ОАВ: Трамп Эронга 15 банли тинчлик режасини юборган
АҚШ президенти Доналд Трамп сешанба куни Америка маъмурияти Эрондаги “тўғри одамлар” билан урушни тўхтатиш бўйича келишувга эришиш учун музокаралар олиб бораётганини айтди.
Трампнинг таъкидлашича, эронликлар келишувга эришиш ниятида.
"Улар қўнғироқ қилишди. Улар келишувга эришмоқчи. Ва биз келишувга жуда тайёрмиз. Яхши келишув бўлиши керак ва энди урушлар, ядровий қуроллар бўлмаслиги керак. Улар энди ядро қуролига эга бўлмайдилар", - деди Трамп.
Президент Трамп Қўшма Штатлар Эронда ким билан гаплашаётгани ҳақида маълумот бермади, аммо бу Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Можтабо Хоманаий эмаслигини айтди.
Айни пайтда АҚШ Эронга урушни тугатиш учун 15 банддан иборат режа юборган. Бу ҳақда New York Times нашри ва Исроилдаги наршлар хабар берди.
Унинг мазмуни ҳақида ҳозирча расмий тасдиқ йўқ. Бироқ айрим тафсилотлар Исроил ва АҚШ нашрларида пайдо бўлмоқда.
Исроилнинг Channel 12 телеканали хабар беришича, режада қуйидаги талаблар бор:
- Натанз, Исфаҳон ва Фордовдаги ядровий иншоотлар ишдан чиқарилиб, йўқ қилинади
- Эрондаги фаолият устидан Халқаро атом энергияси агентлиги (IAEA) томонидан тўлиқ шаффофлик ва назорат ўрнатилади
- Эрон минтақадаги қуролланган прокси кучлардан воз кечади, уларни молиялаш ва қуроллантиришни тўхтатади
- Аллақачон қўлга киритилган ядровий салоҳият бутунлай тугатилади
- Ядровий қуролга эришмаслик бўйича мажбурият олинади
- Эрон ҳудудида уран бойитиш тўхтатилади, барча бойитилган материаллар IAEAга топширилади
- Ҳормуз бўғози очиқ қолади ва "эркин денгиз ҳудуди" сифатида сақланади
- Эрон ракеталари бўйича қарор кейинчалик қабул қилинади, аммо уларнинг сони ва парвоз масофаси чекланади ва фақат мудофаа мақсадида қўлланилади
Вашингтон бу маълумотни расман тасдиқламади ҳам, инкор ҳам қилмади. АҚШ президенти Доналд Трамп сўнгги кунларда Эрон билан музокаралар давом этаётганини айтган.
Эронга қарши бошланган ҳарбий кампания тўртинчи ҳафтага кирар экан АҚШ президенти Доналд Трамп Эрон электр станцияларига қарши ҳар қандай ҳарбий зарбаларни беш кунга қолдириш ҳақида буйруқ берганини айтди.
Зеленский: Россия Эронга разведка ёрдами бермоқда
Украина президенти Владимир Зеленский душанба куни Украина ҳарбий разведкаси Россия Эронга разведка маълумотларини беришда давом этаётганига оид "инкор этиб бўлмайдиган" далилларга эга эканини ва бундай фаолият Яқин Шарқдаги урушни фақат узайтиришини айтди:
"Асосий разведка бошқармаси. Эрон атрофидаги вазият бўйича ҳисобот. Россияликлар Эрон режимига разведка ёрдамини давом эттираётгани ҳақида далиллар тобора кўпаймоқда. Бу очиқча вайронкор фаолият бўлиб, тўхтатилиши керак, чунки у фақат янада беқарорликка олиб келади. Барча масъул давлатлар хавфсизликни таъминлаш ва каттароқ муаммоларнинг олдини олишдан манфаатдор: бозорлар аллақачон салбий реакция қилмоқда ва бу кўплаб мамлакатларда ёқилғи билан боғлиқ вазиятни анча мураккаблаштирмоқда. Эрон режимининг яшаб қолиши ва янада аниқ зарбалар беришига ёрдам бериш орқали Россия амалда урушни узайтирмоқда. Бунга жавоб бўлиши керак."
Кремль ўтган ҳафта The Wall Street Journal нашрининг Россия Эронга сунъий йўлдош тасвирлари ва такомиллаштирилган дрон технологияларини тақдим этаётгани ҳақидаги хабарини "фейк янгилик" деб рад этган эди.
Энергия бозорлари ларзада: Ҳормуз бўғози можароси глобал хавфни кучайтирмоқда
Таҳлилчилар таъкидлашича, энергия бозорлари геосиёсий воқеаларга жуда сезгир бўлиб қолмоқда ва қисқа муддатли нарх ҳаракатлари томонлар ўртасидаги давом этаётган қарама-қаршилик натижасига боғлиқ бўлади. Агар таранглик яна кучайса, айниқса Европа каби энергия импортига катта боғлиқ иқтисодиётлар импорт инфляциясининг ошишига дуч келиши мумкин.
Осиё акциялари сешанба куни кўтарилди, нефть нархлари пасайишни сақлаб қолди ва доллар беқарор ҳаракат қилди, бу АҚШ президенти Дональд Трамп Эроннинг электр тармоқларига зарба беришни кечиктириб, энергия бозоридаги чуқур шок хавотирларини юмшатганидан кейин кузатилди.
28 февраль куни АҚШ Исроил билан биргаликда Эронга қарши ҳарбий тадбир бошлади. Зарбалар натижасида олий раҳбар оятулло Али Ҳоманаий ўлдирилди, мамлакатнинг ҳарбий ва ядровий объектлари нишонга олинди. Эрон жавобан АҚШ базалари ва Вашингтон иттифоқчилари инфратузилмасига Форс кўрфази мамлакатларида зарбалар бермоқда. Уруш давомида 2000 дан ортиқ одам ҳалок бўлган.
Эрон амалда Форс кўрфазини жаҳон океани билан боғлайдиган Ҳормуз бўғозини блоклади. Бу бўғоз стратегик аҳамиятга эга, чунки у орқали Форс кўрфази нефть ишлаб чиқарувчи мамлакатларидан жаҳон бозорига нефть етказиб бериш амалга оширилади. Ушбу бўғоз орқали жаҳон нефти ва суюлтирилган табиий газининг тахминан 20 фоизи ўтади.
Трамп Эрондан Ҳормуз бўғозини кемачилик учун дарҳол очишни талаб қилиб, Эрондаги электр станцияларига зарба бериш билан таҳдид қилган. Эрон ҳукумати жавобан Форс кўрфази мамлакатларидаги энергетика объектларига зарба бериш билан таҳдид қилди. Шунингдек, Эрон ўз ороллари ёки соҳилларига ҳужум қилинган тақдирда Форс кўрфазини миналашини маълум қилди.
Эрон: Форс кўрфазида хавфсизлик учун барча воситалардан фойдаланамиз
Теҳрондаги «Хотам ал-Анбиё» ҳарбий қўмондонлик штаби расмийлари Эрон Форс кўрфазида хавфсизликни таъминлаш учун "барча мавжуд воситалардан" фойдаланишини маълум қилди.
"Эрон Ислом Республикаси Форс кўрфази минтақаси ва Умон ҳудудий сувларида тўлиқ ваколатга эга ва ташаббусни ўз қўлида ушлаб турибди, Ҳормуз бўғози устида оқилона ва қатъий назоратни амалга оширмоқда. Бундай даражадаги назорат ва имкониятлардан келиб чиқиб, Форс кўрфазини миналашга ҳожат йўқ. Бироқ, зарур бўлса, хавфсизликни таъминлаш учун барча мавжуд воситалардан фойдаланамиз. Қуролли кучлар АҚШ ва сионист рақиблар устидан назоратни амалга оширган ҳолда ва минтақавий мамлакатлар билан ҳамкорликда Форс кўрфазида хавфсизликни таъминлашга қодир, ҳамда минтақадан ташқари давлатлар бу соҳада аралашиш ҳуқуқига эга эмас", — деди «Хотам ал-Анбиё» қўмондонлик штаби матбуот котиби Эброҳим Золфақарий.
Аввалроқ Эрон парламенти спикери Моҳаммад-Багер Ғалибаф АҚШ президенти Дональд Трампнинг мамлакатлар можарони якунлаш бўйича музокаралар олиб бораётгани ҳақидаги баёнотини рад этган эди.