Линклар

Шошилинч хабар
06 апрел 2026, Тошкент вақти: 13:33

Жонли Трамп: "Эронга яна кучли зарбалар берилади"

Президент Доналд Трамп АҚШ Эрондаги мақсадларига “жуда яқин” тургани ва кейинги икки‑уч ҳафта давомида Эронга нисбатан “жуда кучли зарбалар” берилишини билдирди. У Эрон билан уруш бошланганидан кейинги илк мурожаатини 1 апрелда Оқ уйдан эълон қилди. У сўнгги ҳафталарда Исроил билан биргаликда олиб борилаётган операцияни “тезкор ва ҳал қилувчи ғалабалар” деб атади.

Трамп чиқишидан олдин бир қатор демократлар унинг мақсадлари ноаниқлигини, 13 америкалик ҳарбий ҳалок бўлганини ва юзлаб ярадорлар борлигини эслатиб, дарҳол Эрон билан ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралар бошлашга чақирди.

20 дақиқа давом этган мурожаатда Украина мавзуси тилга олинмади.

20:42 28.2.2026

Қизил Ярим Ой: камида 20 вилоят зарбалардан жабр кўрган

Iranian Red Crescent Society (Эрон Қизил Ярим Ой жамияти) матбуот котиби Мужтабо Халидийнинг айтишича, бугун Исроил ва АҚШ ҳужумлари оқибатида мамлакат бўйлаб 20 дан ортиқ вилоят зарар кўрган.

Унинг қўшимча қилишича, Минаб туманидаги мактабга қилинган ҳужумдан сўнг қутқарувчилар вайроналарни тозалаш, яраланганлар ва ҳалок бўлганларни кўчириш ишларини олиб бормоқда.

Халидий фуқароларни зарба берилган жойлардан камида «100 метр масофа» нарида туришга ва ўз ҳаётини муҳофаза қилиш учун бу ҳудудларда тўпланмасликка қатъий чақирди.

Бундан аввал Эрон жанубидаги Ҳормозгон вилоятидаги Минаб туманининг ҳокими АҚШ ва Исроил ҳужумлари оқибатида «40 нафар ўқувчи» ҳалок бўлганини айтган эди.

Озод Европа/Озодлик радиосининг форс хизмати бу даъволарни мустақил равишда тасдиқлай олмади.

20:39 28.2.2026

Яқин Шарқда парвозлар тўхтади

Глобал авиакомпаниялар Қўшма Штатлар ва Исроил Эронга зарбалар берганидан сўнг Яқин Шарқ бўйлаб парвозларни бекор қилди.

Flightradar24 (ФлайтРадар24) парвозларни кузатиш хизмати томонидан тақдим этилган тайм-лапс тасвирлар мамлакат устидаги осмон тобора бўшаб бораётганини кўрсатди, чунки парвозлар минтақани айланиб ўтиш учун йўналиши ўзгартирилди.

20:37 28.2.2026

Ароқчи: Эронда режим алмаштириш - "амалга ошмайдиган вазифа"

Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчий, Трампнинг Эронда режимни ўзгартириш мақсади "амалга ошмайдиган вазифа" эканини айтди.

Унга кўра, Эрон Яқин Шарқ минтақасидаги АҚШ ҳарбий иншоотларига зарба бермоқда, "ўз юртидаги америкаликларга эмас". Шу билан бирга, у мамлакати кескинликни камайтиришдан манфаатдор эканини ва АҚШ–Исроил зарбалари тўхтагач, музокараларга тайёрлигини қўшимча қилди.

"Ҳозирча ҳеч қандай алоқа йўқ", деди у NBC News телеканалига берган интервьюсида.

Аббос Ароқчи
Аббос Ароқчи

"Аммо агар америкаликлар биз билан гаплашмоқчи бўлса, мен билан қандай боғланишни билишади. Биз, албатта, кескинликни камайтиришдан манфаатдормиз… Бу - Қўшма Штатлар танлаган уруш, ва улар бунинг учун жавоб бериши керак. Лекин биз томондан олиб қаралса, биз урушни истамаймиз".

Унинг таъкидлашича, АҚШ кучлари эронликларга ҳужум қилмоқда, аммо Эрон минтақадаги Америка базалари, ҳарбий базалар ҳамда ҳарбий иншоот ва объектлар зарба бермоқда.

"Бу тажовузни бошлаган биз эмасмиз", дея таъкидлади Ароқчи.

Трампнинг Эронда режим алмаштириш ҳақидаги ёзиб олинган нутқидаги баёноти ҳақида сўралганда, Ароқчи, миллионлаб одам “режим” деб аталадиган ҳукуматни қўллаб-қувватлаб турган бир пайтда режимни ўзгартириб бўлмайди, деди.


20:30 28.2.2026

Халқаро муносабатлар

Бельгия: Ташқи ишлар вазири Максим Прево шундай деди: «Эрон халқи ўз ҳукуматининг танловлари учун жазо тўламаслиги керак. Дипломатик саъй-ҳаракатлар аввалроқ музокара йўли билан ечимга олиб кела олмаганидан чуқур афсусдамиз».

Норвегия: Ташқи ишлар вазири Эспен Барс Эйде шундай деди: «Исроил бу ҳужумни олдиндан зарба сифатида таърифламоқда, аммо бу халқаро ҳуқуққа мос эмас. Олдиндан қилинган ҳужумлар учун дарҳол ва яқин таҳдид мавжуд бўлиши талаб этилади».

Покистон: Ташқи ишлар вазири Исхак Дар «Эронга қарши асоссиз ҳужумларни кескин қоралаб, инқирозни тинч, музокара йўли билан ҳал қилиш учун дипломатияни зудлик билан қайта тиклаш орқали кескинлашувни дарҳол тўхтатишга чақирди».

Индонезия: Индонезия Ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишича, Президент Вашингтон ва Теҳрон ўртасида воситачилик қилишга тайёр:

«Индонезия АҚШ ва Эрон ўртасидаги музокаралар муваффақиятсиз тугаганидан, бу эса Яқин Шарқда ҳарбий кескинлашувга олиб келганидан чуқур афсусда. Индонезия барча томонларни вазминликка чақириб, мулоқот ва дипломатияни устувор деб билишга даъват этади».

«Индонезия Ҳукумати, хусусан Индонезия Республикаси Президенти, хавфсизлик бўйича барқарор шароитни қайта тиклаш мақсадида мулоқотни ташкил этишга тайёрлигини билдиради. Агар ҳар икки томон рози бўлса, Индонезия Президенти воситачилик олиб бориш учун Теҳронга боришга ҳам тайёр».

Шунингдек, баёнотда кескинлик минтақа ҳамда «жаҳон тинчлиги ва хавфсизлиги»га путур етказиши мумкинлиги таъкидланган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG