Линклар

Шошилинч хабар
06 апрел 2026, Тошкент вақти: 06:03

Жонли Трамп: "Эронга яна кучли зарбалар берилади"

Президент Доналд Трамп АҚШ Эрондаги мақсадларига “жуда яқин” тургани ва кейинги икки‑уч ҳафта давомида Эронга нисбатан “жуда кучли зарбалар” берилишини билдирди. У Эрон билан уруш бошланганидан кейинги илк мурожаатини 1 апрелда Оқ уйдан эълон қилди. У сўнгги ҳафталарда Исроил билан биргаликда олиб борилаётган операцияни “тезкор ва ҳал қилувчи ғалабалар” деб атади.

Трамп чиқишидан олдин бир қатор демократлар унинг мақсадлари ноаниқлигини, 13 америкалик ҳарбий ҳалок бўлганини ва юзлаб ярадорлар борлигини эслатиб, дарҳол Эрон билан ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралар бошлашга чақирди.

20 дақиқа давом этган мурожаатда Украина мавзуси тилга олинмади.

10:03 1.3.2026

Эрон ОАВ: Ислом инқилобий қўшинлари бош қўмондони ўлди

Эрон давлат ОАВлари сўнгги зарбаларда Ислом инқилобий қўшинлари (IRGC) бош қўмондони Муҳаммад Пакпур ҳамда Эрон Мудофаа кенгаши котиби Али Шамханий ҳалок бўлганини хабар қилди.

IRNA агентлиги хабарларига кўра, президент, суд ҳокимияти раҳбари ва Қўриқчилар кенгаши аъзосидан иборат янги тузилган вақтинчалик кенгаш олий раҳбар вафотидан кейинги ўтиш даврида раҳбарлик вазифасини ўз зиммасига олади.

Вақтинчалик бошқарув тартиби Эрон конституцияси қоидаларига асосланади ва янги олий раҳбар сайлангунга қадар давлатни бошқаришни назарда тутади.

10:01 1.3.2026

Паҳлавий: Ворис тайинлаш уринишлари “муваффақиятсизликка маҳкум”

Эрон сўнгги шоҳининг ўғли, муҳожирликдаги Ризо Паҳлавий X тармоғида Хоманаийнинг ўлими ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди:

"Замонамизнинг қонхўр диктатори, Эроннинг энг жасур ўғил-қизларидан ўн минглабини ўлдирган Али Хоманаий тарих саҳнасидан ўчирилди. Унинг ўлими билан Ислом Республикаси амалда ўз ниҳоясига етди ва яқин орада тарих чангига айланади".

Паҳлавийнинг таъкидлашича, режим қолдиқлари томонидан Хоманаий ўрнига ворис тайинлашга бўлган ҳар қандай уриниш бошиданоқ муваффақиятсизликка маҳкумдир.

"Унинг ўрнига кимни қўйишмасин, у на қонунийликка, на узоқ умр кўриш имконига эга бўлади ва шубҳасиз, бу режим жиноятларига шерик бўлади", деб ёзди у.


09:57 1.3.2026

БАА Эрон ҳужуми пайтида 137 ракета ва 209 дронни йўқ қилди

Бирлашган Араб Амирликлари Мудофаа вазирлиги баёнотига кўра, мамлакат мудофаа кучлари Эрон ҳужуми бошланганидан бери БАА ҳудудига йўналтирилган 137 та баллистик ракета ва 209 та дронни йўқ қилган.

Шунингдек, 209 та Эрон дрони аниқланган бўлиб, улардан 195 таси тўхтатилган, 14 таси эса мамлакат ҳудуди ва сувларига қулаган.

Мудофаа вазирлиги, БАА Эроннинг бу ҳаракатларини қатъий рад этиши, уларни хавфли кескинлашувга сабаб бўладиган ҳаракат, деб баҳолашини билдирди ва бу барқарорликка путур етказишини таъкидлади.

03:14 1.3.2026

Доналд Трамп: Эрон Олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий ўлган

Ўзининг Truth Social тармоғида АҚШ президенти Али Хоманаийни "тарихдаги энг ёвуз одамлардан бири" деб атади:

"Бу нафақат Эрон халқи учун адолат, балки барча буюк америкаликлар учун ҳам адолатдир. У бизнинг разведка ва ўта мураккаб кузатув тизимларимиздан қочиб қутула олмади. Исроил билан яқин ҳамкорликда у ҳам, у билан бирга ўлдирилган бошқа раҳбарлар ҳам ҳеч нарса қила олмади".

Трамп бу ҳолатни "Эрон халқи учун ўз мамлакати устидан назоратни қайта қўлга олиш учун энг катта имконият", деб баҳолади. Шунингдек, у Эрон Ислом инқилобий қўшинлари (IRGC), ҳарбий ва хавфсизлик кучлари орасида жанг қилишни истамайдиганлар борлиги ва улар АҚШдан "иммунитет" сўраётгани ҳақида маълумотлар тушаётганини билдирди.

Унинг сўзларига кўра, агар IRGC ва полиция "эронлик ватанпарварлар" билан тинч йўл билан бирлашса, мамлакатни "муносиб буюкликка" қайтариш жараёни бошланиши мумкин.

Трамп шунингдек, кучли ва аниқ зарбалар ҳафта давомида ёки мақсадга эришилгунча — "Яқин Шарқ ва бутун дунёда тинчлик" таъминлангунча — давом этишини айтди.

Ҳозирча Хоманаийнинг ўлими ҳақида бошқа мустақил тасдиқловчи далилиллар йўқ ва Трамп ўз баёнотига ҳеч қандай далил тақдим этмади.

Аммо, ижтимоий тармоқларда Хоманаий ўлимини нишонлаётган эронликлар акс этган видеолар тарқалмоқда.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG