Ўзбекистон Яқин Шарқдан 17 минг ортиқ фуқарони қайтарди
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги, 7-март куни эрталаб жами 17 152 нафар фуқаро мамлакатга қайтарилганини маълум қилди.
Бунинг асосий қисми - 14 минг 502 нафарини Саудиядан қайтарилганлар ташкил қилмоқда. Булар бу давлатга умра зиёратига борган ўзбекистонликлардир.
Шунингдек, Бирлашган Араб Амирликлари, Эрон, Қатар, Баҳрайн, Ўмондан ҳам ўзбекистонликлар қайтарилган.
АҚШ Россия нефтига санкцияни бекор қилишни кўриб чиқмоқда
Америка Қўшма Штатлари Россия нефтига қўйилган чекловларни яна ҳам юмшатиши мумкин. Бу ҳақда мамлакат Молия вазири Скотт Бессент Fox Business телеканалига маълум қилди.
Амалдадор бу баёнотни Ҳормуз бўғози орқали нефт ташишда узилишлар юзага келаётган бир пайтда берди. Бу ҳолат Исроил ва Америка Қўшма Штатларининг Эронга қарши ҳарбий ҳаракатлари ҳамда Эрон томонидан амалга оширилаётган денгиз блокадаси билан боғлиқ.
Жаҳондаги барча нефтнинг тахминан 20 фоизи шу йўл орқали ташилади. Бессентнинг айтишича, АҚШ бу муаммони ҳал қилиш устида аллақачон иш бошлаган.
Пайшанба куни АҚШ Молия вазирлиги Ҳиндистон нефтни қайта ишлаш заводларига денгизда бўлган Россиянинг харидорсиз нефтини сотиб олиш учун 30 кунлик рухсат берди. Бессентнинг таъкидлашича, бу қарор Россиянинг Украинадаги урушни молиялаштириш қобилиятига жиддий таъсир кўрсатмайди. Унинг фикрича, бу чора Эроннинг жаҳон ёқилғи бозорига босимини камайтиришга ёрдам беради.
Бундан бир кун олдин Қатар энергетика вазири огоҳлантириш бериб, агар АҚШ ва Исроил Эронга қарши операцияни тўхтатмаса, Форс кўрфазидаги барча нефт ва газ экспорт қилувчи давлатлар бир неча кун ичида ишлаб чиқаришни тўхтатиши мумкинлигини айтган.
Кремл эса Яқин Шарқдаги можаро фонида Россия нефтига талаб сезиларли даражада ошганини маълум қилди.
Инқилоби қўриқчилари бошқарув ваколатларини тақсимлади
Эроннинг қудратли Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси ўзининг қўмондонлик ва бошқарув тизимида марказлашган ваколатлар бир қисмини қуйи лавозимдаги қўмондонларга ўтказди.
Бу қарор Америка Қўшма Штатлари ва Исроил томонидан Эрон Ислом Республикасига қарши олиб борилаётган кенг кўламли ҳаво ҳужумларига тезкор жавоб қайтариш учун қилингани айтилмоқда.
28 феврал куни бошланган қўшма ҳаво кампанияси натижасида корпуснинг кўплаб юқори мартабали ҳарбий ва сиёсий раҳбарлари ҳалок бўлди.
Раҳбарияти катта йўқотишларга учраганидан сўнг, Эрон “мозаик мудофаа стратегияси” деб аталувчи режани ишга туширди. Бу стратегия уруш пайтида корпуснинг маҳаллий қўмондонларига кўпроқ мустақиллик ва ваколат беришга қаратилган.
“Ҳар бир вилоят - бир мозаика. Қўмондонлар қарор қабул қилиш имконияти ва ваколатига эга”, - деди Фарзин Надимий. -“Шунинг учун агар улар Теҳрондаги марказий қўмондонликдан узилиб қолса ҳам, барибир бир бутун ҳарбий куч сифатида фаолият юритишда давом эта олади.”
Мутахассисларнинг айтишича, бу стратегия Эрон қуролли кучларининг барқарорлигини ошириши мумкин, бироқ шу билан бирга нотўғри ҳисоб-китоблар хавфини ҳам кучайтиради.
“Бу стратегия ташқи босқинчи кучларга қарши ҳимоя қилишда маҳаллий вилоят даражасидаги корпус бўлинмалари ва уларга ҳамроҳлик қилувчи Басиж кучларини қўллаб-қувватлаш учун мўлжалланган”, - деди Вашингтон институти мудофаа масалалари бўйича мутахассиси Фарзин Надимий.
Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси - Эрон қуролли кучларининг элита бўлинмаси ва мамлакатдаги теократик тизимнинг асосий таянчи ҳисобланади. Унинг таркибида тахминан 150 минг ҳарбий хизматчи бор, деб ҳисобланади. Улар армия, денгиз ва ҳаво бўлинмаларини ўз ичига олади. Шунингдек, у тахминан 1 миллион аъзоси бор, деб баҳоланадиган кўнгилли Басиж яримҳарбий кучларни ҳам бошқаради.
Бошқарувни марказлашувдан чиқариш корпус доктринасининг муҳим қисми бўлиб, бу тамойил тахминан 2009 йил атрофида, кучлар қайта ташкил этилган пайтдан бошлаб жорий этилган. Эрондаги 31 вилоятнинг ҳар бирида корпус штаб-квартираси, қўмондонлик ва бошқарув тизими ҳамда алоҳида қўмондонлик занжири мавжуд.
“Ал-Жазира” телеканалига берган интервьюсида Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчий 1 март куни: “Бизнинг ҳарбий бўлинмаларимиз ҳозир мустақил ва маълум маънода бир-биридан ажралган ҳолда фаолият юритмоқда. Улар олдиндан берилган умумий кўрсатмалар асосида ҳаракат қилмоқда”, - деганди.
Озарбайжон аэропортига қулаган дрон: Теҳрон айбни Исроилга юклади
Эроннинг Tasnim News Agency ахборот агентлиги эълон қилган баëнотга кўра¸ Эрон Бош штаби Озарбайжонга қилинган дрон ҳужумида гўёки Исроил айбдор эканини билдирган.
Хабарда айтилишича, Теҳрон Озарбайжонга қилинган ҳужумга алоқадорлиги ҳақидаги маълумотларни рад этади ва бу ҳодиса учун айбни Исроилга юклайди.
Бундан олдин ҳам Эрон Бош штаби Туркия томонга учирилган ракетага мамлакатнинг алоқаси йўқлигини билдирган.
5 март куни Озарбайжоннинг Нахичеван шаҳри аэропорти ҳудудига Эрон дрони қулагани ҳақида маҳаллий ОАВ хабар берди.
Report ва APA нашрлари Эрон «дрон орқали зарба берганини» ёзди.
Озарбайжон ТИВ маълум қилишича, бир дрон аэропорт терминали биносига урилган, иккинчиси эса Шекарабад қишлоғидаги мактаб яқинига қулаган. Ҳужум натижасида аэропорт биноси шикастланган, икки киши жароҳат олган.
Боку содир бўлган ҳодиса учун жавобгарликни Теҳрон зиммасига юклади. Озарбайжон жавоб чораларини кўриш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолишини билдирди, Эроннинг Бокудаги элчиси ТИВга чақирилиб, унга норозилик нотаси топширилгани маълум қилинди.