Дубайда портлаш бўлди
Ижтимоий тармоқлардаги хабарларга кўра, Палм Жумейра оролида яшовчилар маҳаллий вақт билан тахминан 19:00 да портлаш содир бўлганини хабар қилмоқда.
"Бу биздан тахминан беш дақиқа масофада содир бўлди", деди Жумейрада яшовчилардан бири тармоқда тарқалган видеода. У бинолардан юқорига кўтарилаётган қора тутун кўринишини видеога олган.
Бошқа бир одам аҳвол ёмонлашгани ва ҳамма "жуда қўрқиб кетганини" айтмоқда.
"Шаҳар бўйлаб ракеталарни тўсиш ҳақида видеолар бор", дейди у: "Чемодан тўлдиряпман… аммо кетолмаймиз, чунки ҳаво йўли ёпиқ. Бу ҳаммамиз қўрқиб кутаётган воқеа эди ва энди у содир бўлди".
Ўзбек тилидаги ижтимоий тармоқлар эса ўзбекистонлик хонанда Дубайдан эълон қилган видеони улашмоқда.
БМТ Хавфсизлик Кенгаши фавқулодда йиғилиш ўтказади
БМТ Хавфсизлик Кенгаши АҚШ ва Исроилнинг Эронга қилган ҳужумлари ҳамда Теҳроннинг жавоб зарбаларидан сўнг фавқулодда йиғилиш чақирди.
Фавқулодда сессияни чақириш ташаббуси Франция, Баҳрайн, Хитой, Россия ва Колумбиянинг доимий ваколатхоналари томонидан илгари сурилган. Бу ҳақда Россиянинг БМТ ҳузуридаги доимий ваколатхонаси баёнотида айтилди.
БМТ маълумотига кўра, маҳаллий вақт билан соат 16:00 да (21:00 GMT) бошланиши режалаштирилган йиғилишда «Яқин Шарқдаги вазият» муҳокама қилинади.
Эрон: Хоманаий ва Пезешкиён тирик
Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи, Эрон Олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий ва Президент Масъуд Пезешкиёнлар тирик, деди.
"Билишича, ҳа, улар тирик — шунингдек, суд ҳокимияти раҳбари Ғулом Ҳусайн Муҳсиний-Эжеий ва парламент спикери Муҳаммад Боқир Қолибоф ҳам. Барча юқори мартабали мансабдорлар тирик. Миллий хавфсизлик кенгаши котиби Али Лорижоний ҳам ўз жойида. Ҳамма ўз лавозимида ва биз вазиятни бошқаряпмиз", деди у NBC News телеканалига жавобан.
Шунингдек, у зарбалар Эроннинг ядровий дастури бўйича музокаралар давом этаётган пайтда амалга оширилганини танқид қилди.
Қизил Ярим Ой: камида 20 вилоят зарбалардан жабр кўрган
Iranian Red Crescent Society (Эрон Қизил Ярим Ой жамияти) матбуот котиби Мужтабо Халидийнинг айтишича, бугун Исроил ва АҚШ ҳужумлари оқибатида мамлакат бўйлаб 20 дан ортиқ вилоят зарар кўрган.
Унинг қўшимча қилишича, Минаб туманидаги мактабга қилинган ҳужумдан сўнг қутқарувчилар вайроналарни тозалаш, яраланганлар ва ҳалок бўлганларни кўчириш ишларини олиб бормоқда.
Халидий фуқароларни зарба берилган жойлардан камида «100 метр масофа» нарида туришга ва ўз ҳаётини муҳофаза қилиш учун бу ҳудудларда тўпланмасликка қатъий чақирди.
Бундан аввал Эрон жанубидаги Ҳормозгон вилоятидаги Минаб туманининг ҳокими АҚШ ва Исроил ҳужумлари оқибатида «40 нафар ўқувчи» ҳалок бўлганини айтган эди.
Озод Европа/Озодлик радиосининг форс хизмати бу даъволарни мустақил равишда тасдиқлай олмади.