Линклар

Шошилинч хабар
15 Aprel 2026, Тошкент вақти: 05:53

Жонли ХДТ: Ҳормуз бўғозида 1600 кема қолиб кетмоқда

АҚШ президенти Доналд Трамп 7 апрелни Эрон учун сўнгги муддат деб атаб, Вашингтон вақти билан 20:00 гача (Тошкент вақти билан 8 апрел 5:00) келишувга рози бўлишни талаб қилди. У талаблар бажарилмаса, энергетика объектларига зарбалар берилиши мумкинлигини билдирди.

Душанба куни Теҳрон Покистон орқали етказилган Вашингтон таклифини рад этган ва урушнинг тўлиқ ва якуний тўхтатилиши тарафдори эканини таъкидлаган.

28 февралдан бери АҚШ ва Исроил Эрон ҳудудига зарбалар бермоқда. Трамп ҳарбий операциянинг асосий мақсади Эроннинг ядровий қуролга эга бўлишининг олдини олиш эканини таъкидлаган. Жанглар бошланганидан сўнг Эрон жаҳон энергия бозори учун стратегик аҳамиятга эга бўлган Ҳурмуз бўғозини амалда ёпган.

23:49 28.2.2026

Тошкент аэропортида қатор рейслар бекор қилинди

Эрон ва Исроилнинг ҳаво майдони ёпилгани сабабли, Тошкентдан бир қатор халқаро рейслар вақтинча амалга оширилмаяпти.

Минтақадаги ҳарбий-сиёсий кескинлик авиақатновга жиддий таъсир кўрсатмоқда.

Мавжуд маълумотларга кўра, БАА ва Саудия Арабистонига рейсларнинг бир нечаси бекор қилинган, шунингдек бу мамлакатлардан Тошкентга парвозлар ҳам тўхтаган, Жиддадан Тошкентга келаётган самолёт мажбурий равишда Жиддага қайтарилган.

Дубай — Тошкент йўналишидаги турли авиакомпания рейслари ҳам бекор қилиниши кутилмоқда.

23:40 28.2.2026

Ўзбекистон ТИВ Яқин Шарқдаги янги зиддиятли ҳолатдан хавотирда

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Яқин Шарқдаги вазиятнинг кескин равишда таранглашуви ва минтақада янги зиддиятли ҳолат юзага келганидан жиддий хавотир билдирди.

"Барча томонларни вазминликка даъват этиб, нафақат ҳарбий-сиёсий, балки гуманитар жиҳатдан олдиндан кўриб бўлмайдиган оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган хавфли кескинлашувга сабаб бўладиган кейинги қадамлардан тийилишга чақирамиз", дейилади баёнотда.

Эрон ОАВ ҳаво ҳужумларида 200 дан ортиқ одам ўлдирилгани, 750 га яқин одам жароҳатланганини билдирди. Булар орасида ўзбекистонликлар борми-йўқми - бу ҳақида ТИВ баёнотида ҳеч маълумот берилмади.

23:28 28.2.2026

Эрон: Олий раҳнамоси ва президент "соғ-саломат"

Эроннинг ташқи ишлар вазирлиги матбуот котибининг Sky News телеканалига айтишича, Эрон Олий раҳнамоси ва президенти ҳам "соғ-саломат":

"Ҳаммаси соғ-саломат. Ҳа, ушбу террористик тажовуз оқибатида бир нечта қўмондонлар ҳалок бўлди. Лекин муҳими шундаки, Эрон миллати, жасур қуролли кучларимиз Эронни ҳимоя қилиш учун барча зарур чораларни энг кучли усулда кўряпти".

Аввалроқ Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчий ҳам шундай баёнот берганди.

Сунъий йўлдошдан олинган суратлар Теҳрондаги Хоманаий қароргоҳи катта қисми вайрон бўлгани ва қорар тутун чиқаётганини кўрсатган.

Ҳозирча Хоманаий ва Пезешкиённинг қаерда экани номаълум қолмоқда.

Теҳрондаги Хоманаий қароргоҳи
Теҳрондаги Хоманаий қароргоҳи


23:10 28.2.2026

Италия мудофаа вазири Дубайда қолиб кетди

Италия мудофаа вазири Гвидо Крозетто, АҚШ ва Исроилнинг Эронга зарбаларидан сўнг парвозлар тўхтатилгани боис, оиласи билан Дубайда қолиб кетди.

Reuters агентлигининг хабар қилишича, вазир жума кечқурун Римдан фуқаролик рейсида Дубайда таътилда бўлган оиласи ёнига йўлга чиққан эди. У шанба кундуз Италияга қайтишни режа қилганди.

Ҳозир Дубайга ва Дубайдан парвозлар номаълум муддатга тўхтатилган.

Италия Мудофаа вазири Гвидо Крозетто (марказда), НАТО йиғилишида, октябр, 2025
Италия Мудофаа вазири Гвидо Крозетто (марказда), НАТО йиғилишида, октябр, 2025

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG