Россия Мудофаа вазирлиги: Украина билан “205 га 205” формуласи бўйича асирлар алмашилди
Россия ва Украина навбатдаги асирлар алмашувини “205 га 205” формуласи асосида амалга оширди. Бу ҳақда Россия ОАВлари Россия Мудофаа вазирлигига таяниб хабар бермоқда.
Украина президенти Владимир Зеленский асирлар алмашуви амалга оширилганини тасдиқлади.
“Озод этилганлар орасида аскарлар, сержантлар ва офицерлар бор. Уларнинг аксарияти 2022 йилдан бери Россияда асирда бўлган. Улар Украинани Мариупол ва ‘Азовстал’да, Донецк, Луганск, Харков, Херсон, Запорожье, Суми ва Киев йўналишларида, шунингдек Чернобил АЭС ҳудудида ҳимоя қилган”, — деб ёзди Зеленский.
Маълум қилинишича, озод этилган россиялик ҳарбийлар айни пайтда Беларусь ҳудудида жойлашган. Музокараларда воситачи сифатида Бирлашган Араб Амирликлари иштирок этган.
8 май куни АҚШ президенти Дональд Трамп ҳар икки давлатдан “1000 нафардан асир алмашиш” режасини эълон қилган эди. Эртаси куни Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков асирлар рўйхатлари устида иш олиб борилаётганини айтган.
“Аввало рўйхат тузиш, ҳақиқий одамларни аниқлаш, кейин келишиш ва шундан сўнг жисмонан алмашувни амалга ошириш керак”, — деган у.
Украина томони эса асирлар алмашуви учун ўз рўйхатларини Россия томонига топширганини маълум қилган эди.
Шунингдек, томонлар ҳалок бўлганлар жасадларини ҳам алмаштирган. Давлат агентлиги ТАСС маълумотига кўра, Россия томони Украинага 526 та жасад, Украина эса Россияга 41 та жасад топширган.
Буюк Британия Ҳормуз бўғозигa ҳарбий кема, қирувчи самолётлар ва автоном тизимларни жойлаштиради
Буюк Британия Мудофаа вазирлиги маълум қилишича, мамлакат Ҳормуз бўғозидаги кўп миллатли хавфсизлик миссияси доирасида ҳарбий кема, қирувчи самолётлар ва автоном тизимларни жойлаштиради.
Британия мудофаа вазири Жон Хили бу режани 40 дан ортиқ давлат вакиллари иштирок этган виртуал йиғилишдан сўнг эълон қилди.
Мудофаа вазирлигига кўра, Британия мина қидирувчи автоном ускуналар ва замонавий дронларга қарши тизимлар учун 156 миллион доллар миқдорида маблағ ажратади.
Айни пайтда Қироллик Ҳарбий-денгиз кучларига тегишли HMS Dragon эсминеци Яқин Шарқ томон йўл олган.
Бу жойлаштириш ўтган ҳафта Британия ва Франция Ҳормуз бўғози бўйича кўп миллатли миссияга қўшма раҳбарлик қилишини эълон қилганидан кейин амалга оширилмоқда.
Франция Қуролли кучлар вазирлиги маълум қилишича, Франциянинг “Шарль де Голль” авианосец гуруҳи Сувайш канали орқали ўтиб, Қизил денгизнинг жанубига йўл олган.
Бунга жавобан Эрон ташқи ишлар вазири ўринбосари Козим Ғарибободий Франция ва Британия ҳарбий кемаларининг Ҳормуз бўғозига кириши АҚШнинг “ноқонуний ҳаракатларига” ёрдам сифатида баҳоланишини ва Эрон Қуролли Кучлари томонидан “қатъий ва зудлик билан жавоб” берилишидан огоҳлантирди.
АҚШ томонидан Ҳормуз бўғози ва Умон кўрфазида жорий этилган денгиз блокадаси ҳозир иккинчи ойига кирган. Эрон нефтини экспорт қилишга қўйилган чекловлар мамлакат иқтисодиётига кучли босим ўтказмоқда ва жаҳон энергия таъминотида янги ноаниқликларни келтириб чиқармоқда.
Зеленский: Россия урушни тўхтатиш ниятида эмас
Украина президенти Владимир Зеленский Россия урушни тўхтатиш ниятида эмаслигини айтди ва Киев янги ҳужумларга тайёрланаётганини билдирди.
- Бугун фронт чизиғида тинчлик бўлмади. Жанг ҳаракатлари давом этди. Биз буларнинг барчасини ҳужжатлаштирдик. Шунингдек, Россия бу урушни якунлаш ниятида эмаслигини кўряпмиз. Афсуски, биз янги ҳужумларга тайёргарлик кўряпмиз. Аммо тинчлик бўлиши шарт. Биз айнан шу мақсад йўлида ишлаяпмиз. Украина мудофааси, унинг мустақиллиги ва халқимизнинг хавфсизлиги — энг муҳим масалалар. Бугун Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Рустам Умеров АҚШдаги учрашувлар натижалари ҳақида ахборот берди. Америка компаниялари билан сиёсий ва технологик даражада учрашувлар бўлиб ўтди. АҚШ дипломатик жараёнда қолмоқда. Албатта, ҳозир Эрондаги уруш АҚШ ва Америка президенти эътиборини кўпроқ жалб қилмоқда. Лекин Америка халқи томонидан Европа минтақасидаги бу урушни тугатиш учун ҳам устуворлик ва қўллаб-қувватлаш мавжуд, деди Украина президенти Зеленский.
Зеленский, шунингдек, Германия мудофаа вазири Борис Писториус билан қурол-яроқларни биргаликда ишлаб чиқариш имкониятларини муҳокама қилганини айтди.
Кремль матбуот котиби Дмитрий Песковнинг маълум қилишича, тинчлик жараёнидаги сўнгги ўзгаришлар Украинадаги уруш якунланиш арафасида эканини кўрсатмоқда. Бу баёнот президент Владимир Путиннинг можаро “охирига етмоқда” деган фикрига изоҳ сифатида айтилди.
- Президент Россия алоқалар учун очиқлигини сақлаб қолишини айтди. У уч томонлама форматда муайян ишлар амалга оширилганини ва АҚШнинг воситачилик саъй-ҳаракатлари давом этишини қўллаб-қувватлашимизни таъкидлади. Албатта, тинчлик жараёнида қўйилган асослар ҳақиқатан ҳам якун яқинлашаётганини айтиш имконини беради. Аммо шу билан бирга, ҳозирча аниқ тафсилотлар ҳақида гапириш қийин. Биласиз, гуманитар сулҳ якунланди. Махсус ҳарбий операция давом этмоқда ва Киев режими, Зеленский масъулиятни ўз зиммасига олиб, зарур қарорларни қабул қилган заҳотиёқ у исталган пайтда тўхтатилиши мумкин. Қайси қарорлар қабул қилиниши кераклиги Киевда яхши маълум, деди Дмитрий Песков.
Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Россия АҚШнинг воситачилик саъй-ҳаракатларини олқишлашини билдирди ва Москва позициясини яна бир бор такрорлади: агар Украина ва президент Владимир Зеленский зарур қарорни қабул қилса, можарони исталган пайтда тўхтатиш мумкин.
ЕИ Россияга яна санкциялар жорий этди
Европа Иттифоқи Россиядаги 16 нафар шахс ва 7 та ташкилотга Украина болаларини тизимли равишда ноқонуний депортация қилгани учун санкциялар жорий этди.
Бу ҳақда Европа Иттифоқи Кенгаши маълум қилди.
ЕИ Кенгаши маълумотига кўра, уруш бошланганидан бери Россия тахминан 20 500 нафар украиналик болани депортация қилган ва мажбурий кўчирган.
Баёнотда таъкидланишича, бундай ҳаракатлар халқаро ҳуқуқни қўпол бузиш ҳисобланади, болаларнинг асосий ҳуқуқларига зиён етказади ҳамда Украина миллий ўзлигини йўқ қилиш ва келажак авлодларни заифлаштиришга қаратилган.
Санкция рўйхатига Россия Таълим вазирлиги билан боғлиқ федерал муассасалар ҳам киритилган.
Шунингдек, рўйхатга Россия назорати остидаги ҳудудлардаги расмийлар ва сиёсатчилар, ёшлар лагерлари раҳбарлари ва ҳарбий-ватанпарварлик ташкилот раҳбарлари ҳам киритилган.
Рўйхатга киритилган шахсларнинг активларини музлатиш чоралари ҳам кўрилади. ЕИ фуқаролари ва компанияларига уларга маблағ ёки иқтисодий ресурслар тақдим этиш тақиқланади, шунингдек, уларга Европа Иттифоқи ҳудудига кириш тақиқланади.