Агар у қабул қилинса, мигрантлар нафақат ўзлари, балки фарзандлари учун ҳам даромад солиғи тўлайди.
Мигрантлар орасида хавотир
Москвадаги дўконларнинг бирида деярли саккиз йилдан бери фаррошлик қилиб келаётган 33 ёшли ўзбекистонлик Маҳмудани янги қоидалар хавотирга соляпти:
“Қонун ҳали қабул қилинмапти, лекин муҳокама бўляпти. Мен турмуш ўртоғим ва уч нафар фарзандим билан Россияда яшаб, ишлаб, пул топиб юрипмиз. Катта фарзандим мактабга боради, иккитаси боғчада. Мактабга жойлаштириш ҳам, боғчага бериш ҳам осон бўлмаган. Энди болалар учун ҳам солиқ тўланиши мумкинлиги ҳақида эшитяпман. Бу биз учун қандай оқибатларга олиб келишини ҳозирча билмайман, Ўзбекистонга қайтиб кетамиз шекилли”, - дейди Маҳмуда.
“Озод Европа/Озодлик” радиоси Россияда “исталмаган ташкилот” сифатида тан олингани сабабли, Маҳмуданинг иш жойи ва тўлиқ исми-шарифи ошкор этилмайди.
Ўзбекистонда ҳамшира бўлиб ишлаганида ойлиги рўзғорга етмагани учун ишини ташлаб, Москвада фаррошликни танлаган Маҳмуданинг айтишича, авваллари мигрант бўлиб топган пули оиласига анча ёрдам берган. Аммо ҳозир у ва турмуш ўртоғи олаётган маошнинг катта қисми ҳужжатларни расмийлаштиришга кетяпти.
Маҳмуда каби миллионлаб мигрантларни ҳавотирга солаётган янги қонун лойиҳаси “Россия Федерациясида бўлиб турган чет эл фуқароларининг ҳуқуқий мақоми тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш киритишни назарда тутади.
Тўловнинг аниқ миқдори кўрсатилмаган, маҳаллий нашрларга кўра, уни ҳар бир минтақа алоҳида белгилаши мумкин. Патент тўловлари ҳам ҳудудга қараб фарқ қилади.
18 ёшга тўлганларга - патент
Шунингдек, 18 ёшга тўлган ҳар бир мигрант мажбурий тарзда патент олиши шарт бўлади. Агар шахсда вақтинча ёки доимий яшаш рухсатномаси бўлмаса, у 18 ёшга тўлиши билан 30 кун ичида мустақил меҳнат патентини расмийлаштириши зарур.
Қонунда мигрантнинг даромади оила аъзоларига тақсимланганда яшаш минимумидан кам бўлса, патент бекор қилиниши мумкин. Очиқ манбаларда Россияда яшаш минимуми ойига тахминан 20 минг рубль атрофида эканлиги кўрсатилган.
“Коммерсант” нашри маълумотларига кўра, ушбу лойиҳа Молия вазирлиги томонидан билан ишлаб чиқилган бўлиб, қабул қилинса 2027 йилдан кучга киради. Солиқ хизмати чет эл фуқароларининг уч, олти, тўққиз ойлик ва бир йиллик даромади ҳақидаги маълумотни автоматик тарзда Ички ишлар вазирлигига тақдим этади.
Мигрант болалар сони камайди
Сўнгги йилларда Россияда миграция қонунчилиги тобора қатъийлашмоқда. Мигрантларнинг фарзандларига рус тили имтиҳонисиз мактабга қабул қилиниши тақиқланди. Натижада, Рособрнадзор маълумотларига кўра, ўтган йил сентябрда чет эл фуқаролари болаларининг 87,5 фоизи мактабга кира олмаган.
2026 йилнинг 28 январида Ички ишлар вазирлиги вакили Ирина Волк Россияда мигрант болалар сони бир йилда қарийб 25 фоизга камайганини маълум қилган. Шунингдек, янги федерал қонуга кўра, Ички ишлар органлари ва таълим муассасалари хорижлик болалар ҳақида маълумот алмашади, ва болаларнинг маълумотлари вазирлик базасида рақамли профиль сифатида юритилади.
"ДумаБинго" лойиҳаси ҳисобича, 2021 йилдан бери Давлат Думаси мигрантларга нисбатан чекловчи 73 та қонун лойиҳасини кўриб чиққан. Уларнинг 38 таси 2024 йилда “Крокус”даги терактдан сўнг муҳокама қилинган.
Расмийлар бу ҳужжатларни хавфсизлик чораси сифатида асослашади. Давлат Думаси депутати Михаил Матвеев ўтган йили мартдаги чиқишида мигрант болалари миллий хавфсизликка таҳдид солаётганини айтган:
“Барча мигрант болаларининг ота‑оналари шуни билиши шарт: агар улар бола тарбияси бўйича ўз мажбуриятларини бажармаса, мактабга тайёрлай олмаса, ҳужжатлари тўлиқ бўлмаса ёки ўзларининг мигрантлик мақоми якунланаётган бўлса, боласи рус тилини билмаса ёки ўрганишни истамаса, бундай ҳолда улар тушуниши керак, фақат битта вариант бор: Болалари билан бирга депортация қилиниши керак. Ўз уйига, ўз жонажон қишлоғига қайтсин” – деган Матвеев.
Россияда мигрантларга оид асосий чеклов чоралардан бири – Назорат реестри ҳисобланади. Унга миграция қонунларини бузган чет эл фуқаролари киритилади. Давлат Думаси раиси Вячеслав Володин 2025 йилнинг 1 сентябр ҳолатига кўра назорат реестрида 770 мингдан ортиқ мигрант борлиги, уларнинг учдан бири аёллар ва болалар эканлиги қайд этилганини билдирган.
Ўзбекистон президенти администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ўтган йили Москвада бош вазир Михаил Мишустин билан учрашиб, мигрантларга патент беришнинг бир қисмини Ўзбекистонда амалга оширишни таклиф қилган. Натижаси ҳозирча маълум эмас.
Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Акмал Бурҳонов 2025 йилга келиб Россияда ишлаётган ўзбекистонликлар сони бир миллион атрофида эканини айтган, аммо уларнинг қанчаси болали эканлиги маълум эмас.
Расмийларга кўра, 7–8 йил аввал Россияда ўзбекистонлик мигрантлар сони 5–6 миллион бўлган.
Форум