Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2025, Тошкент вақти: 22:32

Бирлашган мухолифат фаолларига таъқиблар бошландими?


Ўзини Ўзбекистонда амалдаги ҳукуматга мухолиф деб ҳисоблаган ва “Бирлашган ўзбек мухолифати”га бирлашган фаоллар 21 декабр куни ижтимоий тармоқларда навбатдаги онлайн мулоқотини ўтказди.

Фаолларга кўра, ушбу мулоқотда “Бирлашган ўзбек мухолифати” ҳайъати ва Низоми қабул қилинган, шунингдек гуруҳнинг халққа мурожаати матнини эълон қилишга келишилган.

Ўзбекистон мустақиллиги йилларида мухолифатчи ёки мухолиф тарафдори сифатида жамоатчиликка танилган ўнлаб таниқли шахсларни ўз ичига олган бу гуруҳ 3-йиғинини ўтказаркан, айрим фаоллар Ўзбекистондаги издошларимизга нисбатан куч ишлатар идоралар тақиблари бошланиб кетди, демоқда.

Хорижда бирлашган ўзбек мухолифатини тузиш ташаббускорларидан бўлган Аслиддин Камол ўз Facebook саҳифасида эълон қилган бу аудио тармоқ фойдаланувчилари орасида баҳсларга сабаб бўлмоқда.

Аудиодаги қисқа мулоқот қуйидагича:

“Шахзоджон сенми? Мен Жиноят қидирувидан Нодирман. Маҳаллангга онангни олиб келавер, мен ҳозир бораман”.

“Нима сабаб экан?”

“Борганда айтаман сабабини”.

Аслиддин Камолга кўра, бу суҳбат Ғиждувон тумани ИИБ ходимлари ва ёш бухоролик мухолифат фаоли Шахзод Тожиддинов ўртасида 18 декабр куни бўлган. (Озодликда бу аудиога оид мустақил манбалардан олинган бошқа маълумот йўқ)

Аммо, Озодлик билан гаплашган Шахзод Тожиддинов бу мулоқотда ИИБ ходими ундан чақирув хатисиз ИИБ биносига келишни сўраганини даъво қилмоқда. Фаолга кўра, у расмий чақирув хатисиз бормаслигини билдирган.

25 ёшли Шахзод Тожиддинов ИИБга чақирилиши унинг "Бирлашган ўзбек мухолифати" ҳаракатига аъзолиги билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини тахмин қилади.

“Ўша куни номаълум номердан қўнғироқ бўлди. ИИБдан экан. Маҳаллага ота-онангни олиб кел, деди. Мен бормадим. Нимага чақиришганини ҳам билмайман. Лекин тахминимча, 7 декабрда мухолифатнинг йиғинига онлайн қатнашган эдим. Шу бўйича бўлиши мумкин, деб тахмин қиляпман”, - дейди Тожиддинов.

Унга кўра, ИИБ ходими билан суҳбат ёзуви интернетда эълон қилингач, ИИБдан унга бошқа қўнғироқ бўлмаган.

Блогер Аслиддин Камол, ўзи ва ўнлаб мухолиф қарашдаги ўзбекистонликлар, жамоат фаоллари хорижда "Бирлашган ўзбек мухолифати"ни тузишга киришганидан кейин Ўзбекистондаги фаоллар турли кўринишда тақибга олина бошлаганини айтмоқда.

“Суҳбатларимизда иштирок этганлар ИИБ га чақиртирилиб: "сиёсатга аралашмайман, мухолифатни кузатмайман, бошқа ижтимоий тармоқларга кирмайман" деган мазмунда тушунтириш хатлари ёзишга мажбурланган. ИИБ ходимлари уларга: "Бирлашган мухолифат ҳаракатини АҚШ Конгресси молиялаштиряпти, уларнинг мақсади “Араб баҳори”да бўлгани каби Ўзбекистонда амалдаги ҳукуматни ағдаришдир" деб, агар бирлашган мухолифатга қўшилса оқибати ёмон бўлишини айтиб таҳдид қилишган”, дейди Аслиддин Камол.

Ўзларини Ўзбекистонда амалдаги ҳукуматга мухолиф деб билган фаоллар 14 декабрь куни онлайн мулоқоти ўтказиб, “Бирлашган Ўзбек Мухолифати”ни тузганини эълон қилди.

Аслиддин Камолнинг Озодликка айтишича, шу йиғиндан сўнг ҳаракат фаолларининг YouTube саҳифаларига ижтимоий тармоқ админидан тинимсиз страйклар, яъни YouTube тармоғи қоидаларини бузгани ҳақидаги огоҳлантирувлар кела бошлаган.

“Охирги уч кунда ўзимнинг YouTube каналидаги 9 та видеоимга огоҳлантирув келди. Уларни аппеляция тартибида бартараф қилдим. Лекин, Ўзбекистондаги фаолларимиз анча қийин аҳволда қолишди. Администраторларимиздан бирининг Telegram каналига болалар порноси акс этган йигирматача видео ташланган. Бу нимадан дарак? Мени фикримча, Ўзбекистондаги жорий ҳукумат ҳам мухолиф фикрга тоқатсиз, мухолиф қарашдагиларнинг бирлашишини истамаяпти”, дейди Аслиддин Камол.

Аслиддин Камол юридик маълумотга эга блогер сифатида ижтимоий тармоқлардаги танқидий постлари билан танилган. У 2023 йил августида 7 йилу 3 ойга қамалган блогер Абдуқодир Мўминов билан ҳам ҳамкорлик қилган.

Мўминов ҳибсга олинганидан кўп ўтмай ўз хавфсизлиги сабаб Дубайга кетган, у ерда қисқа муддат ҳибсга олинган эди. Аммо, бу ҳибс ва хориждаги тақиқларга қарамай, фаолиятини давом эттираётган Аслиддин Камолнинг айтишича, унинг Ўзбекистон ичкарисидаги ҳамкорлари 2024 йилдан бери таъқиб остида.

Жумладан, шу йил феврал ойида қамалган етти фаол қўлга олинган, улардан бири Йўлдош Сафаров эса ҳозир уч йиллик қамоқни ўтамоқда.

Қамалишидан бир неча кун олдин у ижтимоий тармоқларда видеочиқиш қилиб, ДХХ терговчилари ундан босим остида иқрорнома олгани, ўзига нисбатан ЖКнинг 159, 244 моддалари билан қўйилган айбни исботлайдиган ҳеч далил-исбот йўқлиги, айбловни тан олмаслигини билдирган.

Ўзбекистон Бош прокуратурасининг 2025 йил май ойидаги айблов хулосасида у конституциявий тузумга тажовузда айбланганди.

“2024 йил сентябр ойида жиноий хатти ҳаракатларини давом эттирган А.Камолов бошчилигидаги гуруҳ аъзолари “Кўк бўрилар” деган ёпиқ гуруҳ ташкил этган. Ўзбекистонда Конституция йўли билан сайлаб қўйилган ҳукуматни интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда омма олдида очиқдан-очиқ даъватлар қилиш орқали оммавий тартибсизликлар содир этишни режалаштирган”, дейилади айблов хулосасида.

Ўтган йили 2037 йилгача давлат раҳбари лавозимида қолишига йўл очувчи конституциявий ўзгаришлардан сўнг ўтказилган, ЕИ кузатувларига кўра, “рақобатсиз сайлов”да амалда учинчи муддатга президент этиб сайланган Мирзиёев ўзининг қасамёд нутқида "конструктив мухолифат" иборасини тилга олиб, демократик ислоҳотларни амалга оширишга ваъда берган эди.

Лекин шунга қарамай, Ўзбекистоннинг сиёсий тизими ҳануз авторитар бўлиб қолмоқда.

Айни пайтда мамлакат бешта сиёсий партия рўйхатга олинган бўлиб, булар Ўзбекистон Халқ демократик партияси (ХДП), ЎзЛиДеП, “Миллий тикланиш”, “Адолат” ва Экологик партияларидир.

Ўзбекистонда ўтган асрнинг 90-йиллари бошида рўйхатга олинган “Бирлик” ва “Эрк” мухолиф партияларини ўзбек расмийлари амалда партия ўлароқ тан олмай келишади.

Лидерлари хорижда бўлган бу икки партия вакилларининг Ўзбекистон Адлия вазирлигида қайта рўйхатдан ўтишга ҳаракатлари ҳатто президент Шавкат Мирзиёев даврида ҳам ижобий натижа берган эмас.

Шунингдек, профессор Хидирназар Оллоқулов бошчилигидаги фаоллар томонидан янги бир партия тузиш бўйича 2021 йилдан буён амалга оширилган бир неча уриниш ҳам муваффақиятсиз якунланган.

"Ҳозир Бирлашган мухолифат тузилаётган бир вақтда Ўзбекистонда эркинлик, озодликни беришни хоҳламаётганлар қимирлаб қолишди. Чунки улар халқнинг, мухолифатнинг бирлашишини истамаяпти, халқнинг бирлашуви миллий манфаатларни сотаётганларни қўрқитиб қўйди", дейди Хидирназар Оллоқулов.

Ўзбекистон сиёсий ҳаётида мухолифатнинг ўрни муҳимлиги юзасидан баҳслар бошланган 2019 йил охирида амалдаги президент Мирзиёев бунга муносабат билдириб, “мухолифат мамлакатнинг ичида пайдо бўлиши лозим”лигини урғулаган эди.

Бироқ ўшандан бери мавжуд беш партия фаолиятида мухолифатга хос бўлган, мавжуд иқтидорни танқид қилиб, муқобил бошқарув йўлларини таклиф қилган қадамлар кузатилмади.

“Бирлашган Ўзбек Мухолифати” номи остида бирлашган мухолиф қарашдаги ўзбекистонликлар эса 21 декабр куни 3-онлайн мулоқотини ўтказди.

2 соадан ортиқ давом этган мулоқот якунида фаоллар бирлашган мухолифат Марказий кенгаши қошида 30 кишилик ҳайъат тузилгани, ўзбек халқига Мурожаат матни ҳамда Низом лойиҳаси тайёрланганини эълон қилди, Мурожаат матни эса ўнлаб фаолнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида улашилди.

Форум

XS
SM
MD
LG