини айтади. Ўғлини бегона юртда дунёга келтириб, оғир шароитда тарбиялаган. Озиқ-овқат танқис, дори-дармон йўқ, ҳар бир кун - тирик қолиш учун кураш бўлган.
“Мен асли қаерда яшаганимни ҳам билмайман. У ер Ироқми, Суриями, ҳеч қандай маълумотим йўқ эди. Эрим “яхши пул топамиз, Қирғизистонга қайтиб, уй-жойимизни таъмирлаймиз” деганди. Адашганимни ўша ерда бошимга тушган оғир кунларда тушундим. Аммо бахтимга бефарқ бўлмаган одамлар учради, уларнинг ёрдами билан “Ал-Ҳол” деган қочқинлар лагерига бордим. Лагер хавфсиз бўлса-да, шароити жуда ёмон эди. У ерда деярли тўрт йил яшадим. Эримдан дарак бўлмай қолди, ҳали ҳам тирикми, йўқми, билмайман. Лагердаги энг оғир кунлар - боламнинг иситмаси кўтарилган пайтлар эди. Дори йўқ, шифокор йўқ. Фақат Худодан сўраб, дуо қилиб юрдим. Ўша тунларда ўзимни бутунлай ожиз ҳис қилардим”, - дейди Гулипа.
У Қирғизистонга қайтгач, ўғли билан Иссиқкўл бўйидаги реабилитация марказида уч ой бўлди. У ерда психологик ёрдам, тиббий кўрик ва болалар учун махсус дастурлар ташкил этилган.
"Қариндошларим бошида яхши қабул қилишмади"
Ўзбекистонлик Хатира (исми ўзгартирилган) ҳукумат кўмаги билан уйига қайтган ўнлаб аёллардан бири:
“Ҳозир уйда ўтирибман. Болаларим: “Она, агар ҳали ҳам лагерда бўлганимизда, ҳозир қайси йил эканини ҳам билмай юрган бўлардик”, дейишади”.
Хатиранинг айтишича, унинг Сурияга кетиши ўз ихтиёри билан бўлмаган. 22 йил аввал турмуш ўртоғи вафот этганидан кейин онаси болалари билан бирга Ўзбекистондан чиқиб, шариат қонунлари асосида яшашни истаб шундай қарор қабул қилган. Онаси қабул қилган бу қарор кейинчалик Хатира ва унинг яқинлари учун катта азобга айланган.
Сурияда Хатира турмуш қурган ва фарзандли бўлган, болаларидан бири ўша ерда вафот этган.
Ўзбекистон ҳукумати “Меҳр” номли бешта миссия доирасида 2019 йилдан бери 531 фуқаросини юртига қайтарди.
Ўзбекистон ҳукумати аввалига аёллар ва болаларни Тошкент вилоятидаги санаторийларга жойлаштириб, психологлар ҳамроҳлигида уч ойлик реабилитациядан ўтказганидан кейин уйларига жўнатган.
“Қариндошларим аввалига мени яхши қабул қилишмади. Айримлари ҳеч нарса демай қучоқлаб қўйишди, айримлари йиғлашди. Болам ёш бўлгани учунми, унга унчалик сезилмади, болаларга қўшилиб ўйнаб кетди. Келаси йили мактабга боради. Лекин вақт ўтиши билан бир нарсани тушундим: ўтган кунларни эсламаслик керак. Адашиб, нотўғри йўлга кириб қолганимни биламан. Бунинг учун афсусланаман”, - дейди Хатира.
"Давлат маъсулиятни ўз зиммасига олиши керак"
Суриядан фуқароларни қайтариш масаласида жамоатчилик фикри бир хил бўлмаган. Айримлар хавотир билдириб, улар бу ерда ҳам диний радикализмни тарқатиши мумкин, деб танқид қилишган.
Ўзбекистон ҳукумати бу одамлар ёрдамга муҳтож эканини ва уларга имконият бериш зарурлигини айтган. Тошкент қайтган фуқароларга ғамхўрлик қилиниши, улар турар жой билан таъминланиши ва ишга жойлаштирилишини билдирган.
Қирғизистон ҳукумати эса “Жабрланганларга гуманитар ёрдам” форматидаги миссиялар доирасида ватанига қайтганларга психологик ва тиббий кўмак кўрсатиб, ҳужжатларини тиклаб берган. Реабилитация ва реинтеграция ишлари билан Меҳнат, ижтимоий таъминот ва миграция вазирлиги мутахассислари шуғулланган. Ҳар икки давлатда ташкилий ишларга нодавлат ва ЮНИСЕФ, Қизил ярим ой жамияти каби халқаро ташкилотлар кўмаклашган.
"Фақат жамият ичида эмас, балки давлат органлари ходимлари орасида ҳам улардан қўрқиб, “булар яна экстремистик ғояларни бошлаши мумкин” деб хавотирланганлар бўлди. Ҳатто айримлар ҳозирча уларни қайтармасликни таклиф қилишди. Биз бунга эътибор қилмадик. Биз давлатмиз! Давлат бўлганимиздан кейин масъулиятни олишимиз шарт. Улар тақдирини ҳал қилиб беришимиз керак. Биздан бошқа ҳеч ким ҳал қилиб бермайди” - деди "Озодлик" мухбири билан суҳбатда Қирғизистон президенти маслаҳатчичи Марат Иманқулов.
Қирғизистон бу миссияларни минтақадаги бошқа ўлкаларга нисбатан сал кечроқ бошлагани учун қўшни давлатлар тажрибасига ҳам таянди.
“Давлат органлари ходимлари тажриба орттиришлари учун Қозоғистонга ҳам, Ўзбекистонга ҳам юбордик. Қандай қийинчиликлар бўлиши мумкинлиги ҳақида тажриба алмашиб қайтишди. Бизга сиёсий ирода керак эди. Олиб келамизми ёки олиб келмаймизми деган савол туғилди. Айрим давлат органлари: “Олиб келсак, ўзимизга муаммо туғдирамиз, Қирғизистон буга тайёр эмас, уларнинг орасида аёллар бўлса ҳам, оналар бўлса ҳам экстремистик ғояларга суғорилганлари кўп. Кейин улар хавф туғдириши мумкин”, деб айтишди. Аммо президент қатъий сиёсий ирода кўрсатиб, “олиб келамиз” деди ва менга топшириқ берди: “Хавфсизлик кенгаши котиби сифатида буни ташкил этинг, назорат қилинг, барчасига сиз жавобгарсиз”, дегандек топшириқ берди”, - дейди Иманқулов.
Ўзбекистонда ҳам, Қирғизистонда ҳам давлат идоралари журналистларга Суриядан келганлар билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш имкониятини чеклаган. Ҳукуматлар хавфсизлик ва этика талабларни инобатга олган ҳолда журналистларга уларнинг юзини кўрсатмасликни ва шахсий маълумотларини ошкор қилмасликни тавсия қилади. Бу чора қайтарилганларнинг жамиятга қайта мослашувида муҳим омил сифатида кўрсатилади.
Таълим соҳасида бишкеклик эксперт Кенешбек Сайназаров Марказий Осиё давлатларидаги репатриация ишларини бир неча йилдан бери кузатиб, таҳлил қилиб юрган мутаҳассислардан бири.
“Ҳозир аёллар ва болалар масаласи ҳақида сўз кетмоқда. Олиб келишдан олдин улар текширилиб, жиноятга алоқаси йўқлиги тасдиқланган. Кейин олиб келиниб, ҳужжатлари тайёрланди ва жамиятга аралаштирилди. Аввал реабилитация марказларида бўлишди. Шундан сўнг ўз жамоасига қайтиб, қайта интеграция жараёнини ўтдилар. Уч йилдан ошди. Шундан бери улар томонидан жиноят содир этилгани ёки вербовка қилингани ҳақида хабар эшитмадик. Реинтеграция яхши йўлга қўйилди деб ўйлайман” – дейди у.
"Реинтеграция ҳозирча тугамади"
Репатриация бўйича ўзбекистонлик мутаҳассис, психолог Санжар Йўлдошев Uzdiplomat каналига берган интервьюсида қайтиб келганларнинг жамиятга мослашиш жараёни узоқ йилларга чўзилиши мумкинлигини айтган:
“Болага алоҳида ёндашув керак, аёлларга эса алоҳида. Масалан, мутахассис репатриантга ёрдам беришга уринганда, аёллар билан ишлаш қийинроқ бўлади. Ёрдам таклиф қилсангиз, баъзилари суҳбатдан қочади, эшигини ёпиб олади, уйга киритмайди, саволларга жавоб бермайди. Айримларининг фақат кўзини кўрасиз, лекин эмоцияси намоён бўлмайди. Болалар билан ишлаш нисбатан осон, аммо уларни ўзгартириш ва реабилитация қилиш кўпроқ вақт талаб қилади. Чунки уларда тўғри қадриятлар ҳали шаклланмасидан туриб, нотўғри ғоялар сингдирилган бўлади. Катталар эса маълум даражада фильтр қила олади, ўз қилмиши учун жавоб беради. Болаларга нисбатан эса бу ҳолат адолатсизликка олиб келиши мумкин. Шунинг учун уларни аста-секин тайёрлаш, онгидаги нотўғри қадриятларни босқичма‑босқич чиқариб ташлаш керак. Тафаккури соғломлашиши билан бирга, унинг эмоцияси ва хулқи устида ҳам ишланади. Мен буни психологик нуқтаи назардан айтаяпман. Айрим мутахассислар "бориб, маънавий-маърифий тадбир ўтказдик, ҳаммаси жойида, болалар бахтли" дейишади . Психология нуқтаи назаридан бу абсурд”.
Ватанга қайтганлар билан суҳбатлашсангиз, деярли ҳаммаси: “Биз жангари эмас эдик”, - дейишади. Сурияда қолиб кетган ёки ҳалок бўлган турмуш ўртоқларини ёки бошқа яқинларини ҳам жангарии эмас, балки алданган оддий инсонлар сифатида тасвирлашади.
Маълумотларга кўра, ватанига қайтарилган ўзбекистонлик ва қирғизистонлик аёлларнинг кўпчилиги ҳозирча ишсиз. Улар асосан уйда ўтиришади, айримлари чеварчилик ёки қишлоқ хўжалиги ишлари билан шуғулланмоқда. Болалари мактабга бора бошлаган, баъзилари эса вояга етган ва турмушга чиққан қизлар ҳам бор.
“Социализация назариясига кўра, десоциализация, жамиятдан ажралиб қолишга, ёмон гуруҳларга қанча кўп вақт кетган бўлса, ресоциалазияцияга икки баробар вақт кетади. Шунчаки келиб, жамиятга қўшилиб кета олмайди. Масалага очиқ қараш керак. Ҳеч кимни алдашдан фойда йўқ. Тўғри, ҳали қайта баҳолаш бўлгани йўқ. Тўлиқ масштабли эҳтиёжларни ўрганиш энди режалаштириляпти. Қаердадир, кимлардир тўлиқ реабилитация бўлишга қийналяпти. Айниқса, болалар. Қаердадир реинтеграция тугагани йўқ. Мен эксперт сифатида айтаман, уларнинг тўлиқ жамиятга қўшилиши учун ҳали реинтеграция тугагани йўқ” - дейди психолог Йўлдошев Uzdiplomat каналига берган интервьюда.
Жамиятда, айниқса Суриядаги ва Ироқдаги жангари гуруҳларга қўшилиб кетганларнинг яқинларида яна бир савол бор: радикалларга қўшилиб кетгани айтилган эркаклар ёки ота-онаси олиб кетиб, айнан нотинч жойларда вояга етган йигитлар ўз юртига қайтариладими? Ҳозирча эса ҳар икки давлатда бу масалага оид аниқ режалар ва расмий ҳисоботлар очиқ эълон қилинмаган.
Охирги етти йил ичида дунёнинг бир қатор давлатлари Сурия ва Ироқдан камида 12 минг одамни ўз юртига қайтарган. Бу маълумотлар Rights & Security International ва Human Rights Watch ташкилотларининг ҳисоботларида келтирилган.
Форум