Линклар

Шошилинч хабар
04 феврал 2026, Тошкент вақти: 05:14

Ўзбекистонда миллионлаб шахсий маълумотлар сиздирилгани айтилмоқда

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда 15 миллиондан зиёд фуқаронинг шахсий маълумотлари сиздирилиб, Dark Web’га жойлаштирилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бу воқеа президент Шавкат Мирзиёев кибер жиноятларга қарши кураш самара бермаётганини айтиб, тегишли идораларни қаттиқ танқид қилганидан бир ҳафта ўтгач содир бўлди.

Айни пайтда мамлакатда молиявий фирибгарларнинг қурбонлари ортиб, ҳуқуқ-тартибот органларининг ишига танқидлар кучаймоқда. Уч йил аввал кибержиноятларга қарши махсус бошқарма ташкил этилгани вазиятни яхшиламагани айтилади.

"Жуда ёмон ишлар бўляпти"

15 миллиондан зиёд одамнинг шахсий маълумотлари сиздирилган бўлиши мумкинлиги ҳақида 2 февралда Qalampir нашри ижтимоий тармоқлардаги хабарларга таянган ҳолда ёзди.

Киберхавфсизлик маркази ҳолат ўрганилаётганини ва қўшимча маълумот берилишини билдирди. Ҳозирча уни ким ва қандай усулда сиздиргани аниқ эмас.

“Озодлик” журналистлари шахсий маълумотлари сиздирилган одамларнинг исми-шарифлари, манзили, телефон рақамлари, банкдан олган кредитлари, унинг қанчасини тўлагани ва бошқа мулклари ҳақидаги маълумотлар мавжудлигини аниқлади.

Уларнинг айримлари билан ўша жойда кўрсатилган телефон рақамлари орқали алоқага чиққанимизда сиздирилган хабарларда ёзилган маълумотларнинг ростлигини тасдиқлашди.

"Мен ҳам бу ҳақда бугун эшитдим. Туман Ички ишлар бўлимига бориб, ариза ёзиб келдим" - деди қашқадарёлик Санжар исмли фуқаро.

Шунингдек, баъзилари бундан бехабар эканини ҳам айтишди. Эътиборимизни тортган яна бир жиҳат, шахсий маълумотлари ошкор бўлганлар орасида ҳуқуқ-тартибот органларида ишлаган ходимлар ҳам борлиги.

Шахсий маълумотларга паспорт серияси, банк реквизитлари ҳамда телефон рақамлар киради ва улар фирибгарлик, пул ўғирлаш, ноқонуний кредит расмийлаштириш ёки таҳдидларда қўлланилиши мумкин.

Dark Web — интернетнинг оддий браузерлар орқали кириб бўлмайдиган, кўпинча ноқонуний фаолият учун ишлатиладиган яширин қисми ҳисобланади.

Бу ҳолат жамоатчилик фаоллари орасида ташвиш уйғотиб, шахсий маълумотлар хавфсизлиги ва кибержиноятларга қарши кураш самарадорлиги ҳақида саволларни кучайтирди.

"Бирор иш қилишдан аввал (аҳолини рўйхатга олиш ва бошқалар) унинг хавфсизлигини таъминлаш керак. 21 асрда яшаяпмиз ахир. Нега барчасининг ҳисобини олмагансизлар? Ёки лойиҳа учун ажратилган маблағ етарли бўлмаганми? Ёки бўлмаса, етарли бўлса ҳам маблағ "арра" қилинганми? Бунақада давлатга нега ишонишимиз керак? Нега шахсий маълумотларимизни унга беришимиз керак? Нега ишлар кучли мутахассисларга топширилмаган? Жаноб президент, бу иш доирасидаги барча масъулларга сиёсий жавобгарлик кўришингизни сўрайман. Қизиғи, ташкилотлар бу бизнинг функциямиз эмас деб тўпни бир-бирига отиши бошланди. Жуда ёмон ишлар бўляпти" - деб ёзди жамоатчилик фаоли Зафар Солижонов.

Тармоқлардаги муҳокамалардан сўнг Ички ишлар вазирлиги бундай баёнот тарқатди:

"Ички ишлар органлари тасарруфидаги барча ахборот тизимларининг хавфсизлиги тўлиқ таъминланган бўлиб, унда сақланаётган шахсга оид маълумотларнинг дахлсизлиги сақланган ва ташқи манбалар орқали кириш амалга оширилмаган".

Давлатнинг жавобгарлиги

Шахсий маълумотларнинг сиздирилиши хақидаги хабар айнан Ўзбекистонда молиявий фирибгарлик қурбонлари ортиб, кибержиноятларга қарши курашиш бошқармаси самарасиз ишлаётгани ҳақидаги танқидлар кучайган пайтга тўғри келди.

Президент Шавкат Мирзиёев 27 январ куни ўтказилган йиғилишда тегишли идора расмийларига дакки берган:

"Уч йил олдин Ички ишлар вазирлигида ташкил қилинган кибержиноятчиликка қарши курашиш бошқармасининг иши ҳали кўринмаяпти. Масалан, ўтган йили пойтахтда кибержиноятлар сони 16 мингдан ортиб, фуқаролар қарийб 2 триллион сўм моддий зарар кўрган. Уларни фош этиш 8 фоизга ҳам бормаяпти. Ўша одам биздан розими? Давлатдан розими? Норози, албатта! Жиноятчилар банк тизимидаги бўшлиқдан аҳолининг ишонувчанлигидан ва технологик билими етишмаслигидан фойдаланяпти. Лекин қўриқлаш тизими нима таклиф беряпти одамларимизга? Ҳей одамлар, эҳтиёт бўлинглар, кўзларингизни очинглар деб ҳар куни ижтимоий тармоқларга, телевидение, газеталарга нима таклифларни беряпмиз? Ички ишлар ва прокуратурага бу йўналишда барча масалани ҳал қилиб берганман! Қани натижа? Банк ва тўлов ташкилотларида ҳимоя тизимларини жорий қилиш қачон якунланади? Қани натижа?" - деган Мирзиёев.

Таниқли суриштирувчи журналист Андрей Сошников фикрига кўра, шахсий маълумотлар сизиб чиқиши фуқаролар учун катта хавф туғдиради ва бу ҳолатда давлатнинг жавобгарлиги алоҳида аҳамиятга эга:

"Айниқса молиявий хавф катта, чунки ёвуз ниятли шахслар маълумотларни қўлга киритиб, уларни яхшилаб ўрганадилар ва қўшимча маълумотлар билан бойитадилар. Бунинг учун биринчи навбатда давлат жавобгар, чунки айнан давлат катта ҳажмда маълумотларни тўплайди. Бу ерда катта ахборот номутаносиблиги мавжуд: давлат фуқаролар ҳақида жуда кўп нарсани билади, фуқаролар эса давлат ёки мамлакатни бошқарувчи гуруҳлар ҳақида жуда кам нарсани билишади. Давлат маълумотларни тўплар экан, уларни ҳимоя қилиш мажбуриятини ҳам ўз зиммасига олади. Аммо амалиёт кўрсатганидек, Марказий Осиёда ҳам, Россияда ҳам, Ғарбда ҳам давлат қанча кўп маълумот тўпласа, уларнинг оқибатда сизиб чиқиш эҳтимоли шунча юқори бўлади".

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

"Ҳудди гипнозда эдим"

"Озодлик"ка Самарқанддан мурожаат қилган 66 ёшли собиқ иқтисодчи Моҳира Худойқулова фирибгарларга ишониб, 400 минг АҚШ долларидан зиёд маблағини олдириб юборган фуқаролардан бери.

Унинг сўзларига кўра, бу жараён 2017 йилда интернетдаги реклама орқали бошланган. Ўзларини Россия компанияси ва молиявий платформалар вакиллари деб таништирган шахслар Худойқуловага криптовалюта орқали даромад топишни таклиф қилишган. Нафақада, ишсиз ўтирган аёл ҳовли сотиб олиш учун йиғиб юрган пулини қўшимча даромад умидида ушбу “бизнес”га киритган ва гўёки бу пулларга криптавалюта сотиб ола бошлаган.

"Ҳудди гипнозда эдим. Баъзида тушуна олмайман, қандай қилиб шунча пулни тўладим деб. Шунча пулим кетди, қайтариб олишим керак деб тўхтай олмай қоларкансиз" - дейди у.

Кейинчалик у “пулингизни қайтаришга ёрдам берамиз” деган "янги фирмаларга" ишонган ва яна тўловлар қилган. Фирибгарлар “Ўзбекистон, Польша, Австрия, АҚШ, Британия, Қозоғистон ва Россияда ишлаймиз” деб тинимсиз алоқага чиқиб туришган. Турли рақамлардан қўнғироқ қилиб, ҳужжатларни асосан Telegram орқали юборишган. Ҳужжатлар эса жуда ишончли ва расмий кўринган.

Моҳира Худойқулова уйини ва бошқа мол-мулкини гаровга қўйиб, улар айтган суммаларни тўлаб борган. Бу ҳолат деярли 10 йил давом этиб, Худойқулова уйидан ҳам айрилган. Ёлғиз аёл қарзга ботган ва ҳозир турли жойларда вақтинча яшаб юрганини айтади.

"Киберхавфсизликда ишлаганларга 2025 йилнинг 26 ноябрида мурожаат қилдим. Дардимни эшитишди, лекин ҳеч ким уйимга келмади. Кейин яна ўзим қўнғироқ қилиб айтсам, эртаси куни келишди, кейин мени милиция бўлимига олиб боришди. Уларга барча маълумотларни бердим. Ноутбугимда қандай маълумот бўлса, барчасини кибержиноятга қарши курашганларга бердим. Ҳаммасини олишди. Лекин бошқа садолари чиқмади. Бирор марта менга телефон қилиб, “Опа, мана бу ишни қилдик” деб айтишгани йўқ" – деди Худойқулова “Озодлик” журналисти билан 30 январ кунги суҳбатида.

"Нега мени ҳеч ким ҳимоя қила олмайди?"

Мурожаатчилар орасида Навоий вилоятида яшовчи 50 ёшли ўқитувчи Мукаррам ҳам бор. У ўзини Марказий банк ходимлари деб таништириб қўнғироқ қилган фирибгарларнинг қурбони бўлган. Унинг номига онлайн тарзда иккита банкдан 130 миллион сўм кредит расмийлаштирилиб, маблағлар фирибгарлар картасига ўтказиб юборилган.“Озодлик” журналистлари Мукаррам айтган банклардан ҳозирча изоҳ кутяпти.

“Ички ишларга мурожаат қилганман. Пул қайси картадан қайси картага ўтиб, чиқиб кетгани ҳақида барча маълумотлар бор. Ички ишлардан жиноят иш қўзғатилганини билдиришган, лекин ходимлар менга очиғини айтиб, “четга чиқиб кетган пулни топа олмаймиз, ўзингиз банкка тўлайсиз” дейишди. Бу қанчалик адолатсизлик! Мен 30 йилдан бери давлатимга фойдам тегди, болаларга таълим бердим. Нима учун мендек ожизани ҳеч ким ҳимоя қила олмайди?” - дейди Мукаррам.

Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда Ички ишлар вазирлиги таркибида Кибержиноятларга қарши курашиш бошқармаси 2022 йилда ташкил этилган. Расмий статистикага кўра, бу оралиқда мамлакатда молиявий фирибгарликлар сони ҳам кўпайган.

Киберҳавфсизлик маркази фирибгарларга қарши кураш кучайгани, шунинг учун жиноятлар статистикасига ўсгани ва айрим гуруҳлар қўлга олингани ҳақида доимий равишда хабар тарқатади. Мутахассислар жиноят қурбонлари ортиб бораётганини аҳолининг молиявий ва ҳуқуқий саводхонлиги пастлиги билан изоҳлайди.

Вазирлик кибержиноятлар Ўзбекистонда қайд этилган умумий жиноятларнинг салкам ярмини, яъни 44 фойиздан кўпини ташкил қилишини 2025 йилнинг ноябрида билдирган эди. Фирибгарларга алданганлар сони эса ўтган йили 60 мингдан ошган.

Ҳуқуқбонлар масаланинг бошқа жиҳатига эътибор қаратиб, бу борада банкларнинг масъулиятини кучайтириш зарурлигини таъкидлашмоқда. Францияда фаолият юритувчи Марказий Осиё инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Надежда Атаевага кўра мижозларга кредит расмийлаштириш ёки маблағлар картадан чиқарилаётгани ҳақида ўз вақтида хабар берилиши шарт, лекин бу мажбурият бажарилмагани учун одамлар фирибгарларнинг тузоғига тушмоқда.

“Марказий Осиё инсон ҳуқуқлари ассоциациясига Ўзбекистон фуқароларидан кибержиноят ва онлайн фирибгарлик қурбони бўлгани ҳақида мурожаатлар тобора кўпаймоқда. Ўзбекистонда шундай амалиёт шаклланиб қолганки, фирибгарлар фуқароларга мобил телефон орқали қўнғироқ қилиб, ўзини банк ходими сифатида таништиради. Улар инсоннинг ҳақиқий шахсий маълумотларини айтиб беради. , Кўпчилик фуқаролар ҳақиқий маълумот эшитганидан кейин, уларга чиндан ҳам банкдан қўнғироқ қилинганига ишониб қолади. Бир неча кундан кейин эса маълум бўладики, фуқаронинг хабари ва розилигисиз унинг номига онлайн кредит расмийлаштирилган. Бизнинг таҳлилларимиз шуни кўрсатмоқдаки, бундай ҳолатларда муаммо жабрланувчиларнинг молиявий саводхонлигида эмас, балки банкларнинг онлайн кредит амалиётидаги тизимий муаммоларда” - дейди Атаева.

Ўзбекистонда 2019 йилда қабул қилинган “Шахсий маълумотлар тўғрисида”ги қонун фуқаролар маълумотларини йиғиш, қайта ишлаш ва сақлашни тартибга солади. Унга кўра, интернет платформалари маълумотларни Ўзбекистондаги серверларда сақлаши шарт. Бу талабни бузгани учун TikTok, Twitter ва “ВКонтакте” каби тармоқлар блокланган, кейинчалик айримларидан чеклов олинган, TikTok эса ҳозиргача блокланган ҳолда қолмоқда. “Шахсий маълумотлар тўғрисида”ги қонунга барча ташкилотлар, жумладан банклар ҳам риоя қилиши шарт.

Кибержиноятлар дунёда ҳам глобал муаммога айланган. Рақамли иқтисод ва онлайн хизматлар кенгайиши билан шахсий маълумотлар ўғирланиши, молиявий фирибгарлик ва криптовалютага оид алдовлар кўпайган. Айниқса, Россияга алоқадор хакерлик тармоқлари халқаро миқёсда кибератакалар содир этгани ҳақида маълумотлар бор.

Кўп мамлакатларда банк иловалари ва онлайн хизматларда икки қадамли аутентификация жорий этилган, кўп ҳолларда биометрик текширув, яъни юзни таниш ёки бармоқ изи орқали кириш амалиёти қўлланилади.

Форум

XS
SM
MD
LG