Линклар

Шошилинч хабар
17 Aprel 2026, Тошкент вақти: 20:20

Жонли Исроил ва Ливан 10 кунлик сулҳга рози бўлди

Дунё хабарларини Ozodlik билан кузатинг.

Жаҳондаги энг муҳим воқеа-ҳодисалар, сиёсий баёнотлар, можаролар ва халқаро майдондаги сўнгги ўзгаришлар — барчаси ушбу жонли блогда тезкор янгиланиб боради.

Ozodlik халқаро кун тартибидаги асосий хабарлар, таҳлиллар ва муҳим маълумотларни кун давомида сизга етказади.

15:09 2.4.2026

Эрон бўйлаб ҳаводан зарбалар берилди

2 апрел тонггида АҚШ ва Исроил ҳаво зарбаларидан кейин Эроннинг турли ҳудудларида портлашлар, ҳалок бўлганлар ва ҳаво мудофааси фаоллашгани ҳақида хабарлар тарқади.

Теҳронда маҳаллий ахборот воситалари ҳаво мудофааси “душман мақсадларига” қарши ишга туширилганини маълум қилди. Пойтахтнинг айрим туманларида портлашлар ва электр таъминоти узилиши кузатилгани айтилди.

Эрон Қизил Ярим Ой жамиятининг маълум қилишича, охирги 24 соат ичида Теҳрон ва унинг атрофидаги ҳудудларга ҳужум бўлган.

Исфаҳон, Шаҳрезо, Кошон, Арон ва Бидгол, ҳамда Нажафобод шаҳарлари ҳам нишонга олингани хабар қилинди.

1 апрелда кечқурун Исроил армияси ҳаво кучлари охирги икки кунда Эроннинг ҳарбий инфратузилмасига 400 дан ортиқ зарба берганини, тахминан 650 та ўқ‑доридан фойдаланилганини маълум қилган.

Армия маълумотига кўра, бу зарбалар давомида Теҳрондаги ўнлаб объектлар, жумладан 15 га яқин қурол‑яроғ ишлаб чиқариш корхоналари ва Эрон Мудофаа вазирлигининг айрим бўлимлари нишонга олинган.

15:06 2.4.2026

БАА ҳаво таҳдидларига қарши курашаётганини маълум қилди

Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) Мудофаа вазирлиги 2 апрел куни мамлакат ҳаво мудофаа тизимлари ракета ва дрон “хавфларини” қайтарма зарбалар билан бартараф этаётганини маълум қилди.

“БААнинг ҳаво мудофааси ракета ва дрон таҳдидларига фаол равишда жавоб қайтармоқда”, — деб ёзди вазирлик ижтимоий тармоқдаги хабарда, аммо ракеталарнинг қаердан учирилгани ҳақида маълумот бермади.

28 февралда АҚШ ва Исроил Эронга қарши урушни бошлаганидан бери БАА ва бошқа кўрфаз давлатлари Эроннинг жавоб тариқасидаги ракета ва дрон ҳужумларига бир неча бор дуч келмоқда.

1 апрель куни АҚШ президенти Доналд Трамп Америка халқига қилган телемурожаатида АҚШ Эрон билан урушда кўрфаздаги араб иттифоқчилари ва Исроилнинг “зарар кўришига ёки мағлуб бўлишига” йўл қўймаслигини таъкидлаган.

14:22 2.4.2026

Трамп Эронга яна жуда кучли зарбалар берилиши ҳақида огоҳлантирди

Президент Доналд Трамп АҚШ Эрондаги мақсадларига “жуда яқин” тургани ва кейинги икки‑уч ҳафта давомида Эронга нисбатан “жуда кучли зарбалар” берилишини билдирди. У Эрон билан уруш бошланганидан кейинги илк мурожаатини 1 апрелда Оқ уйдан эълон қилди.

Трамп сўнгги ҳафталарда Исроил билан биргаликда олиб борилаётган “Эпик ғазаб” операциясини “тезкор ва ҳал қилувчи ғалабалар” деб атади. Унга кўра, Эроннинг ҳарбий салоҳияти жиддий заифлашган: флоти, ҳаво кучлари вайрон бўлган, режим раҳбарияти йўқ қилинган. Шунингдек, у Эроннинг ракета ва дрон имкониятлари кескин камайгани қўшимчалади.

Трамп ҳарбий амалиёт бошлаш қарорини Эроннинг ядровий қуролга яқинлашгани билан изоҳлади. У Эроннинг ракета дастури АҚШ ва Европа учун хавф туғдириши мумкинлигини таъкидлади. Шунингдек, Эронда норозиликларни бостириш чоғида “45 минг фуқаро ўлдирилганини” айтди.

Президент бензин нархининг ошганини тан олди ва бунга Эроннинг савдо кемалари ва қўшни давлатларга ҳужумларини сабаб қилди. АҚШ энергия жиҳатидан Яқин Шарққа боғлиқ эмаслигини, аммо иттифоқчиларни қўллаб‑қувватлаш учун минтақада қолишини билдирди. Шу билан бирга, у шерикларни Ҳурмуз бўғозини қайта очиш масъулиятини ўз зиммаларига олишга чақирди.

Трамп чиқишидан олдин бир қатор демократлар унинг мақсадлари ноаниқлигини, 13 америкалик ҳарбий ҳалок бўлганини ва юзлаб ярадорлар борлигини эслатиб, дарҳол Эрон билан ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралар бошлашга чақирди.

Трамп нутқида Эрондаги операцияда ҳалок бўлган 13 ҳарбийни хотирлаб, уларнинг яқинлари “мақсадлар тўлиқ бажарилмагунча урушни тўхтатмасликни” сўраганини айтди.

Мурожаат 1 апрель куни кечқурун 20 дақиқа давом этди. Украина мавзуси тилга олинмади.

Аввалроқ Трамп Эрон АҚШдан ўт очишни тўхтатишни сўраганини Truth Social тармоғидаги саҳифасида ёзган, аммо Эрон расмийлари буни рад этган.

28 феврал куни АҚШ Исроил билан биргаликда Эронга қарши ҳарбий операцияни бошлади. Зарбалар натижасида мамлакатнинг олий раҳбари, оятулло Али Хоманаий ҳалок бўлди, шунингдек, Эроннинг ҳарбий ва ядровий объектлари вайрон этилди. Эрон эса жавоб тариқасида АҚШ базалари ва Вашингтоннинг Форс кўрфази мамлакатларидаги иттифоқчилари инфратузилмасига зарбалар бермоқда.

14:09 2.4.2026

Уфада дронлар нефть заводини нишонга олди

2 апрель кунига ўтар кечаси дронлар Бошқирдистон пойтахти Уфа шаҳрига зарба берди.

Telegram-каналлар Уфадаги нефтни қайта ишлаш заводи ва аҳоли яшайдиган турар-жойларда ёнғин чиққани акси этган фото ва видеоларни эълон қилмоқда.

Бошқирдистон раҳбари Радий Хабировнинг ёзишича, одамлар орасида жабрланганлар йўқ, заводни нишонга олган бир нечта дрон уриб туширилган.

Мониторинг каналлари маълум қилишича, гап “Роснефть” компаниясига қарашли “Башнефть-Новойл” заводи ҳақида кетмоқда.

Яна бир дрон Уфанинг Гафури туманидаги кўп қаватли уйга тегган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган кадрларда бир нечта хонадон ёнганини кўриш мумкин.

ASTRA Telegram-канали OSINT-таҳлилга таяниб, дрон урилган уй яқинида "Ростех" компаниясига тегишли “Уфа агрегат ишлаб чиқариш бирлашмаси” жойлашганини, у истребителлар учун жиҳозлар ишлаб чиқаришини маълум қилди. Ушбу завод АҚШ, Европа Иттифоқи, Украина, Буюк Британия, Канада, Швейцария ва Япония санкцияларига киритилган.

“Башнефть-Новойл” бундан аввал ҳам бир неча бор нишонга олинган. 2025 йил сентябрида завод ҳудудида ёнғин чиққан, ундаРадий Хабиров ёнғин уриб туширилган дрон сабаб юз берганини айтган.

ASTRA’нинг ёзишича, ушбу корхона яқинида “Башнефть-Уфанефтехим” ва “Башнефть-УНПЗ” заводлари ҳам жойлашган. Уларнинг барчаси Уфадаги “Башнефть” компанияси таркибига киради.

Россия Мудофаа вазирлиги 2 апрель куни Украинага тегишли 147 та дрон уриб туширилганини маълум қилди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG