Эрон: Форс кўрфазида хавфсизлик учун барча воситалардан фойдаланамиз
Теҳрондаги «Хотам ал-Анбиё» ҳарбий қўмондонлик штаби расмийлари Эрон Форс кўрфазида хавфсизликни таъминлаш учун "барча мавжуд воситалардан" фойдаланишини маълум қилди.
"Эрон Ислом Республикаси Форс кўрфази минтақаси ва Умон ҳудудий сувларида тўлиқ ваколатга эга ва ташаббусни ўз қўлида ушлаб турибди, Ҳормуз бўғози устида оқилона ва қатъий назоратни амалга оширмоқда. Бундай даражадаги назорат ва имкониятлардан келиб чиқиб, Форс кўрфазини миналашга ҳожат йўқ. Бироқ, зарур бўлса, хавфсизликни таъминлаш учун барча мавжуд воситалардан фойдаланамиз. Қуролли кучлар АҚШ ва сионист рақиблар устидан назоратни амалга оширган ҳолда ва минтақавий мамлакатлар билан ҳамкорликда Форс кўрфазида хавфсизликни таъминлашга қодир, ҳамда минтақадан ташқари давлатлар бу соҳада аралашиш ҳуқуқига эга эмас", — деди «Хотам ал-Анбиё» қўмондонлик штаби матбуот котиби Эброҳим Золфақарий.
Аввалроқ Эрон парламенти спикери Моҳаммад-Багер Ғалибаф АҚШ президенти Дональд Трампнинг мамлакатлар можарони якунлаш бўйича музокаралар олиб бораётгани ҳақидаги баёнотини рад этган эди.
Нетаняҳу: Трамп Эрон билан келишув имкониятини кўрмоқда
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу АҚШ президенти Дональд Трамп билан гаплашганини, у Эрон билан келишувга эришиш имкониятини кўраётганини айтди:
"Бугун эртароқ мен дўстимиз, президент Трамп билан гаплашдим. Президент Трамп Исроил мудофаа кучлари ва АҚШ ҳарбийлари томонидан қўлга киритилган улкан ютуқлардан фойдаланиб, уруш мақсадларини келишув орқали амалга ошириш имконияти бор деб ҳисоблайди — бу келишув бизнинг ҳаётий манфаатларимизни сақлаб қолади. Шу билан бирга, биз Эрон ва Ливанда зарбалар беришни давом эттиряпмиз. Биз ракета дастури ва ядровий дастурни йўқ қиляпмиз, ҳамда Ҳизбуллоҳга қаттиқ зарбалар беришда давом этяпмиз. Бир неча кун аввал яна икки нафар ядровий олимни йўқ қилдик ва бу билан чекланмаймиз. Биз ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳаётий манфаатларимизни ҳимоя қиламиз."
Аввалроқ АҚШ президенти Дональд Трамп Вашингтон ва Теҳрон ўртасида "жуда яхши ва самарали" музокаралар бўлиб ўтганини билдириб, икки томон деярли барча асосий масалалар бўйича келишувга яқин эканини айтган эди.
Трамп: АҚШ ва Эрон музокараларида келишувга яқинлик бор
АҚШ президенти Дональд Трамп 23 март куни журналистларга АҚШ Эрон билан музокаралар ўтказганини ва икки томон "асосий келишув нуқталари"га эришганини билдирди.
Трампнинг айтишича, унинг Яқин Шарқ бўйича вакили Стив Виткофф ва яқин маслаҳатчиси ҳамда куёви Жаред Кушнер якшанба куни эронликлар билан гаплашган ва музокаралар бугун ҳам давом этади.
"Биз жуда, жуда кучли музокаралар ўтказдик, улар қаерга олиб боришини кўрамиз. Бизда катта келишув нуқталари бор, деярли барча масалалар бўйича келишувга яқинмиз, дер эдим. Балки бу тўлиқ етказилмагандир. Албатта, алоқалар деярли бутунлай издан чиққан. Улар бир-бири билан гаплаша олмаяпти. Лекин бизда жуда кучли музокаралар бўлди, жаноб Виткофф ва... жаноб Кушнер уларни ўтказди. Улар, менимча, аъло даражада ўтди. Агар шу йўлдан давом этсалар, бу муаммони, бу можарони тугатади. Ва менимча, уни жуда катта даражада ҳал қилади", — деди АҚШ президенти Дональд Трамп.
Аввалроқ Трамп Эрон Ҳормуз бўғозини кемачилик учун очмаган тақдирда можарони янада кескинлаштириш таҳдиди билан белгиланган муддатдан бир неча соат олдин Эрон электр станцияларига ҳарбий зарбаларни беш кунга кечиктиришни буюрганини айтган эди.
Тель-Авивда бинолар шикастланди
Яқин Шарқдаги урушнинг учинчи ҳафтаси кетаркан, ҳали ҳам вазият кескинлигича қолмоқда.
24 мартга ўтар кечаси Эрон Исроилга бир нечта ракета зарбалари берди. Ҳаво ҳужуми сиреналари, жумладан, мамлакат жанубида, Тель-Авив ва Петах-Тиквада янгради.
Дрон орқали олинган видеода Эроннинг ракета ҳужуми натижасида Исроилнинг Тель-Авив шаҳридаги турар-жой биноларига етказилган зарар кўлами акс этган.
Исроил ҳарбийлари маълумотига кўра, Тель-Авив марказида ракета тушиши натижасида учта бино жиддий шикастланган. Тўрт киши жароҳат олган — уларга ёрдам воқеа жойида кўрсатилган. Хабар қилинишича, Исроилнинг жанубий қисмига қилинган ўқ ёмғирлари натижасида ҳеч ким жабрланмаган.
Айни пайтда Исроил Эронга зарбалар беришни давом эттирмоқда. Исроил мудофаа армияси 23 март куни ҳарбийлар Теҳрон марказига кенг кўламли зарбалар сериясини амалга оширганини, асосий қўмондонлик марказларини, жумладан, Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси разведка бўлинмаси ва Эрон разведка вазирлигига боғлиқ объектларни нишонга олганини маълум қилди. Шунингдек, айтилишича, тун давомида исроиллик қўшинлар 50 дан ортиқ нишонларга, жумладан, баллистик ракеталар омборларига зарба берган.
Уруш шароитида Озодлик томонлар эълон қилаётган маълумотларни мустақил текшириш имконига эга эмас.