Украина Яқин Шарққа ҳарбий экспертларини жўнатмоқда
Украиналик ҳарбий экспертларнинг биринчи гуруҳи Яқин Шарққа жўнаб кетади.
Киев раҳбари Владимир Зеленский бу ҳақда маълум қилар экан Украинанинг Россия қўллаётган Эроннинг “Шаҳед” дронларидан ҳимояланишдаги ноёб тажрибасига урғу берди.
Зеленский экспертлар Украинанинг тинч аҳолини ҳимоя қилиш ва минтақадаги базаларда жойлашган АҚШ қўшинларига ёрдам кўрсатиш бўйича тажрибаси билан ўртоқлашишларини айтди.
“Биздан Яқин Шарқда тинч аҳолига, у ерда жойлашган базалардаги америкалик аскарларга қандай ёрдам беришимиз мумкинлиги ҳақида сўралди. Биз ўз навбатида ёрдам қўлини чўзиб, ҳарбий экспертлар юборишимизни айтдик, нимаики дозим бўлса қўлимиздан келганича ёрдам беришимини билдирдик”, деди Зеленский.
Президент Владимир Зеленский Украина АҚШнинг ёрдам сўровига жавобан ёрдам беришини айтди ва аввалроқ Яқин Шарқ давлатлари Киевга мурожаат қилганини билдирганди.
Унинг таъкидлашича, Яқин Шарқдаги баъзи ҳамкорлар Украинада ишлаб чиқарилган учувчисиз учоқларни сотиб олишга қизиқиш билдирган ва Киев ҳозирда ўз ҳарбийларига керак бўлмаган жиҳозларни сотишга тайёр.
Эронга янги зарбалар
Исроил Теҳрондаги нефт омборлари ва нефт заводларига зарба берди. Шаҳар осмонини қаттиқ қора тутун қоплаган.
Эрон миллий нефт компаниясининг маълум қилишича, зарбалар оқибатида тўрт ходими ҳалок бўлган.
Эрон Қизил Ярим Ой Жамияти нефт омборларидаги портлашлар кислотали булутларни ҳосил қилгани ва бу кислотали ёмғирга айланиши эхтимолижан хавотир билдирган.
АҚШда жойлашган HRANA мустақил инсон ҳуқуқлари ташкилоти маълумотларига кўра, Эронда АҚШ-Исроил операцияси бошланганидан бери 1205 тинч аҳоли, жумладан, камида 194 бола ҳалок бўлган.
Доҳададан 334 фуқаро олиб чиқилди
7 март куни Ўзбекистоннинг Доҳадаги элчихонаси Қатар ҳукумати билан ҳамкорликда 334 фуқарони эвакуация қилди.
Ташқи ишлар вазирлиги баёнотига кўра, Доҳадан Ар-Риёд шаҳрига икки колоннали автобус қатнови ва Ар-Риёддан фуқаролар махсус репатриация рейслари орқали Тошкентга жўнатилиши ташкил этилган.
Исроил Ливан чегарасига қўшимча қўшин жойлаштирди
Исроил армияси шанба куни 7 мартда Ливан билан чегара яқинига қўшин жойлаштиришни давом эттирди. Хабарларга кўра, чегаранинг Исроил томонида танклар ва зирҳли ҳарбий техникалар кўринган.
Ҳизбуллоҳ ҳаракати ҳам, чегарада Исроилнинг қуруқликдан кириб келиш ҳаракатига қарши жанг қилаётганини маълум қилди. Гуруҳ Хиям яқинида тўпланган ҳарбий техникаларга зарба берганини айтмоқда.
Ливан душанба куни Яқин Шарқдаги уруш домига тортилди. Шу куни Ҳизбуллоҳ Исроилга ракета отган ва бу Исроилнинг гуруҳга қарши қуруқликдан янги ҳужумини бошлашига сабаб экани айтилган.
Ҳизбуллоҳ Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси томонидан 1982 йилда ташкил этилган.
Бунга қадар 2024 йилда Исроил–Ҳизбуллоҳ уруши бўлган эди.