Суюлтирилган табиий газ тақчиллиги кутилмоқда
Минтақани уруш гирдобига тортган, кўплаб инсонлар ўлимига сабаб бўлаётган бу зиддият айни пайтда жаҳон бозорида энергия нархларининг кескин ошишига ҳам олиб келди.
Эрон расмийлари жаҳон нефть таъминоти учун муҳим йўл ҳисобланган Ҳормуз бўғози орқали ўтишга уринган ҳар қандай кемага ўқ узиши мумкинлигини билдирган.
Суюлтирилган табиий газ (LNG) бўйича япониялик эксперт, Кплер ширкати бош таҳлилчиси Го Катаяма, АҚШ–Эрон можароси боис, суюлтирилган газ инқирози муқаддам кўрилмаган бир даврга кирди, демоқда:
«Ҳормуз бўғозидан чиқувчи оқимлар тўхтаганини кўрдик. Газ — яъни LNG нуқтаи назаридан бу жуда катта воқеа. Ҳормуз бўғози Қатар ва БАА таъминотини ўз ичига олади ва жаҳон LNG таъминотининг тахминан 20 фоизини ташкил қилади. Менимча, биз мисли кўрилмаган даврга киряпмиз — бу Украина–Россия инқирозида кўрганимиздан ҳам анча каттароқ».
Таҳлилчига кўра, агар юк ташиш тўхтатилиши бир йилга чўзилса, “талабнинг қисқариши” юз беради ва бу айниқса, LNG импортининг қарийб 99 фоизини Қатар юкларидан оладиган Покистон каби давлатларга қаттиқ таъсир қилади.
«Қатар ва БАА таъминотининг аллақачон 20 фоизи ҳодисанинг салбий таъсири остида. Бунинг устига, агар Россия ҳам зарар кўра бошлайди, биласиз, улар аллақачон санкциялар таъсирини ҳис қиляпти. Бунинг устига, Япония Россиядан, жумладан Сахалин ва Ямал орқали келадиган юкларга ва бошқа лойиҳаларга анча боғланиб қолган. Демак, бу аллақачон маҳсулот тортилиб қолган бозорга қараб қолган Японияни ҳам янада оғир аҳволга солиши мумкин. Осиёдаги ривожланаётган давлатлар электр ишлаб чиқариш учун бошқа турдаги ёқилғиларни ёқишга мажбур бўлади”, дейди Катаяма.
Қатар 2 март куни суюлтирилган табиий газ ишлаб чиқаришни тўхтатганини маълум қилди. Ҳужумлар Ҳормуз бўғози орқали нефть ва газ ташишни ҳам тўхтатган.
Мазкур йўлак орқали жаҳонда истеъмол қилинадиган нефтнинг қарийб бешдан бир қисми ва катта ҳажмдаги LNG ташилади. Бу эса глобал энергия нархлари ва юк ташиш харажатларининг янада ошишига олиб келишидан жиддий хавотирлар бор.
Уруш қачон тугайди?
АҚШ ва Исроил 28 феврал куни сўнгги ўн йилликлардаги Эронга қарши энг кенг кўламли ҳужумларни амалга оширди.
Ҳужумлар натижасида олий раҳбар Оятуллоҳ Али Хоманаий ўлдирилди, Эрон ҳарбий кемалари чўктирилди, ҳозирга қадар бу давлатдаги 1000 дан ортиқ нишонга зарба берилгани айтилмоқда.
АҚШ расмийлари операция бир неча кун давом этишини маълум қилган. Аммо, душанба куни АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши ҳаво уруши янада кенгайди ва ҳозирча унинг ниҳояси кўринмаётир.
Исроил «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати зарбаларига жавобан Ливанга ҳужум қилди, Эрон эса АҚШ ҳарбий базалари жойлашган Форс кўрфази давлатларига қарши ҳужумларини давом эттирди.
Reuters агентлиги эса ўз манбаларига таяниб, бир неча ҳафта давом этиши мумкин бўлган узлуксиз ҳарбий операция режалаштирилгани ҳақида хабар қилмоқда.
Бу уруш АҚШ ичкарисида турлича қарши олинмоқда. Жумладан, АҚШ Сенатидаги демократлар етакчиси Чак Шумер Эронга қилинган бу ҳужумни «Америка халқи истаган нарса эмас», деб баҳолади:
«Аниқ билиб қўйинг, бу — зарурат эмас, балки танланган уруш. Демократмисиз, республикачими ёки мустақил сайловчими, ҳатто сиёсатга қизиқмасангиз ҳам, деярли ҳамма бир фикрга қўшилади: биз Яқин Шарқдаги тугамас урушлардан чарчадик. Ҳозир эса айнан шу йўлга кириб қолиш хавфи бор».
Трамп душанба куни Эроннинг тез суръатларда ривожланаётган ядровий дастури ва баллистик ракета дастурининг олдини олиш мақсадида АҚШ ҳарбийларига ҳужум уюштиришни буюрганини айтди.
Пентагон ҳам душанба куни АҚШнинг Эронга ҳужуми мамлакатни Яқин Шарқда янги, очиқ муддатсиз можарога тортиб киритиш хавфи борлиги ҳақидаги хавотирларни рад этган.
Нетаняҳу: "Бу чексиз уруш эмас"
Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу 2 март кунги чиқишида АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши чексиз давом этмаслиги ва тезкор ҳамда қатъий режаланган ҳаракатларни ўз ичига олишини билдирди.
«Бу чексиз уруш эмас, бу — тинчликка олиб борадиган эшик», деди у.
Нетаняҳнинг айтишича, дам олиш кунлари бошланган ҳарбий кампаниянинг илк соатларида Эрон олий раҳбари ўлдирилганидан сўнг, ҳукуматни ўзгартириш масаласи “Эрон халқи қўлина” ўтган.
У шунингдек, Исроил ва АҚШ «бунга шароит яратиб бераётганини» таъкидлади.
Пентагон: Эрон баллистик ракетасини сусайтириш учун зарба берилди
АҚШ Марказий қўмондонлиги видеолардаги ҳужумлар амалга оширилган жойларни очиқламади, бироқ «АҚШнинг B-1 бомбардимон самолётлари Эрон ҳудуди ичига чуқур кириб бориб, Эроннинг баллистик ракета имкониятларини сусайтириш мақсадида зарба берди», дея баёнот берди.
Шунингдек, Abraham Lincoln авиаташувчи кемаси бу ҳарбий операцияларни қувватлаётгани айтилди.
Бу ҳақда хабар қилган Reuters агентлиги ҳозирча, видеолар қаерда ва қачон тасвирга олинганини мустақил равишда тасдиқлай олмаганини билдирди.
АҚШ Давлат котиби Марко Рубио ҳозирча АҚШ Эрон ҳудудига қуруқлик қўшинларини киритиш позициясида эмаслиги, бироқ бундай имконият Трамп ихтиёрига боғлиқлигини айтди.
Шунингдек, АҚШ Марказий қўмондонлиги 2 март куни олти америкалик ҳарбий ўлганини маълум қилди.