Азов денгизидаги кема ҳалокатида икки киши ўлди
Азов денгизида буғдой ортган "Волго-Балт" кемаси ҳалокатга учрагани ҳақида Украинанинг Херсон вилоятининг оккупация қилинган қисмига Россия томонидан тайинланган раҳбари Владимир Салдо хабар берди.
ТАСС агентлиги фавқулодда хизматларга таяниб, экипажда 11 киши бўлгани ва охирги маълумотларга кўра, уларнинг иккитаси ҳалок бўлганини ёзди. Қолганлари қайиқ орқали эвакуация қилиниб, соҳилга олиб чиқилган.
Салдонинг айтишича, экипаж аъзоларининг барчаси Россия фуқаролари.
Россиянинг фавқулодда хизматлари кема ҳалокатига дрон зарбаси сабаб бўлганини билдирмоқда. Ҳужум пайтида кема аннексия қилинган Қрим ҳудудида, Керч бўғозидан 300 мил шимолда сузиб юрган.
Эронда уриб туширилган F‑15E учувчисидан бири қутқарилди
Америкалик расмийнинг “Озод Европа/Озодлик радиоси”га маълум қилишича, 3 апрел куни Эрон устидан уриб туширилган ҳарбий самолёт экипажининг бир аъзоси қутқарилган. Иккинчи учувчи қидирилмоқда. Яна бир америкалик расмий самолёт икки ўринли F‑15E эканини айтди.
Аввалроқ расмий Теҳрон америкалик учоқ қулатилганини эълон қилиб, экипаж аъзоларини қўлга олган фуқароларга мукофот ваъда қилган эди.
Бу - Эрон билан ҳозирги қуролли тўқнашув бошланганидан бери АҚШ самолёти уриб туширилгани ҳақидаги биринчи маълум ҳолат.
CBS, Reuters ва Исроил ахборот воситалари ҳам америкалик расмийларга таяниб, экипаж аъзоларидан бири қутқарилганини хабар қилди.
Айрим манбаларга кўра, қутқарув операциясида махсус кучлар ҳам иштирок этган. Шунингдек, Эрон ҳаво мудофааси зарбаси натижасида Black Hawk вертолётига зарар етгани, аммо у базасига қайтишга муваффақ бўлгани айтилган.
CBS манбаси кейинроқ учувчи вертолёт орқали эвакуация қилинганини ва вертолёт ердан отилган ўққа дуч келганини тасдиқлади. Экипаж аъзоларидан бири яраланган, лекин вертолёт базасига етиб борган.
Пентагон ва АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги ҳозирча самолёт уриб туширилганини расман тасдиқламаган. Оқ уй эса президент Доналд Трамп вазиятдан хабардорлигини маълум қилди холос.
CBS ёзишича, Исроил қутқарув операцияси давомида Эроннинг тегишли ҳудудларига авиаҳужумларни вақтинча тўхтатган.
The New York Times газетаси Форс кўрфази минтақасида яна бир америкалик ҳарбий самолёт қулагани ҳақида жума куни кечқурун хабар берди. Унда ягона учувчи бўлган ва у ҳам қутқарилгани айтилмоқда. Манбаларга кўра, бу A‑10 Warthog учоғи бўлиб, Ҳурмуз бўғози яқинида қулаган. У уриб туширилганми ёки бошқа сабаб билан қулаганми, маълумот берилмаган.
Краматорск: Россия ҳужумлари оқибатида 6 киши ҳалок бўлди
Украинанинг Донецк вилоятидаги Краматорск шаҳрига Россия авиацияси томонидан 3 апрелда берилган зарбалар натижасида олти киши ҳалок бўлди.
Кундуз куни ташланган бомба икки кишини ўлдирган. Кечқурунги ҳужумда яна тўрт киши ҳалок бўлган. Уларнинг бири 16 яшар ўсмир эканини Донецк вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Вадим Филашкин маълум қилди. Унинг айтишича, шаҳарга тўртта бошқариладиган авиабомба ташланган.
Краматорск - Донецк вилоятида Украина назоратида қолган энг йирик аҳоли пункти ҳисобланади. Фронт чизиғидан тахминан 10–15 километр узоқликда жойлашган бу шаҳар мунтазам равишда ўққа тутилади ва авиаҳужумларга учрайди.
Россия томони бу айбловларга ҳозирча муносабат билдирмади. Одатда Москва Украинада фуқаролик инфратузилмасига қасддан зарба берилаётганини инкор этиб, ҳарбий объектлар нишонга олинишини таъкидлаб келади.
Уруш шароитида хабарларни мустақил текшириш имконияти мавжуд эмас.
Татарстондаги портлаш қурбонлари етти кишига етди
Татаристондаги “Нижнекамскнефтехим” заводидаги портлашда ўлганлар сони жума кунги маълумотларга кўра, етти кишига етди. Яна беш киши бедарак йўқолган.
“Сибур Нижнекамск – Нижнекамскнефтехим” компанияси кимё заводи ҳудудида 31 мартда куни юз берган портлашдан кейин 24 киши касалхонага тушганини билдирди. Улар Нижнекамск, Қозон ва Москва шифохоналарига ётқизилган.
Аввалроқ 3 киши ҳалок бўлгани ва 70 дан ортиқ одам жароҳат олгани ҳақида хабар берилган эди. 1 апрель куни Нижнекамскда уч кунлик мотам эълон қилинган.
Расмий маълумотларга кўра, ҳодисага “жихозлардаги носозлик” сабаб бўлган.
“Нижнекамскнефтехим” ПАО СИБУР компаниясига тегишли. Ишхона сайтидаги маълумотга қараганда, у дунёдаги энг йирик синтетик каучук ишлаб чиқарувчилардан бири ҳисобланади. Шунингдек, у Россия саноат вазирлиги ҳарбий-саноат корхоналари рўйхатига киритилган.