Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2025, Тошкент вақти: 22:35

Трамп Мирзиёев ва Тоқаевни G20 саммитига таклиф қилди


23 декабр куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Америка Қўшма Штатлари Президенти Доналд Трампнинг телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.

Бу ҳақда хабар берган Ўзбекистон президенти матбуот хизматига кўра, Мирзиёев суҳбат аввалида АҚШ Президентини яқинлашиб келаётган янги йил байрамлари билан табриклаб, Америка халқига тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилаган.

Доналд Трамп, ўз навбатида, Ўзбекистон етакчиси ва халқига ўзининг ҳамда АҚШ халқининг самимий саломи ҳамда табрикларини йўллаб, янги йилда бахт-саодат, муваффақиятлар ва янги зафарлар тилаган.

Президентлар олий даражада эришилган келишувлар ижросининг боришини, шунингдек, Ўзбекистон – АҚШ стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш истиқболларини батафсил кўриб чиққанлар.

Мирзиёев Доналд Трампнинг жорий йилда ички ва ташқи сиёсатда эришган муваффақиятларига юксак баҳо бериб, унинг ўткир халқаро инқирозлар ва можароларни ҳал этиш борасидаги самарали саъй-ҳаракатларини алоҳида таъкидлаган.

АҚШ президенти бу телефон сўзлашуви ҳақида Х ижтимоий тармоғида фикр қолдириб, Ўзбекистон ва Қозоғистон президентларини G20 саммитига меҳмон сифатида таклиф қилганини ёзди:

"Бугун эрталаб мен Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан икки ажойиб телефон мулоқоти ўтказдим. Биз давом этаётган низоларга тинчлик олиб келишнинг аҳамияти, шунингдек, мамлакатларимиз ўртасида савдо ва ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдик. Ҳар икки мамлакат билан муносабатлар жуда ажойиб даражада.

Келаси йили АҚШ G20 саммитини қабул қилади ва бу жуда муҳим тадбирга мазкур икки давлат раҳбарини меҳмон сифатида таклиф этамиз. Саммит Майами шаҳрида бўлиб ўтади".

Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг маълум қилишича, икки давлат ўртасида фуқаро авиацияси, автосаноат, тоғ-кон саноати, қишлоқ хўжалиги, инфратузилма, энергетика ва кимё, ахборот-коммуникация технологиялари ва бошқа соҳаларда ўнлаб миллиард долларлик қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Шавкат Мирзиёев Доналд Трампни ўзи учун қулай муддатда Ўзбекистонга ташриф билан келишга таклиф қилган.

Форум

XS
SM
MD
LG