АҚШ ҳукумати Ироқдаги фуқароларини мамлакатни тарк этишга чақирди
АҚШ ҳукумати Ироқдаги ўз фуқароларига огоҳлантириш берди. Баёнотга кўра, “Эронга мойил бўлган ироқлик террорчи гуруҳлар келаси 24–48 соат ичида Боғдод марказида ҳужумлар уюштириши мумкин”.
2 апрель куни X ижтимоий тармоғида эълон қилинган хавфсизлик огоҳлантирувида шундай дейилади: "Улар АҚШ фуқаролари, бизнеслари, университетлари, дипломатик муассасалари, энергетика инфратузилмаси, меҳмонхоналар, аэропортлар ва Америка билан боғлиқ деб ҳисобланган бошқа жойларни, шунингдек ироқлик муассасалар ва фуқаролик объектларини нишонга олиши мумкин”.
Огоҳлантирувда Иордания, Қувайт, Саудия Арабистони ва Туркияга чиқиш йўллари очиқ экани, аммо “узоқ навбатлар ва кечикишларга” тайёр бўлиш кераклиги айтилди.
Эрон бўйлаб ҳаводан зарбалар берилди
2 апрел тонггида АҚШ ва Исроил ҳаво зарбаларидан кейин Эроннинг турли ҳудудларида портлашлар, ҳалок бўлганлар ва ҳаво мудофааси фаоллашгани ҳақида хабарлар тарқади.
Теҳронда маҳаллий ахборот воситалари ҳаво мудофааси “душман мақсадларига” қарши ишга туширилганини маълум қилди. Пойтахтнинг айрим туманларида портлашлар ва электр таъминоти узилиши кузатилгани айтилди.
Эрон Қизил Ярим Ой жамиятининг маълум қилишича, охирги 24 соат ичида Теҳрон ва унинг атрофидаги ҳудудларга ҳужум бўлган.
Исфаҳон, Шаҳрезо, Кошон, Арон ва Бидгол, ҳамда Нажафобод шаҳарлари ҳам нишонга олингани хабар қилинди.
1 апрелда кечқурун Исроил армияси ҳаво кучлари охирги икки кунда Эроннинг ҳарбий инфратузилмасига 400 дан ортиқ зарба берганини, тахминан 650 та ўқ‑доридан фойдаланилганини маълум қилган.
Армия маълумотига кўра, бу зарбалар давомида Теҳрондаги ўнлаб объектлар, жумладан 15 га яқин қурол‑яроғ ишлаб чиқариш корхоналари ва Эрон Мудофаа вазирлигининг айрим бўлимлари нишонга олинган.
БАА ҳаво таҳдидларига қарши курашаётганини маълум қилди
Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) Мудофаа вазирлиги 2 апрел куни мамлакат ҳаво мудофаа тизимлари ракета ва дрон “хавфларини” қайтарма зарбалар билан бартараф этаётганини маълум қилди.
“БААнинг ҳаво мудофааси ракета ва дрон таҳдидларига фаол равишда жавоб қайтармоқда”, — деб ёзди вазирлик ижтимоий тармоқдаги хабарда, аммо ракеталарнинг қаердан учирилгани ҳақида маълумот бермади.
28 февралда АҚШ ва Исроил Эронга қарши урушни бошлаганидан бери БАА ва бошқа кўрфаз давлатлари Эроннинг жавоб тариқасидаги ракета ва дрон ҳужумларига бир неча бор дуч келмоқда.
1 апрель куни АҚШ президенти Доналд Трамп Америка халқига қилган телемурожаатида АҚШ Эрон билан урушда кўрфаздаги араб иттифоқчилари ва Исроилнинг “зарар кўришига ёки мағлуб бўлишига” йўл қўймаслигини таъкидлаган.
Трамп Эронга яна жуда кучли зарбалар берилиши ҳақида огоҳлантирди
Президент Доналд Трамп АҚШ Эрондаги мақсадларига “жуда яқин” тургани ва кейинги икки‑уч ҳафта давомида Эронга нисбатан “жуда кучли зарбалар” берилишини билдирди. У Эрон билан уруш бошланганидан кейинги илк мурожаатини 1 апрелда Оқ уйдан эълон қилди.
Трамп сўнгги ҳафталарда Исроил билан биргаликда олиб борилаётган “Эпик ғазаб” операциясини “тезкор ва ҳал қилувчи ғалабалар” деб атади. Унга кўра, Эроннинг ҳарбий салоҳияти жиддий заифлашган: флоти, ҳаво кучлари вайрон бўлган, режим раҳбарияти йўқ қилинган. Шунингдек, у Эроннинг ракета ва дрон имкониятлари кескин камайгани қўшимчалади.
Трамп ҳарбий амалиёт бошлаш қарорини Эроннинг ядровий қуролга яқинлашгани билан изоҳлади. У Эроннинг ракета дастури АҚШ ва Европа учун хавф туғдириши мумкинлигини таъкидлади. Шунингдек, Эронда норозиликларни бостириш чоғида “45 минг фуқаро ўлдирилганини” айтди.
Президент бензин нархининг ошганини тан олди ва бунга Эроннинг савдо кемалари ва қўшни давлатларга ҳужумларини сабаб қилди. АҚШ энергия жиҳатидан Яқин Шарққа боғлиқ эмаслигини, аммо иттифоқчиларни қўллаб‑қувватлаш учун минтақада қолишини билдирди. Шу билан бирга, у шерикларни Ҳурмуз бўғозини қайта очиш масъулиятини ўз зиммаларига олишга чақирди.
Трамп чиқишидан олдин бир қатор демократлар унинг мақсадлари ноаниқлигини, 13 америкалик ҳарбий ҳалок бўлганини ва юзлаб ярадорлар борлигини эслатиб, дарҳол Эрон билан ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралар бошлашга чақирди.
Трамп нутқида Эрондаги операцияда ҳалок бўлган 13 ҳарбийни хотирлаб, уларнинг яқинлари “мақсадлар тўлиқ бажарилмагунча урушни тўхтатмасликни” сўраганини айтди.
Мурожаат 1 апрель куни кечқурун 20 дақиқа давом этди. Украина мавзуси тилга олинмади.
Аввалроқ Трамп Эрон АҚШдан ўт очишни тўхтатишни сўраганини Truth Social тармоғидаги саҳифасида ёзган, аммо Эрон расмийлари буни рад этган.
28 феврал куни АҚШ Исроил билан биргаликда Эронга қарши ҳарбий операцияни бошлади. Зарбалар натижасида мамлакатнинг олий раҳбари, оятулло Али Хоманаий ҳалок бўлди, шунингдек, Эроннинг ҳарбий ва ядровий объектлари вайрон этилди. Эрон эса жавоб тариқасида АҚШ базалари ва Вашингтоннинг Форс кўрфази мамлакатларидаги иттифоқчилари инфратузилмасига зарбалар бермоқда.