Трамп Эронга яна жуда кучли зарбалар берилиши ҳақида огоҳлантирди
Президент Доналд Трамп АҚШ Эрондаги мақсадларига “жуда яқин” тургани ва кейинги икки‑уч ҳафта давомида Эронга нисбатан “жуда кучли зарбалар” берилишини билдирди. У Эрон билан уруш бошланганидан кейинги илк мурожаатини 1 апрелда Оқ уйдан эълон қилди.
Трамп сўнгги ҳафталарда Исроил билан биргаликда олиб борилаётган “Эпик ғазаб” операциясини “тезкор ва ҳал қилувчи ғалабалар” деб атади. Унга кўра, Эроннинг ҳарбий салоҳияти жиддий заифлашган: флоти, ҳаво кучлари вайрон бўлган, режим раҳбарияти йўқ қилинган. Шунингдек, у Эроннинг ракета ва дрон имкониятлари кескин камайгани қўшимчалади.
Трамп ҳарбий амалиёт бошлаш қарорини Эроннинг ядровий қуролга яқинлашгани билан изоҳлади. У Эроннинг ракета дастури АҚШ ва Европа учун хавф туғдириши мумкинлигини таъкидлади. Шунингдек, Эронда норозиликларни бостириш чоғида “45 минг фуқаро ўлдирилганини” айтди.
Президент бензин нархининг ошганини тан олди ва бунга Эроннинг савдо кемалари ва қўшни давлатларга ҳужумларини сабаб қилди. АҚШ энергия жиҳатидан Яқин Шарққа боғлиқ эмаслигини, аммо иттифоқчиларни қўллаб‑қувватлаш учун минтақада қолишини билдирди. Шу билан бирга, у шерикларни Ҳурмуз бўғозини қайта очиш масъулиятини ўз зиммаларига олишга чақирди.
Трамп чиқишидан олдин бир қатор демократлар унинг мақсадлари ноаниқлигини, 13 америкалик ҳарбий ҳалок бўлганини ва юзлаб ярадорлар борлигини эслатиб, дарҳол Эрон билан ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралар бошлашга чақирди.
Трамп нутқида Эрондаги операцияда ҳалок бўлган 13 ҳарбийни хотирлаб, уларнинг яқинлари “мақсадлар тўлиқ бажарилмагунча урушни тўхтатмасликни” сўраганини айтди.
Мурожаат 1 апрель куни кечқурун 20 дақиқа давом этди. Украина мавзуси тилга олинмади.
Аввалроқ Трамп Эрон АҚШдан ўт очишни тўхтатишни сўраганини Truth Social тармоғидаги саҳифасида ёзган, аммо Эрон расмийлари буни рад этган.
28 феврал куни АҚШ Исроил билан биргаликда Эронга қарши ҳарбий операцияни бошлади. Зарбалар натижасида мамлакатнинг олий раҳбари, оятулло Али Хоманаий ҳалок бўлди, шунингдек, Эроннинг ҳарбий ва ядровий объектлари вайрон этилди. Эрон эса жавоб тариқасида АҚШ базалари ва Вашингтоннинг Форс кўрфази мамлакатларидаги иттифоқчилари инфратузилмасига зарбалар бермоқда.
Уфада дронлар нефть заводини нишонга олди
2 апрель кунига ўтар кечаси дронлар Бошқирдистон пойтахти Уфа шаҳрига зарба берди.
Telegram-каналлар Уфадаги нефтни қайта ишлаш заводи ва аҳоли яшайдиган турар-жойларда ёнғин чиққани акси этган фото ва видеоларни эълон қилмоқда.
Бошқирдистон раҳбари Радий Хабировнинг ёзишича, одамлар орасида жабрланганлар йўқ, заводни нишонга олган бир нечта дрон уриб туширилган.
Мониторинг каналлари маълум қилишича, гап “Роснефть” компаниясига қарашли “Башнефть-Новойл” заводи ҳақида кетмоқда.
Яна бир дрон Уфанинг Гафури туманидаги кўп қаватли уйга тегган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган кадрларда бир нечта хонадон ёнганини кўриш мумкин.
ASTRA Telegram-канали OSINT-таҳлилга таяниб, дрон урилган уй яқинида "Ростех" компаниясига тегишли “Уфа агрегат ишлаб чиқариш бирлашмаси” жойлашганини, у истребителлар учун жиҳозлар ишлаб чиқаришини маълум қилди. Ушбу завод АҚШ, Европа Иттифоқи, Украина, Буюк Британия, Канада, Швейцария ва Япония санкцияларига киритилган.
“Башнефть-Новойл” бундан аввал ҳам бир неча бор нишонга олинган. 2025 йил сентябрида завод ҳудудида ёнғин чиққан, ундаРадий Хабиров ёнғин уриб туширилган дрон сабаб юз берганини айтган.
ASTRA’нинг ёзишича, ушбу корхона яқинида “Башнефть-Уфанефтехим” ва “Башнефть-УНПЗ” заводлари ҳам жойлашган. Уларнинг барчаси Уфадаги “Башнефть” компанияси таркибига киради.
Россия Мудофаа вазирлиги 2 апрель куни Украинага тегишли 147 та дрон уриб туширилганини маълум қилди.
ЕИ Россиянинг музлатилган активларидан тушган 1,4 млрд еврони Украинага беради
Европа Иттифоқи Украинага 1,4 миллиард евро ажратади. Бу пул Россиянинг музлатилган активларидан тушган даромадлардан олинган солиқлар ҳисобидан йиғилган.
Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйеннинг айтишича, бу маблағ Украина армиясига ва мамлакатдаги асосий давлат хизматларини ишлатиб туришга сарфланади.
Bloomberg нашри 2023 йилда ёзишича, Евроиттифоқ Россиянинг музлатилган пулларини тўлиқ олиб қўйишга қонуний асос топа олмаган. Шунинг учун улар бу пуллардан тушган фойдани Украинага бериш вариантларини кўриб чиққан.
Украинада бошланган урш ортидан Ғарб давлатлари Россиянинг тахминан 260 миллиард евро активларини музлатган. Шундан 193 миллиард евро Белгиядаги Euroclear ҳисобларида сақланмоқда.
Россия эса бу пулларни Украина фойдасига ишлатилишини қоралайди ва бундай ҳаракатни “ўғрилик” деб атайди.
Рубио: АҚШ НАТО билан муносабатларини қайта кўриб чиқиши керак
АҚШ Эрондаги можаро тугагандан кейин НАТО билан муносабатларини, балки альянсга бўлган умумий позициясини қайтадан жиддий кўриб чиқишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда АҚШ давлат котиби Марко Рубио Fox News телеканалига берган интервьюсида айтди.
У АҚШнинг НАТОга аъзо бўлишини доим қўллаб-қувватлаб келганини, бу бирлашма аъзо давлатлар учун фойдали эканини таъкидлади. Бироқ Рубионинг сўзларига кўра, “Эрондаги операция НАТО бир томонлама ҳаракат қиладиган майдонга айланиб бораётганини кўрсатди. АҚШ ҳали ҳам Европани ҳимоя қиляпти, лекин Ғарбдаги ҳамкорлар ёрдам беришдан бош тортмоқда”.
“Бизга уларнинг ёрдами шарт эмас, биз улардан Эронга зарба беришни сўрамаганмиз. Лекин ўз базаларимиздан фойдаланишимизга ҳам рози эмаслар. У ҳолда нима учун НАТОдамиз? Савол шу: нега миллиардлаб доллар сарфлаяпмиз?” - деди у.
Испания Эронга қарши урушда мамлакат ҳудудидаги авиабазалардан фойдаланишни расман тақиқлаган. Италия эса яқинда америкалик ҳарбий самолётларнинг Сигонелла базасига қўнишга рухсат бермаган. Европадаги кўплаб НАТО аъзолари “бу бизнинг ишимиз эмас” деган позиция билан Эронга қарши операцияларга аралашмадилар.
Улар Эрондаги қаттиқ авторитар бошқарувни қўллаб-қувватламасликларини, унинг Исроил учун хавф туғдиришини тан олишади. Аммо операциялар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Хавфсизлик Кенгаши розилигисиз ва улар билан маслаҳатлашилмасдан ўтказилаётганини таъкидлашмоқда.
“Афсуски, можаро тугагандан кейин муносабатлар ва НАТОнинг давлатимиз учун аҳамиятини қайта кўриб чиқиш зарурати аниқ”, - деди Рубио. У якуний қарорни президент қабул қилишини қўшимча қилди.
АҚШ президенти Доналд Трамп сўнгги кунларда НАТОга аъзо давлатларни Эронга қарши операцияларда ёрдам бермагани учун танқид қилиб келмоқда.
Бундан аввал у альянсни “қоғоздаги йўлбарс” деб атаган ва Россия президенти Владимир Путин НАТОдан эмас, балки фақат АҚШдан қўрқишини айтган. Британиянинг The Telegraph нашрига берган интервьюсида Трамп яна альянсни танқид қилиб, Америка ундан чиқиш масаласини жиддий кўриб чиқиши мумкинлигини билдирган. У ушбу интервьюда Британия ҳукуматини ҳам танқид қилган.