Линклар

Шошилинч хабар
13 феврал 2026, Тошкент вақти: 04:10

Боёвутда далани полиэтилен пакетлар босиб кетди

Чиқинди полигонидан шамол учирган полиэтилен пакетлар. 9 феврал, 2026 йил.
Чиқинди полигонидан шамол учирган полиэтилен пакетлар. 9 феврал, 2026 йил.

Сирдарё вилоятининг Боёвут туманига қарашли Учтурғон маҳалла фуқаролар йиғини яшовчилари далани полиэтилен пакетлар босиб кетганидан хавотир билдириб, муаммони ҳал қилишни сўрамоқда.

Маҳаллий аҳоли томонидан “Озодлик”ка тақдим этилган фото ва видео тасвирларда фермер хўжаликлари ерларида турли рангдаги полиэтилен пакетлар дала бўйлаб сочилиб ётгани кўринади. Маълум қилинишича, тасвирлар жорий йил 9 феврал куни олинган.

“Бу ҳолат йиллар давомида такрорланади. Полиэтилен пакетлар далага сочилиб, ер унумдорлигига салбий таъсир кўрсатада.и Биз тегишли идораларга мурожаат қилганмиз, лекин натижа йўқ” – дейди мурожаатчи.

Аҳоли чиқинди полигонидан шамол учирган пакетлар тахминан 20 гектар жойга тарқалганини айтмоқда. Айни пайтда “Озодлик”да полэтилен пакетлар босиб ётган далаларнинг аниқ майдонини жойидан тасдиқлаш имкони мавжуд эмас.

Чиқинди полигонидан шамол учирган полиэтилен пакетлар. 9 феврал, 2026 йил.
Чиқинди полигонидан шамол учирган полиэтилен пакетлар. 9 феврал, 2026 йил.

Маълумотларга кўра, мазкур полигонга Боёвут тумани ва Ширин шаҳридан чиқиндилар олиб келиб ташланади. Яшовчилар шамол чиқиндиларни далалар ва ҳовлиларга тарқатиб юбориши, ёз ойларида бадбўй ҳид ва пашшалар кўпайишини билдирмоқда. Улар бу ҳолат қишлоқ хўжалиги ишларига ва санитария шароитига таъсир кўрсатаётганини таъкидлаб, муаммони ҳал қилишда тегишли идоралардан ёрдам кутадилар.

"Озодлик" журналисти 12 феврал куни Боёвут туманидаги чиқинди полигонига яқин жойларда яшовчи бир неча фуқаро билан суҳбатлашиб, далаларга сочилган полиэтилен пакетлар тозаланган-тозаланмаганини сўради. Суҳбатдошлар уларнинг бир қисми йиғиштирилганини, аммо кўп жойларда ҳали ҳам пакетлар сочилиб ётганини маълум қилдилар.

Туман ҳокимининг 2020 йил 13 майда қабул қилган қарорига кўра, Навбаҳор сув истеъмолчилари уюшмаси ҳудудида чиқинди полигони ташкил этилиши белгиланган. Бироқ одамлар бу қарор амалга оширилмаганини айтадилар.

Биз бу борада Боёвут тумани ҳокимиятига ва Учтурғон маҳалла фуқаролар йиғини масъулларига вазиятни тушинтириш учун микрофон беришга тайёрмиз.

Европа геология фанлари иттифоқи тадқиқотларига кўра, пластик парчалари тупроққа аралашиб кетганда унинг табиий тузилиши ўзгаради. Яъни, ернинг зичлиги, сувни ўтказиши ва ушлаб туриши каби хусусиятларига таъсир қилади. Микропластиклар ўсимлик илдизларига озиқ моддаларни ўзлаштиришни қийинлаштиради, шу билан бирга тупроқдаги ферментлар ва фойдали микроорганизмлар фаолиятини ҳам издан чиқариши мумкин. Умуман олганда, бундай заррачалар тупроқда озиқ моддалар айланиш жараёнларига таъсир қилиб, ер унумдорлигини таъминлайдиган асосий механизмларга аралашади. Тадқиқотлар пластик чиқиндилардан ҳосил бўлган заррачалар тупроқда тўпланиб бориши натижасида қишлоқ хўжалиги учун муҳим бўлган тупроқ функциялари пасайиши эҳтимолини кўрсатади.

Боёвутдаги ҳолат фақат битта ҳудудга таалуқли масала эмас. Экологлар Ўзбекистонда чиқиндиларни бошқариш бўйича ислоҳотлар олиб борилаётганига қарамай, полигонлар ҳолати, ноқонуний чиқиндихоналарнинг кўпайиши ва пластик муаммоси жиддий масала эканини таъкидлаб келадилар.

Чиқиндиларни бошқариш ва айланма иқтисодиётни ривожлантириш агентлигига қарашли Дирекция балансида ҳозирда 185 та полигон мавжуд. Аммо “Ўзбеккосмос” 2024 йил якунида мамлакат бўйлаб 1928 та ноқонуний чиқиндихона борлигини ва улар 721 гектар майдонни эгаллашини маълум қилган.

Экология вазирлиги чиқиндилар ҳажмини тизимли экологик муаммо сифатида баҳолайди. Ҳар йили Ўзбекистонда тахминан 10,2 миллион тонна маиший чиқинди ҳосил бўлади. Уларнинг 10,3 фоизи пластикдан иборат ва бу улуш йил сайин ортиб бормоқда.

Ахборот воситаларида таъкидланишича, кўплаб полигонлар йиллар давомида етарлича таъмирланмаган: ҳимоя деворлари, йўллар ва назорат тизимлари етишмаслиги аҳоли саломатлиги ва экологик хавфларни кучайтирмоқда.

Ўзбекистонда 2027 йилдан полиэтилен пакетларни ишлаб чиқариш, олиб кириш ва улардан фойдаланиш тақиқлаш таклифи мамлакат президентининг “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида” фармони лойиҳасида илгари сурилган.

2024 йил 4 январда президент “Чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш” ҳақидаги фармонни имзолаган. Унга кўра, 2025 йилгача маиший чиқиндилар полигонлари сони камида 20 фоизга, 2030 йилга бориб эса икки баробарга қисқариши керак. Бўшаган ҳудудларда чиқиндиларни қайта ишлашга ихтисослашган саноат зоналари ташкил этилиши режалаштирилган.

2024–2025 йилларда мамлакат бўйлаб 42 та полигон ёпилган ва тахминан 90 гектар ер табиатга қайтарилгани маълум қилинган.

Форум

XS
SM
MD
LG